Ўтган ҳафта Покистон ҳукумати дунёнинг энг ифлос шаҳарларидан бири саналган шарқий Панжоб провинцияси пойтахти Лаҳорда ҳаво сифатини яхшилаш учун биринчи марта сунъий ёмғир ёғдирди, деб ёзмоқда The Guardian. «Газета.uz» Guardian ва Washington Post нашрларидаги асосий маълумотларни келтиради.

Лаҳорнинг ўнта туманида сунъий ёмғир ёғдириш учун булутларда конденсация жараёнини тезлаштирадиган «булут экиш» технологиясидан фойдаланилди.

Булутлар қандай экилади?

Самолётлар ёки пурковчи мосламалар ёрдамида булутларга туз реагенти сепилади. Мавсумга кўра турли моддалар пуркалиши мумкин: ёзда сув билан аралаштирилган ош тузи, қишда бўлса кумуш йодид. Бир неча соатдан сўнг модда булутлар билан бирлашиб, ёмғир чақирувчи туманни пайдо қилади.

Бундай амалиёт олдин турли йилларда Яқин Шарқ, Хитой, Ҳиндистон ва АҚШда қўлланган.

Бироқ, баъзи тадқиқотчилар таъкидлаганидек, жараён ўзини оқлаши учун ҳарорат ва намлик талаб даражасида бўлиши керак. Бундан ташқари, заррачаларда конденсация ҳосил қилиш учун сепиладиган модда ҳажми мос бўлиши талаб этилади.

Панжоб ҳукуматига кумуш йодидни пуркашга кўмаклашган БАА мутахассислари Лаҳорда қулай об-ҳаво шароитлари кузатилишини икки ҳафтача кутишига тўғри келди.

Панжоб атроф-муҳит вазири Билал Афзалнинг сўзларига кўра, Лаҳорда жараён муваффақиятли кечди, аммо ёғингарчилик у қадар кўп бўлмади. Умуман олганда, ёмғир шаҳардаги ҳаво сифатини бироз яхшилади: ифлосланиш кўрсаткичлари 300 мкг/м3 дан 189 мкг/м3 гача тушди. Аммо бу кўпга чўзилмай, рақамлар бир неча кундан кейин эски ҳолатга қайтди.

«Лаҳор яқинда яшаш учун яроқсиз бўлиб қолади»

13 миллиондан ортиқ аҳолига эга Лаҳор Покистоннинг энг йирик шаҳарларидан биридир. У бир вақтлар «боғлар шаҳри» сифатида танилган, аммо кейинчалик мамлакатнинг, сўнг дунёнинг энг ифлосланган шаҳрига айланди.

Дунёнинг 7000 дан ортиқ шаҳарларида ҳаво сифатини назорат қилувчи Швейцариянинг IQAir компанияси маълумотларига кўра, Лаҳор мунтазам равишда ҳавонинг ифлосланиши бўйича глобал рейтингда биринчи ўринда туради.

Air Quality Life Index маълумотларини эълон қилувчи Чикаго университетининг ҳисоб-китобларига кўра, бундай ҳаво туфайли Лаҳор аҳолисининг ўртача умр кўриш давомийлиги 7 йилдан кўпроққа камайиши мумкин.

Булут экиш технологиясини қўллашдан олдин провинция маъмурияти вазиятни мисли кўрилмаган чоралар билан ҳал қилишга уриниб кўрди, деб ёзмоқда The Washington Post (WaPo). Декабрь ойи бошига келиб, шаҳардаги ҳаво сифати шунчалик ёмонлашганки, мактаблар ва бозорлар ёпилган, транспорт ҳаракати чекланган. Лекин бу ёрдам бермади.

Лаҳорлик 41 ёшли қурувчи-инженер Башир Аҳмаднинг The Washington Post нашрига билдиришича, у бир неча ҳафта давомида ўткир ҳидли ҳаводан нафас олгач, томоғида оғриқ ва доимий йўтал пайдо бўлган. «Касалхона менга ўхшаган беморларга тўлиб кетди, — дейди у. — Агар расмийлар қўшимча чораларни кўрмаса, Лаҳор яқинда яшаш учун яроқсиз ҳолга келади».

Аҳмаднинг сўзларига кўра, ҳозирги инқироз ҳукуматнинг йиллар давомида атроф-муҳитга эътиборсизлиги, жумладан, шаҳарнинг яшил боғларини бузиб, ўрнига савдо марказлари ва магистрал йўлларга устуворлик бергани оқибатидир.

Маҳаллий экологик гуруҳлар маълумотларига кўра, сўнгги ўнйилликларда Лаҳор ўз яшиллигининг 75 фоизини йўқотди. Фаоллар дарахтлар кесилиб, яшил майдонлар қисқартирилишдан ташқари, шаҳардаги ҳаво сифати бузилганида автомобиллардан чиқаётган газлар, қурилиш майдончаларидан чиқаётган чанг, фабрикалардаги заҳарли чиқиндилар ва мавсумий экинлар қолдиқларининг ёқиб юборишини ҳам сабаб сифатида кўрсатмоқда.

Қишлоқ хўжалиги бўйича иқтисодчи Кашиф Саликнинг WaPo`га берган изоҳига кўра, Покистондаги «кучли манфаатларга эга гуруҳлар» автомобиль чиқинди газлари, қурилиш лойиҳалари ва деҳқончиликка нисбатан таъсирчан чекловларни киритишга тўсқинлик қилиб келмоқда.

«Мамлакатимизда транспорт ва қурилиш мафиялари бор. Ҳукуматда ниҳоят уларга қарши туришдан бошқа илож қолмади», — дейди у.