Ўзбекистонда масъулларга 2024 йилдан энергоресурсларга бўлган ички эҳтиёжни 100 фоиз таъминлаш вазифаси қўйилган. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов журналист Азиза Қурбонованинг YouTube`даги «Ўзи нима гап?» лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди.

Журналист энергетика соҳасида ишлар вазир интервью давомида айтганидек шиддат билан кетадиган бўлса, яқин келажакда мамлакатнинг барча ҳудудида узлуксиз энерготаъминотга эришиш имконияти бор-йўқлиги ҳақида савол берди.

жўрабек мирзамаҳмудов, энергоресурслар

«Қанча вақт кетиши мумкин? Сиз бунга ишонасизми? Ўзи бунинг иложи борми? Ҳар бир қишлоқда, ҳар бир овулда — майли, муқобил бўлсин, майли, табиий газ бўлсин, майли, тармоқлар билан борсин — ҳар хил йўл билан охир-оқибат 99 фоиз [таъминот]га эриша оламизми?» — дея савол билан юзланди Азиза Қурбонова.

Бунга жавобан вазир ўз олдига мақсад қўйгани ҳақида гапирди.

«99 фоиз — кимнидир таъминлаб беролмаймиз дегани… Ўтган йили ноябрь ойида чекловлар киритишга мажбур бўлганмиз. Бу йил ноябрда чекловлар киритилмади, барча корхоналар бир маромда [ишлади]. Нафақат корхоналар, балки аҳолига ҳам узлуксиз етказиб берилди…», — дея тушунтирди у.

Жўрабек Мирзамаҳмудов тизимда тармоқ узилиши, трансформатор куйиши, ёниши ёки носозлик келиб чиқиши каби ҳодисалар бўлиб туришини айтиб, келгуси йилда унинг тизимига вазифа юкланганини таъкидлади.

«Генерация тарафидан ишонтириб айтаманки, 2024 йилдан 100 фоиз ўз ички эҳтиёжимизни қоплаш имкониятимиз пайдо бўлади. Биз буни таъминлаймиз, бизга шундай вазифа қўйилган. Агар бу вазифани бажара олмасак, ўйлайманки, нафақат мен, балки тизимимиздаги барча масъуллар ишлашга нолойиқмиз», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Унинг сўзларига кўра, президент ва ҳукумат тарафидан бу кунлик назоратда ва ҳисоботлар бериб борилмоқда.