БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури «Немолчи.Уз» (Сукут сақлама) зўравонликка қарши лойиҳаси кўмагида Тошкентда «Умидани чақиринг» пилот ташаббусини бошлади. У кўча таъқибига учраган ёки жинсий зўравонликнинг бошқа шаклларига дучор бўлган қизлар ва аёлларни хавфсиз жой билан таъминлашга тайёр бўлган хусусий сектор вакилларини бирлаштирди.

«Умидани чақиринг» лойиҳаси 2016 йилда Буюк Британияда пайдо бўлган «Ask For Angela» («Анжелани чақиринг) ижтимоий ташаббусининг мослашувидир. У жинсий зўравонликка қарши кураш хизмати ходими Хейли Чилд томонидан ўз уйида эри томонидан ўлдирилган 34 ёшли дўсти Анжела хотирасига бағишлаб яратилган ва ишга туширилган. Ўшанда маҳаллий барларнинг ҳожатхоналарига аёллар учун хабар ёзилган варақалар жойлаштирилганди: агар бирор киши сизни учрашув вақтида безовта қилса, барменга боринг ва «Анжелани чақиринг». Бу ибора — ёрдам сўраш усулидир. Уни эшитиб, бармен протоколга мувофиқ ҳаракат қилади: у аёлни хавфсиз хонага олиб бориши, фавқулодда чиқиш жойига кузатиб бориши ёки зарур ҳолатда полицияни чақириши мумкин.

Германияда шунга ўхшаш Ist Luisa hier? («Луиза шу ердами?») лойиҳаси 2016 йилда ишга туширилган. 2020 йилда Россияда — «Галяни чақиринг», 2021 йил баҳорида эса Қирғизистонда — «Кантайни чақиринг!» деб номланган мослаштирилган ташаббус пайдо бўлди.

Лойиҳа аёлларни кўчаларда ўзи истамаган эътибордан ҳимоя қилишга тайёр бўлган жамоат жойлари ва умумий овқатланиш шохобчалари томонидан қўллаб-қувватланади. Уларнинг фарқловчи белгиси муассаса эшикларидаги махсус стикердир.

Лойиҳанинг барча версияларида ҳаракатлар алгоритми бир хил: таъқибга учраган ҳар бир қиз ёки аёл ёрдам сўраш ва уни олиш учун код иборасидан фойдаланиши мумкин.

Фото: БМТТД.

Тошкентда «Умидани чақиринг» ихтиёрий тажриба ташаббусининг бошланиши Korzinka.uz супермаркетлар тармоқлари, Asklepiy Group дорихоналари, Caravan Group, YaponaMama, Testo by Zamira & Cо., Steam Bar, Turka Saray кафе ва ресторанлари, GroundZero коворкинг маркази, CyberArena компьютер клуби ва TEAMS University томонидан қўллаб-қувватланди.

IT-park кўмагида хавфсиз жойлар харитаси билан CallUmida.uz расмий сайти ишлаб чиқилди. Бу ерда манфаатдор компаниялар ташкилотчиларга хабар юбориш орқали ижтимоий ташаббус ҳамкорларига қўшилишлари ҳам мумкин.

Дастурчи Аброр Жабборов ўз ташаббуси билан Телеграмда @CallUmida_bot ботини яратди, бу тазйиқлардан энг яқин вақтинчалик бошпана топишга ёрдам беради.


Матилда Димовска. Фото: БМТТД матбуот хизмати.

«Биз бошлаган ташаббус муҳим, чунки бу корпоратив секторнинг ихтиёрий мажбурияти бўлиб, улар фуқаролик, ижтимоий масъулият ва ҳамдардликнинг бир қисми сифатида кўча таъқибидан қочаётган қизлар ва аёллар учун хавфсиз жойлар тармоғини яратишга ҳисса қўшиш учун ўз ресурсларини баҳам кўришга тайёр», — дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска.

«Умидани чақиринг» ижтимоий лойиҳаси қизлар ва аёлларни гендер асосидаги зўравонликдан ҳимоя қилишнинг умумий тизимидаги ёрдамчи механизмдир. Унинг асосий мақсади — жамиятда кўча тазйиқларига нисбатан муросасизлик муҳитини яратишдир. Ташкилотчилар «Умида» ёрдамида аёллар учун қулай ва хавфсиз шаҳар муҳити яратилишига умид билдирмоқда.

