Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда 22 декабрь куни мамлакат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Ўзгартиришларга кўра, байроқдаги қуёшнинг тўлқинсимон нурлари тўғри ҳолатга келади, тундукдаги (қирғизлар ўтовининг тож кўринишидаги шарсимон қисми — таҳр.) таёқчалар сони эса учтадан тўрттага кўпаяди.

Эски намунадаги байроқ тасвири туширилган барча расмий ҳужжатлар амал қилиш муддати тугагунига қадар, автомашина рақамлари ва транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари — ҳокимият уларни алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилгунга қадар амал қилади, дейилади хабарда.

Қирғизистон давлат байроғининг янги дизайни.Қирғизистон давлат байроғининг янги дизайни.

Байроқни ўзгартириш ғояси Садир Жапаровнинг шахсий ташаббуси ҳисобланади. Унинг илтимосига кўра, депутатлар «Давлат рамзлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиқди. 20 декабрь куни Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) ҳужжатни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди.

«Ҳозирга қадар жамиятда байроғимиз кунгабоқарга ўхшаб кетиши ва бунинг фонида мамлакат тиззасида тура олмаслиги бўйича фикр бор эди…, — тушунтирганди Қирғизистон президенти ўшанда. — Тузатилган версия ҳақиқатан ҳам қуёш нурларига ўхшайди. Худо хоҳласа, бу вариант қабул қилинса, бундан кейин қарам бўлмаймиз».

Шунингдек, у байроқни алмаштириш учун «кўп пул керак эмаслигини» таъкидлади ва харажатларни «шахсий ҳисобидан» қоплашга тайёрлигини билдирди.

Кўпчилик жамоатчилик вакиллари байроқни ўзгартиришга қарши, ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар #байроқниўзгартирманг ҳештеги билан флешмоб бошлаган, деб таъкидлади 24.kg.