25 декабрь куни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ тумани судида собиқ ИИБ ходими номусга тегиш жинояти бўйича айбдор деб топилиб, 15 йилга қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

31 ёшли судланувчи М.Ж. (Тошкент шаҳрида туғилган) Миробод тумани ИИО ФМБ 3-сонли ички ишлар бўлими профилактика инспектори бўлиб ишлаган. Мазкур иш Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига мувофиқ ёпиқ тарзда кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра, М.Ж. вояга етмаган З.Д.га (2010 йилда туғилган) нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар Тошкент вилояти судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.

Бундан ташқари, суд томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 417-моддаси (Жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) тартибида М.Ж.га 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш учун шарт-шароит яратиб берган 3 киши — Ш. А., М.З. ва Ф.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси (Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун Бўстонлиқ тумани прокурорига хабар юборилди.