БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги Марказий универмаг (ЦУМ) ёнидаги ерости йўлида янги граффитиларни намойиш этди. Тақдимотда «Газета.uz» мухбирлари ҳам иштирок этди.

Муралда ногиронлар аравачасида ўтирган аёл, шунингдек, яна бир аёл ва кичик ёшли қизалоқ тунги кўчада кетаётгани тасвирланган. Уларнинг силуэтлари чироқлар билан ёритилган. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ёруғлик кўча хавфсизлигини англатади, чунки безорилик ҳолатлари кўпинча қоронғи жойларда содир бўлади.

«Бу „Умидани чақиринг“ ташаббусининг давоми (ушбу лойиҳа доирасида кўчада безориликка учраган аёл дўкон ёки кафега кириб, „Умидани чақиринг“ ибораси билан ёрдам сўраши мумкин — таҳр.). Вақт ўтиши билан биз кўча фақат унда жойлашган хусусий компаниялар эмас, деган хулосага келдик. Кўчада аёлларнинг хавфсизлигига умумий таъсир кўрсатадиган жуда кўп инфратузилмавий жиҳатлар мавжуд — бу ёруғлик, бу ўз вақтида ҳаракатланадиган транспорт, булар тўғри йўллар, ўз вақтида қордан тозаланган йўлаклар. Бу деворий расм қисман кўчалар ҳамма учун хавфсиз бўлиши кераклигини ҳам айтади», — деб тушунтирди БМТТДнинг гендер масалалари бўйича мутахассиси Муҳаббат Туркменова.

«„Умидани чақиринг“ каби лойиҳалар сабабли шаҳарни ёритиш, хавфсиз жамоат транспорти ва умуман, шаҳарни режалаштириш орқали бошқа нарсалар қатори хавфсизлик ҳам таъминланади. Ерости йўлаклари каби жойларни ёритиш, хавфсизроқ қилиш ва одамлар тўпланадиган жойларга айлантириш керак. Яъни, нафақат жойнинг хавфсизлик хусусиятлари, балки ундаги одамларнинг ўзаро таъсири ҳам рол ўйнайди», — дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Рам Айер.

Мурални яратиш учун бекорга ерости йўлакчаси танланмаган, чунки ижодкорлар айнан шундай жойларда аёллар ўзини нисбатан камроқ хавфсиз ҳис қилишини ва шу ерда хавфсизлик учун шароит яратишимиз кераклигини кўрсатиши муҳим эди. «Сўровномаларимизга кўра, кўп қизлар ерости йўлакларига тушмасликни афзал кўришади, чунки у ерда ўзларини хавфсиз ҳис қилишмайди. Одатда бу ерда кўчадагидан кўра камроқ одам бўлади ва ҳатто бақирсангиз ҳам, сизни эшитишлари эҳтимоли камроқ. Шунинг учун бундай жойларга эътиборни жалб қилиш муҳим», — дейди Муҳаббат Туркменова.

Муралга қўшимча ёритиш ва видеокузатув воситалари ўрнатилган бўлиб, улар ҳам яхши ёритилган, инклюзив ва ҳимояланган кўчалар яратиш ғоясини илгари суради, дея таъкидлади БМТТД.

Сурат яна қандай маъноларга эга экани ва қандай яратилгани — «Газета.uz» репортажида.