Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жазони кучайтиришга қаратилган қонунни рад этди, дея хабар қилди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров.

«Дарахтни ноқонуний кесганлик учун АҚШда 100 минг, Францияда 150 минг, Саудияда 8 миллион АҚШ долларигача жарима белгиланган. Бизда бу ҳаракат учун 1000 АҚШ долларигача жарима кўзда тутилган қонун президент томонидан рад этилди. Эътироз тўғри, қонунни қайта кўрамиз», — деб ёзади у.

«Газета.uz» июнь ойида АҚШ, Франция, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатларда дарахтларни кесганлик учун қандай жарима солиниши ҳақида ёзганди.

Эслатиб ўтамиз, қонун Сенат томонидан 3 май куни маъқулланган. Ҳужжатга кўра, дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми) фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (5 дан 10 баробаригача бўлган) ёки 3,3 млн сўмдан 4,95 млн сўмгача, мансабдор шахсларга эса — 15 бараваридан 20 бараваригача (10 дан 15 баробаригача бўлган) ёки 4,95 млн сўмдан 6,6 млн сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган худди шундай ҳуқуқбузарликлар учун (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 2-қисми) фуқароларга БҲМнинг 15 дан 25 бараваригача миқдорда жарима белгиланган (10 дан 20 бараваргача эди), мансабдор шахсларга эса — маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилган ҳолда БҲМнинг 25 дан 35 бараваригача (олдин 20 дан 30 бараваргача эди). Бундан ташқари, ушбу қоидабузарлик учун жазолар қаторига 15 суткагача бўлган муддатга маъмурий қамоқни қўшиш режалаштирилган.

Ҳужжатда, шунингдек, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам киритилган (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 4-қисми) — жарима мансабдор шахсларга нисбатан БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача.