Мактаблардаги биология ва тарбия фанлари оилага тайёргарликни таъминловчи мавзулар гуруҳи билан тўлдирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг 21 декабрдаги оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш тўғрисидаги қарорида сўз боради.

Бундан ташқари, умумтаълим мактабларидаги юқори синфлар учун она тили ва адабиёти ҳамда чет тили фанларини ўқитиш бўйича мавзуларни танлашда «оиланинг муқаддаслиги, оила аъзоларининг бир-бирлари олдидаги маънавий жавобгарлигини ёритувчи мавзуларга» устуворлик берилади.

Шунингдек, қарорда киноижодкорларга хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий фаолликка чорловчи, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаолияти оиладаги тинчлик ва Ватан равнақига ижобий ҳисса қўшиши, яқинлари кўмаги билан юксак ютуқларга эришган хотин-қизларнинг ҳаётини ёритувчи, оилавий зўравонликни қораловчи кинофильм ва ижтимоий рекламаларни ишлаб чиқиш тавсия этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Сенат ва Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича республика комиссияси раҳбари Танзила Нарбаева жинсий тарбия табу мавзу бўлмаслиги кераклигини айтганди. Унинг таъкидлашича, мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб «ёшга қараб» тушунтириш ишлари олиб борилиши, мактаб ва олий ўқув юртларида оилани шакллантириш, репродуктив саломатлик, туғиш, сақланиш, қариндошлар ўртасидаги никоҳ ва бошқа масалалар муҳокама қилиниши зарур.

Бироқ мавзу юзасидан келиб чиққан қизғин оммавий мунозаралар, эҳтимол, бу фан мактаб ўқув дастурларига киритилмаслигига сабаб қилган.

2022 йилда 2026 йилгача ўсмирлар саломатлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилиш стратегияси лойиҳаси муҳокамаси чоғида жинсий тарбия мавзуси яна кўтарилганди.

«Комплекс жинсий таълим соғлом хулқ-атворни шакллантиришга, жинсий ва репродуктив саломатлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилишга ёрдам беради, хусусан, ОИВ инфекцияси ва ўспирин ҳомиладорлиги ҳолатларини камайтириш орқали жинсий ва репродуктив саломатлик кўрсаткичларини яхшилайди», — деган эди ўшанда ЮНИСEФ офисининг минтақавий маслаҳатчиси Габриэль Фонтана.