Сенаторлар қирқ саккизинчи ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқдилар. Қонун 21 ноябрь куни Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинганди.

Сўзга чиққан сенатор Борий Алихонов дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари бўйича 2021 йилда 8243 туп, 2022 4673 та ҳолат аниқланган. 2023 йилнинг ўтган даврида эса 3,5 мингдан зиёд шу турдаги ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 6,5 млрд сўм жарима ва 8,3 млрд сўм зарар суммалари белгиланган.

Унинг таъкидлашича, 2022 йилда Тошкент шаҳрида 289 та қурилиш объектлари ҳудудида 4429 туп дарахт қаровсиз қолиши, 80 туп дарахт қуриб қолиши ва касалланиши аниқланган. 2023 йилда эса худди шу ҳолатларда дарахтларнинг қуриб қолиши 98 тани ташкил этган.

Борий Алихонов. Фото: Сенат матбуот хизмати.Борий Алихонов. Фото: Сенат матбуот хизмати.

Таклиф этилаётган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қуйидаги ўзгаришлар киритилмоқда.

Дарахтларни, буталарни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, шикастлантириш ёки бошқа жойга кўчириш учун белгиланган жарима миқдори 5 баробарга оширилмоқда. Бунда ушбу ҳуқуқбузарлик учун жарима фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баробаридан 50 баробаригача (8,5 миллион сўмдан 17 миллион сўмгача), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 50 баробардан 75 баробаригача (17 миллиондан 25,5 миллионгача) белгиланмоқда.

Ушбу ҳуқуқбузарлик жарима қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилганда жарима миқдори фуқароларга БҲМнинг 50 баробаридан 75 баробаригача (17 миллиондан 25,5 миллионгача) мансабдор шахсларга эса 75 баробаридан 100 баробаригача (25,5 миллиондан 34 миллионгача) ошириш ёки ҳуқуқбузарга нисбатан 15 суткагача бўлган муддатда маъмурий қамоққа олиш жазо чораси назарда тутилмоқда.

Шунингдек, дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо турларини кесиш ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 баробаридан 75 баробаригача миқдорда жарима шаклидаги маъмурий жавобгарлик киритилмоқда.

Бундан ташқари, кодекснинг 79-моддасида дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказишга нисбатан норма белгиланганлиги сабабли кодекснинг 77-моддаси 1-қисми, 113-моддаси 1-қисми ва 148-моддасининг диспозицияларидан ноқонуний дарахт кесганлик ёки кундаков қилганлик учун маъмурий жавобгарлик қисми чиқарилиб, бир турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликка нисбатан 1 та моддада бир хил жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонун билан Ўсимлик дунёси муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунига ҳам ўзгартириш киритилмоқда.

Хусусан, Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний равишда кесганлик, йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 100 баробаридан 300 баробаригача миқдорда (34 миллиондан 102 миллионгача) молиявий санкция қўлланилиши белгиланмоқда.

Бунда ташқари Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навлари ғайриқонуний равишда кесилган ёки йўқ қилинган тақдирда ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган шахс ҳар бир дарахт ва бута ўрнига қимматбаҳолиги жиҳатдан кам бўлмаган 100 туп дарахт ва бута кўчатини айнан ўша жойга ўз ҳисобидан экиши ҳамда уларни 3 йил давомида парвариш қилиши шартлиги белгиланмоқда.

Сенаторнинг қайд этишича, мазкур норма кейинчалик ҳам ушбу ҳудудда қурилиш амалга оширилиши мумкин эмаслигини англатади ҳамда қурувчи ташкилотлар томонидан дарахт кесиш ҳолатларининг олдини олиш билан бирга бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.

«Аҳоли ўртасида бундай ҳолатларга нисбатан бефарқлик, эътиборсизлик мутлақо йўқ бўлди десак, тўғри бўлади. Мамлакатимизнинг қайси бир ерида бўлмасин, бирорта дарахт ноқонуний кесилгудек бўлса, биринчи навбатда, жамоатчилик (ОАВ, ижтимоий тармоқлар) шу заҳотиёқ хабар топиб, бонг урмоқда. Ва зудлик билан таъсир чоралари кўрилмоқда. Лекин шунга қарамасдан, масала ҳамон долзарб. Дарахтларни нобуд қилиш оғир оқибатларга олиб келишини ҳамма ҳам чуқур англаб етаётгани йўқ» — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Қонун президент имзолаши учун юборилди.

Эслатиб ўтамиз, августда Ўзбекистон президенти дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жазони кучайтириш бўйича парламент томонидан қабул қилинган қонунни рад этганди. Ҳужжат жарималар миқдори кам бўлгани туфайли рад этилган бўлиши тахмин қилинганди.