Ташаббус ҳуқуқий, психологик ёки моддий ёрдам кўрсатишни назарда тутмайди. Қизлар ва аёллар ўз таъқибчиларидан яшириниб, вақтинчалик бошпанада ўзига келиб олиши мумкин. Лойиҳа бўйича ҳамкор ташкилотлар ходимлари тазйиқ остида қолганларга қариндошлари, дўстлари билан боғланишда ёки зарур ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қўнғироқ қилишда ёрдам кўрсатади.

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов «Умидани чақиринг» ташаббусини қўллаб-қувватлашини, чунки у кўчада бундай безорилик муаммоси борлигини ўзи ҳам билишини айтди. Фаолият давомида бир неча бор қизлар ва аёллар ёрдам учун супермаркетларга киришган.


Зафар Ҳошимов. Фото: БМТТД матбуот хизмати.

Бир неча йиллардан бери компанияда бундай ҳолларда қандай ҳаракат қилиш кераклигини билдирадиган ички протокол мавжуд.

«Бирор киши бизга келиб, хавф остида эканлиги ҳақида хабар бериши билан дарҳол уни хизмат хоналарига кузатиб борамиз. Керак бўлса, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини чақирамиз», — деди Зафар Ҳошимов.

Унинг сўзларига кўра, сўровга жавоб бир зумда бўлиши учун барча ходимлар ички протокол билан таништирилган. Кўп ҳолатларда ёрдам сўраб қўриқчиларга мурожаат қилишади.

«Баъзида қизлар вазиятни эркакларга тушунтиришни исташмайди. Менимча, бу жамиятда шаклланган стереотиплар билан боғлиқ. Улар учун қизларга мурожаат қилиш осонроқ. Эҳтимол, бу ҳолатда улар ўзларини кўпроқ тушунишларига умид қилишар», — дейди Зафар Ҳошимов.

«Немолчи.Уз» (Сукут сақлама) зўравонликка қарши лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенконинг таъкидлашича, тадбиркорлик субъектларининг бундай ташаббусларга жалб этилиши кўчадаги безорилик муаммоси яққол кўзга ташланишида ва қизларга ҳеч бўлмаганда ҳимояланиш имконияти борлигини кўрсатишда қўл келади.

Ирина Матвиенко. Фото: БМТТД матбуот хизмати.

Унинг сўзларига кўра, камида ҳафтасига бир марта «Немолчи.Уз»га шаҳар кўчаларида, таксиларда, ҳатто мактабларда ҳам безорилик билан боғлиқ янги хабарлар келади. Улар лойиҳа ресурслари, тармоқлардаги саҳифаларида нашр этилгандан сўнг, кўнгиллилар яна етти-саккизта шунга ўхшаш ҳикояларни олишади.

«Одамларга ҳуштакбозлик, тегажоғлик қилиш, гап отиш — бу нормал ҳолат эмаслигини тушунтириш керак. Бундай хатти-ҳаракатларни омма олдида қоралаш, кўчада юрганимизда ҳудди шундай ҳолатларга эътиборни жалб қилишимиз керак. Ҳозир одам токсик эркакликнинг намоён бўлишидан уялишмайди, бироқ, жамиятнинг жамоавий масъулияти пайдо бўлганда, фикрлаш ўзгаради», — деди Ирина Матвиенко.

Унинг таъкидлашича, маъмурий жавобгарликнинг жорий этилиши кўча шилқимлиги муаммосини ҳал қилишда олдинга силжишга ёрдам беради. Матвиенко Тожикистонни мисол қилиб келтирди ва бу ерда қизларга номақбул тарзда қарагани учун эркаклар жабрланувчиларнинг ҳуқуқ-тартибот идораларига ёзган аризалари асосида жамоат ишларига жалб қилиниши маълум қилинди. Жазони қўллаш жараёни телевидениеда намойиш этилади. Ирина Матвиенкога кўра, бундай амалиёт йўлга қўйилган Душанбеда қизларни кўчада таъқиб қилиш ҳолатлари кескин камайган.

«Асосийси, қизлар — ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қила бошладилар, чунки улар кўча шилқимлиги учун аниқ жазони кўрдилар. Бизнинг қонунларимизда эса ҳануз қонунбузарларга жавобгарликдан қочиш имконини берувчи — аризадан воз кечиш каби бўшлиқлар мавжуд. Давлат ҳаракатсиз экан, ҳеч нарса ўзгармайди», — дея қўшимча қилди Ирина Матвиенко.