Марказий банки тижорат банклари, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларидан «мижознинг розилигисиз ва уни огоҳлантирмаган ҳолда» кредит ва бошқа қарзларни тўлаш учун қарз олувчининг картасидан пул маблағларини «акцептсиз ечиб олиш» амалиётига чек қўйишни талаб қилди.

21 декабрь куни Марказий банк бошқарув раиси ўринбосари тегишли хатни имзолади, деб ёзмоқда Bankers.uz. Марказий банк маълумотни «Газета.uz»га тасдиқлади.

Хатда тижорат банклари томонидан фуқароларнинг банк карталаридан маблағларни масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали кредит тўловлари учун автоматик тарзда ҳисобдан чиқариш (автотўлов) жараёнларида амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилаётгани, бу борада бир неча бор мурожаатлар келиб тушаётгани қайд этилган.

Бундан ташқари, айрим банклар суғурта полисини кредит таъминоти сифатида қабул қилади. Ушбу кредитлар белгиланган муддатда қайтарилмаган тақдирда, суғурта ташкилоти тижорат банки олдидаги кредит қарздорлигини тўлиқ қоплаб беради. Натижада банкнинг мажбурият (кредит) бўйича қарз олувчига бўлган ҳуқуқлари суғурта ташкилотига ўтади, суғурта ташкилоти эса қарз олувчининг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олади. Бу каби ҳолатлар танқид қилинган.

Фуқаролик кодексининг 783-моддасига кўра, мижознинг топшириғисиз ҳисобварақда турган пул маблағларини ўчиришга суднинг қарори билан, шунингдек, ушбу кодексда ёки бошқа қонунда белгилаб қўйилган ёхуд банк билан мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Қарз олувчи билан суғурта ташкилоти ўртасида қарз олувчининг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олиш юзасидан шартнома тузилмаган ва бундай ҳуқуқнинг нобанк ташкилотларига берилиши қонунчиликда ҳам кўзда тутилмаган.

Хатда, шунингдек, айрим тўлов ташкилотлари суғурта ташкилотларини E-POS махсус терминаллари (мобил иловалар ёки веб сайтлар орқали тўловлар учун виртуал терминаллар) билан таъминлаб бергани, бунинг ёрдамида «суғурталовчилар» қарз олувчиларнинг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олиши мумкинлиги қайд этилган.

Банклар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминламаган ҳолда банк карталаридан пул маблағлари ҳисобдан чиқарилишига (шунингдек, бундай имкониятни суғурта ташкилотлари учун яратилишига) йўл қўяётгани истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисобланади. Бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган банкларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилади, деб таъкидлади Марказий банк.

Марказий банкнинг «Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида»ги низомига кўра, банк томонидан кредитлар, микроқарзлар ва лизинг бўйича қарздорликларни сўндиришда автотўлов усулидан фойдаланганда маблағларни кейинги иш кунида ҳисобдан чиқариши шарт. Бунда банк ҳисобварақ (омонат, карта) эгасига маблағ қандай сабабларга асосан ва кимнинг фойдасига чиқарилганини кўрсатган ҳолда хабарнома юбориши шарт. Марказий банк бошқарув раиси ўринбосари бу борада тегишли кўрсатма хатлари ўтган йилнинг март ойида ва жорий йилнинг январь ойида тижорат банкларига юборилганини айтган.

Хат охирида Марказий банк банклардан қуйидагиларни талаб қилган:

  • фуқароларнинг банк карталарини (тижорат банки билан тузилган ўзаро шартнома ёки оферта асосида) автотўлов хизматига уланиши тўғрисида SMS хабарнома орқали ўз вақтида хабардор қилиш;
  • автотўлов хизмати орқали амалга ошириладиган тўловларда «қайси кредит тўлови учун ва кимнинг фойдасига» ундирилаётгани ҳақида SMS тарзида банк карта эгасига хабарнома жўнатилиши ҳамда карта эгаси розилик берган тақдирда тўловни амалга ошириш механизмини яратиш;
  • хатарларни минималлаштириш ҳамда фирибгарликни олдини олиш мақсадида тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари мобил иловадан фойдаланувчи сифатида рўйхатдан ўтишда, мобил иловага банк карталарини бириктиришда, микроқарз, кредит расмийлаштириш амалга оширилганда мижозларни идентификациялаш учун қўшимча тарзда Face ID механизмини жорий этиш;
  • мижозларга микроқарз ва кредит ажратишда унинг яқин қариндошлари ёки таниш-билишларининг мобил рақамини тизимга киритишдан аввал уларнинг рақамларига тасдиқловчи код юбориш ва улар рози бўлганда жараёнларни давом эттириш;
  • банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиш жараёнида қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилиш.

Марказий банк 29 декабрга қадар банклардан мазкур кўрсатмалар ижроси назорати борасида ҳисобот тақдим этилишини талаб қилди ва акс ҳолда улар тўлов тизимларидан узилиши ёки жарималар қўлланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, банклар кредит ва кафиллик шартномаларида Марказий банкка маълум бўлган «мижознинг розилигисиз ва уни огоҳлантирмаган ҳолда унинг картасидан кредит ва бошқа қарз тўловлари учун маблағларни акцептсиз ечиб олиш шартлари»ни назарда тутади.

«Суғурта ташкилоти тижорат банкига ёмон қарздорнинг кредит қарздорлигини тўлиқ қоплаб бергандан кейин қарз олувчининг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олаётган бўлса, бу ерда банкларнинг айби нима? Ва ўзи суғурта ташкилотлари ёмон қарздорга нисбатан ўзларининг регресс ҳуқуқларини ишга солмасликлари керакми?» — дея савол қўйди у.

Бакировнинг фикрига кўра, бу ёндашув виждонли қарз олувчиларга таъсир қилиши мумкин, чунки «ёмон қарздорлар» манфаатларини ҳимоя қилиш орқали кредит маҳсулотлари қимматлашади.