Ўзбекистонда давлат органларининг раҳбарлик лавозимларидаги аёллар улуши 2030 йилга қадар 30 фоизгача етказилиши мумкин. Бу президентнинг 21 декабрдаги «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Хусусан, 2030 йилгача ҳар бир давлат органи, ташкилот ва корхонасида, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи, суд тизимида ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда бошқарув ходимлари орасидаги хотин-қизларнинг улушини 2030 йилга қадар 30 фоизга етказиш талаби давлат корхоналарининг ижро органлари, шу жумладан, директорлар кенгаши ва кузатув кенгашларининг таркибини шакллантиришда ҳам татбиқ этилади.

Фармон билан иш берувчи томонидан иш ўринлари захирасига қўйиладиган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар тоифаларига оилавий зўравонлик оқибатида жабрланганлар ҳам киритилади.

2024 йил 1 февралдан таълим муассасаларида касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишида янги иш бошлаётган хотин-қизлар учун тадбиркорлик бўйича ўқув курслари ташкил этилади. Ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Шу билан бирга, касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир битирувчи учун сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан ошмаган қисми давлат ҳисобидан қопланади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги «Ўзчармсаноат», «Ўзтўқимачиликсаноат», «Ўзбекипаксаноат» ва «Паррандасаноат» уюшмалари билан биргаликда уларнинг таркибига кирувчи корхона ва ташкилотлар учун зарур ишчиларнинг корхоналар кесимида аниқ эҳтиёжини ишлаб чиқади.

2024 йил 1 январдан Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш жамғармаси томонидан ишсиз хотин-қизлар замонавий миллий либослар ишлаб чиқариш ва реализация қилиш мақсадида тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтгандан сўнг бино ва иншоотнинг дастлабки уч ойлик ижара тўлови БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда қоплаб берилади.

2024 йил охиригача 50 та туманда, 2025 йил охиригача эса камида 100 та туманда хотин-қизлар томонидан етиштириладиган маҳсулотлар бўйича фьючерс шартномаларини тузиб, уларнинг реализациясиини таъминлайдиган хўжалик ҳисобидаги кооперативлар ташкил этилади.

Бундан ташқари, маҳсулот ишлаб чиқарадиган, лекин бозор топишда қийналаётган аёллар ижтимоий медиа маркетинги бўйича ўқув семинарлари орқали қўллаб-қувватланади.

2024 йил 1 январдан хотин-қизларга ҳақ тўланадиган жамоат ишлари асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида иш юритувчи бўлиб ишлашига 11 ойгача бўлган муддатга рухсат этилади.