Ўзбекистон Марказий банки регулятор номидан фойдаланиб фирибгарлик қилиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида огоҳлантирди.

«Ҳозирги кунда фирибгарларнинг интернет тармоғидан сохта телефон рақамлари орқали фуқароларга қўнғироқ қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунда фирибгарлар Марказий банк ходими сифатида ўзини таништириб, фуқароларнинг ишончига киришга уринмоқда», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, фирибгарлар Telegram`да Марказий банк номидан очилган «Markaziy_Banki_uz» сохта каналида фуқароларга онлайн кредитлар таклиф қилиб, уларнинг банк карталари маълумотларини олиш орқали картадаги пуллларни ўзлаштираётгани ҳам кузатилмоқда. Марказий банк ўзининг бу сохта канал ва ундаги хабарларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилган.

Шунингдек, регулятор қуйидагиларни эслатиб ўтди:

  • Марказий банк жисмоний шахсларга кредитлар ажратмайди ва молиявий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланмайди.
  • Фуқаролардан ушбу хабарларга эътибор қаратмаслик ва банк карталари маълумотларини учинчи шахсларга бермаслик, ҳеч қандай ҳаволага кирмаслик сўралади.
  • Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш жараёнида регуляторнинг тармоқлардаги верификацияланган саҳифаларидан фойдаланиш тавсия этилади.