19 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев Қатар амири ташаббуси билан таъсис этилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича мукофотнинг Тошкент шаҳрида ўтказилган тақдирлаш маросимида нутқ сўзлади, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Президент нутқи аввалида ушбу мукофот орқали коррупцияга қарши курашишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган жаҳондаги фаол шахсларнинг эътироф этилиши 20 йил аввал қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси талабларини ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Таҳлилларга кўра, ҳозирда коррупциянинг дунё миқёсидаги зарари 3 триллион долларга яқин миқдорни ташкил қилмоқда.

«Аммо, мен бу катта рақамлар ҳақиқий ҳолатни ва коррупция натижасида кўрилаётган реал зарарнинг аниқ ҳажмини тўлиқ ифода эта олмайди, деб ҳисоблайман. Энг ёмони — жамият кўрадиган маънавий зарар кўламини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди», — деди у.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш борасидаги режа ва вазифаларини тақдим этди. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқишҳақида гапирди.

коррупция, шавкат мирзиёев, қатар амири

Нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этган ҳолда, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кучайтириш, илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этишни ва коррупцион ҳолатлар бўйича «дастлабки ўрганиш» — коррупцион суриштирув институти жорий этишнитаклиф қилди.

«Онги ва қалби болаликдан „ҳалоллик вакцинаси“ билан эмланган янги авлодни камолга етказиш устувор вазифамиздир. Бу борада БМТнинг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этишдан манфаатдормиз», — деди давлат раҳбари.

Президент, бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш бўйича журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш таклифини илгари сурди.

коррупция, шавкат мирзиёев, қатар амири

Аввалроқ Ўзбекистон президенти ва Қатар амири коррупцияга қарши курашни ифодаловчи монументини очиб берганди.

«Монументдаги коррупцияни тўхтатиш учун кўтарилган очиқ қўллар каби бугунги анжуманда иштирок этаётган, адолат йўлидаги қатъиятли ва толмас қаҳрамонларимиз қўлларини пок қалб ва виждон амримиз билан маҳкам тутамиз», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, ушбу мукофот илмий тадқиқот, таълим, ёшлар ижодкорлиги, спортни коррупциядан ҳимоялаш, инновация ва суриштирув журналистикаси каби бир неча номинацияларда тақдим этилади.