Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда 2023 йилнинг 23 декабрь куни соат 10:00 дан эътиборан Тошкент шаҳри Талабалар шаҳарчасида жойлашган Ўзбекистон Миллий университети (мўлжал: «Беруний» метроси) бош биноси қаршисидаги майдонда (кириш дарвозаси, арка олдида) Тошкент шаҳрида таҳсил олувчи ва қишки таътил муносабати билан доимий яшаш жойларига жўнаб кетувчи талабалар учун қўшимча автобус йўналишлари ташкил этилди.

Автобуслар қатнови талаб (буюртма) мавжуд бўлган қуйидаги йўналишларда ташкил этилмоқда:

  • Тошкент — Олот (Бухоро);
  • Тошкент — Қарши;
  • Тошкент — Термиз.

Чипталар Ўзбекистон Миллий университети бош биносида ташкил этилган сайёр кассада сотилади.

Тошкент-Олот (Бухоро) йўналиши бўйича автобуслар Жиззах, Самарқанд, Навоийга борадиган талабалар учун йўналишда белгиланган нархларда хизмат кўрсатиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятларига жўнаб кетувчи талабалар учун алоҳида қўшимча темир йўл вагонлари ташкил этилган. Ушбу йўналишларда имтиёзли темирйўл чипталари Ўзбекистон Миллий университети бош биносида ташкил этилган сайёр касса (мўлжал: «Беруний» метроси) орқали берилишини маълум қилинган.