Шавкат Мирзиёев жума куни Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида театр ва музейларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Унинг нутқидан иқтибосларни давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов эълон қилди.

«Агар ҳозир „Қани, охирги бир ойда қайси театрга бордингиз, қандай янги китоб ўқидингиз?“ деб сўрасам, ўйлайманки, аксарият раҳбарлар хижолат бўлиб қолиши мумкин. Ҳолбуки, раҳбар-етакчилар ижтимоий дунёқараш, маданий савия бўйича бошқаларга ўрнак бўлишлари керак», — деди у.

Президент давлат органлари ва муассасаларида ҳар ойнинг бир кунини «Театр куни» деб эълон қилишни таклиф этиб, ходимларнинг театрларга боришини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Маданият вазирлигига Театр санъатини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш топширилди.

Дастурда тарихий ва замонавий мавзулар бўйича энг яхши пьеса учун ижодий буюртма бериш, драматургларга 50 миллион сўмдан қалам ҳақи тўлаш, ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг ривожланган давлатлар театрларида маҳорат оширишини йўлга қўйиш ҳамда ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш учун Маннон Уйғур номидаги мукофотни таъсис этиш назарда тутилади.

Президент музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича 7 йиллик дастур қабул қилинишини ҳам маълум қилди.

Инновацион технологиялар асосида Тарих музейи ҳамда Санъат музейининг замонавий янги бинолари барпо этилади, Темурийлар тарихи ҳамда Табиат музейларининг экспозицияси янгиланади, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи капитал таъмирланади.

Франция билан ҳамкорликда Миллий реставрация маркази фаолияти йўлга қўйилади. Бугунги кунга қадар хорижий реставраторлар билан бирга 238 та маданий бойлик реставрация қилинди.

Бундан ташқари, Усмон Қуръони саҳифалари ҳам консервация ва реставрация қилинади.

18 та археология ёдгорлиги очиқ осмон остидаги музейга айлантирилади. Шунингдек, Самарқандда Амир Темур боғлари қайта тикланади, «Буюк ипак йўли» музейи барпо этилади ва Бибихоним мажмуаси реставрация қилинади.

Тасвирий ва амалий санъат соҳасини ривожлантириш учун алоҳида дастур қабул қилинади. Хаттотлик ва миниатюра санъати таълимини амалиёт билан боғлаш мақсадида миллий усулда қоғоз тайёрлаш бўйича ўқув ишлаб чиқариш устахонаси ташкил этилади.

«Яна бир муҳим масала — маданият ва санъат соҳасида таълим сифатини ошириш бўйича жиддий ўзгариш қилишимиз шарт», — деди президент.

Мусиқа ва санъат мактаблари муаллимларининг ойлигини ошириш, ушбу мактабларнинг коммунал харажатларини бюджетдан қоплаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди. Умуман олганда, маданият ва санъат, кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларнинг ойликлари 2024 йил 1 апрелдан 20 фоизга, 2025 йил 1 январдан яна 15 фоизгача бўлган миқдорда оширилади.