Президент Шавкат Мирзиёев 25 декабр куни 2024 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 21 ноябрда, Сенат томонидан 20 декабрда маъқулланган, дея хабар берди Адлия вазирлиги «Газета.uz»га.

2024 йил давлат бюджети, бюджет, шавкат мирзиёев

Келгуси йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши 5,6−5,8 фоиз (1,3 квадриллион сўм), 2025−2026 йилларда эса мос равишда 6,2 ва 6,4 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Саноатнинг ўсиш суръатлари 6 фоиз, хизмат кўрсатиш соҳасида 6,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4 фоиз бўлиши кутилмоқда.

2024 йилда инфляция 8−10 фоиз, 2025 йилда 7,5−8,5 фоиз, 2026 йилда 5−7 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Ҳужжатда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари келтирилган.

Консолидациялашган бюджет тақчиллигини (давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини ўз ичига олади) 2024 йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоиздан 4 фоизгача, 2025−2026 йилларда эса 3 фоизгача қисқартириш режалаштирилмоқда. Ҳозирча ҳукумат тақчилликни 3 фоизгача қисқартира олмади, гарчи бундай мақсад 2022 йилдан бошлаб давлат бюджетида тасдиқланиб келаётган бўлса-да.

Келгуси йилда Ўзбекистон қарз эвазига кўпроқ кредит жалб қилиши мумкин. Жорий йилда давлат томонидан кафолатланган ташқи қарзларни жалб қилиш чегараси 4,5 млрд доллар бўлган бўлса, ҳукумат лимитга ушлаб туролмагани ва харажатларни кескин оширгани туфайли кўрсаткич 5,5 млрд долларгача оширилди. Шундан 3 млрд доллар давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 2,5 млрд доллар эса инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилди.

2024 йилда лимит 5 млрд доллар — бюджетни қўллаб-қувватлаш ва инвестиция лойиҳалари йўналишида ҳар бири учун 2,5 млрд доллардан этиб белгиланди. Давлат қарз портфелини диверсификация қилиш ва валюта рискларини камайтириш мақсадида Ўзбекистон номидан муомалага чиқарилган давлат қимматли қоғозларининг максимал соф ҳажми 2024 йил учун 25 трлн сўм (2023 йил учун — 17 трлн сўм эди) миқдорида белгиланди.

Аввал хабар қилинганидек, базавий солиқ ставкалари ўрта муддатли истиқболда ўзгаришсиз қолади. Шу боис, даромадларни кўпайтириш мақсадида бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, берилган солиқ ва божхона имтиёзларини уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш ва босқичма-босқич бекор қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, солиқ ва бюджет сиёсатини Жаҳон савдо ташкилоти талабларига босқичма-босқич мувофиқлаштириш режалаштирилмоқда.

Давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан макроиқтисодий хавфсиз даражадан — 60 фоиздан, ўрта муддатли истиқболда эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоиздан ошмаслиги керак.

Қорақалпоғистоннинг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳар бюджетига ўтказиладиган солиқлар улуши ўзгартирилмоқда:

  • Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушган тушумларнинг (жисмоний шахслар мол-мулкни ижарага беришдан олинган йиллик даромадлар тўғрисидаги декларация асосан тўлайдиган, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ташқари) Навоий вилоятида 55 фоизи (2023 йилда 80 фоиз), Тошкент вилоятида 38 фоизи (63 фоиз), Тошкент шаҳрида 11 фоизи (8 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда 100 фоизи (100 фоиз);
  • Фойда солиғидан тушган тушумларнинг (президент қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистонда доимий муассаса орқали ишлайдиган норезидентлар томонидан, шунингдек норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари) Навоий вилоятида 61 фоизи (75 фоиз), Тошкент вилоятида 39 фоиз (63 фоиз), Тошкент шаҳрида 11 фоизи (8 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 100 фоизи (100 фоиз) ўтказилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақиллигини ошириш ва маҳаллий бюджетлар балансини таъминлаш мақсадида Солиқ қўмитаси ва Кадастр агентлигининг ҳудудий органларини, президентнинг ҳудудлардаги Халқ қабулхоналарини, профессионал мактаблар, коллеж ва техникумларни сақлаш харажатлари, шунингдек, суд органлари раҳбарларининг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджетлардан молиялаштирилади.

