Тошкент метросининг «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишидаги 2 та янги метро бекатини қуриш ишлари якунланди, дея хабар бермоқда метрополитен матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Қурувчилар даҳасидан Сергели мавзесига қадар қурилаётган «Турон» (13-бекат) ва «Қипчоқ» (14-бекат) бекатларида 15 декабрь кунидан бошлаб синов тариқасида (йўловчиларсиз) поездлар ҳаракати йўлга қўйилди.

Синов муддати якуни ва йўловчилар учун хизмат кўрсатишнинг бошланиш муддати тўғрисидаги маълумотлар синов натижалари асосида қўшимча тақдим этилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида мазкур йўналишдаги бешта янги бекат (8−12) йўловчилар учун очилганди. Станцияларнинг интерьер дизайни, тематик безакли «Паралимпия ҳаракати» станциясидан ташқари, бошқалар билан бир хил. Станциялар қандай кўринишга эгалиги — «Газета.uz» фоторепортажида.