Шавкат Мирзиёев раислигида 20 декабрь куни тармоқ ва ҳудудларда ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Йиғилишда 2024 йилда IT хизматлари ҳажмини 2 баробар ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис Рақамли технологиялар вазирлигига келгуси йилда 8000 нафар энг иқтидорли ёшларни саралаб, нуфузли халқаро компаниялар талабига мос дастур асосида ўқитиш вазифаси қўйилди.

2026 йилда Халқаро информатика олимпиадаси илк бор Ўзбекистонда ўтказилади. Бунга тайёргарлик кўриш учун танловлар ўтказилиб, салоҳиятли ўқувчилар танлаб олинади, хориждан малакали мураббийлар жалб қилинади.

Бундан ташқари, келгуси йилдан «Ҳар бир маҳаллада камида икки нафар дастурчи» лойиҳаси бошланиши, АҚШлик ҳамкорлар билан «Инклюзив рақамлаштириш» лойиҳаси доирасида 20 минг аҳоли бандлиги таъминланиши айтилди.

Давлат раҳбари рақамлаштириш маҳалладан бошланиши кераклигини таъкидлади. Президент ҳозирда маҳалла тизими ходимлари планшет ва компьютер билан таъминланганини, лекин улардан тўла фойдаланилмаётганини айтиб ўтди.

«Масалан, ёшлар етакчисига субсидия олиш учун мурожаат қилган фуқаро ҳалигача маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ёки бандлик бўлимидан ишсизлик тўғрисида маълумотнома олиб келишга мажбур», — дейилади хабарда.

Шу боис мутасаддиларга 2024 йил 1 мартга қадар «Рақамли маҳалла» ягона платформасини ишга тушириш ва «маҳалла еттилиги»ни рақамли тизимлардан фойдаланишга ўқитиш топширилди.

Йиғилишда вазирлик ва тармоқлардаги рақамлаштириш ҳолати таҳлил қилинди. Иқтисодиёт тармоқларида таннархни тушириш «фақат ва фақат рақамлаштириш орқали» бўлиши таъкидлаб ўтилди.

Айрим вазирлик ва идораларда рақамлаштириш ишлари сустлиги қайд этилди. Масалан, «Рақамли соғлиқни сақлаш» лойиҳаси, тиббий суғуртани жорий қилиш кечикмоқда. Президентнинг сўзларига кўра, онкологик касалларни электрон реестри йўқлиги сабабли уларга нафақалар тўлашда қийинчилик бўлмоқда.

Қишлоқ хўжалигида пестицидлар cавдоси ва қўлланиши бўйича рақамли назорат тизими жорий қилинмаган.

Тошкент шаҳрида аҳоли томонидан ижобий қабул қилинган «Халқ назорати» тизими ўз ҳолига ташлаб қўйилган, деб таъқидлади Шавкат Мирзиёев.

Бу қолоқликларни тезда бартараф этиш, ҳар бир соҳада рақамлаштиришни жадаллаштириш зарурлиги қатъий кўрсатиб ўтилди. «Рақамлаштиришдан бош тортаётган раҳбар — коррупцияни йўқ қилишга интилмаган раҳбар», — деди президент.

Давлат раҳбари соҳа инфратузилмаси, хусусан, интернет тезлигини яхшилаш масаласига эътибор қаратди. Айрим ҳудудларда интернет тезлиги пастлиги, халқаро магистрал йўлларнинг 20 фоизи мобил интернет билан қамраб олинмагани кўрсатиб ўтилди. Президент мутасаддиларга рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун хорижий инвестициялар жалб қилиш вазифасини қўйди.

Шунингдек, киберхавфсизликни кучайтириш, барча электрон тўлов тизимлари учун бу борада ягона талабларни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Умуман, IT хизматлари ҳажмини 20 триллион сўмга, экспортни 800 миллион долларга етказиш, тармоқларда 130 та ахборот тизимини жорий қилиш ва 750 та давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш борасидаги режаларни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.