Болалар нафақалари ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлаш, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тизим ташкилотларини (Меҳрибонлик уйлари ва болалар уйлари, вояга этмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий меҳрибонлик уйлари), шунингдек сув хўжалиги ташкилотларини ва маҳаллаларни ННТ сифатида сақлаш харажатлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари

2024 йил давлат бюджети, бюджет, шавкат мирзиёев

Мазкур мақсад ва йўналишлардан келиб чиқиб, 2024 йил учун бюджетлараро трансфертлардан ташқари, консолидациялашган бюджет даромадлари (давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини ўз ичига олади) 375,03 трлн сўм, харажатлари эса 427,64 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, кутилаётган даромадлар суммаси 2024 йил учун аввалги прогнозга нисбатан 21,33 трлн сўм, харажатлар суммаси эса 40,443 трлн сўмга кўп.

Бюджетнинг ўзининг даромадлари 270,4 трлн сўмни, харажатлари эса 280,7 трлн сўмни ташкил этади.

Давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари 65,2 трлн сўм, харажатлари 96,1 трлн сўм миқдорида режалаштирилган. Шу билан бирга, мазкур жамғармаларга республика бюджетидан 32,1 трлн сўм трансфертлар йўналтириш кўзда тутилган.

Пенсия жамғармасининг бюджетдан ташқари даромадлари 46,8 трлн сўм, харажатлари эса 63,1 трлн сўм бўлиши кутилмоқда.

Давлат дастурлари бўйича ташқи қарзлар ҳисобидан режалаштирилган харажатлар 1,5 баробарга — 11,7 трлн сўмгача (2023 йилда — 7,8 трлн сўм эди) ошади.

Консолидациялашган бюджетнинг тақчиллиги чегараси 52,6 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоизни (аввалроқ 33,5 трлн сўм бўлиши кутилган бўлсада) ташкил қилиши керак. Давлат бюджетининг ўзи 10,3 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,7 фоиз, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджети эса 30,56 трлн сўм (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,3 фоиз) тақчиллик билан режалаштирилган.

Тақчилликни давлатнинг ички ва ташқи қарзлари, давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан қоплаш режалаштирилган.

Давлат қарзини тўлаш харажатлари 19,17 трлн сўмдан 32,27 трлн сўмгача ошади (гарчи ўтган йили давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 31,5 трлн сўмгача ошиши прогноз қилинган бўлса-да).

2024 йил давлат бюджети, бюджет, шавкат мирзиёев

Солиқ тушумлари ҳажми 212,6 трлн сўм даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда, бу 2023 йил прогнозига нисбатан 29,2 трлн сўмга кўп. Фойда солиғи тушумлари Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари бўйича 18,27 трлн сўмни ҳисобга олганда 39,7 трлн сўмгача ошиши прогноз қилинмоқда. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича прогноз 9,98 трлн сўмдан 15,9 трлн сўмгача кўтарилди.

ҚҚС бўйича тушумлар 74,04 трлн сўм (2023 йил учун прогноз 63,7 трлн сўм), акциз солиғи бўйича 17,5 трлн сўм (13,98 трлн сўм), божхона божи 14,8 трлн сўм (5,7 трлн сўм) бўлиши кутилмоқда.

НКМК ва ОКМК дивидендлари 2023 йилда прогноз қилинган 29,5 трлн сўмдан 2024 йилдаги 23,75 трлн сўмгача камаяди.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 октябр куни бўлиб ўтган йиғилишда эндиликда давлат бюджетининг ҳар бир банди бўйича аниқ шахслар жавобгар бўлишини айтганди. У бюджет интизомини кучайтириш бўйича ўзгартиришларни қабул қилишни буюрди ва агар бюджет маблағларидан фойдаланиш режалаштирилган бўлса, тўғридан-тўғри шартномалар тузишни тақиқлаганди.