Ижтимоий тармоқ фаоли Эмине-Лемара Мирзааҳмедова Жиноят кодексининг 5 та моддаси билан айбланиб, ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизматининг маълум қилишича, фуқаро Мирзааҳмедовага тегишли Тex Kredo МЧЖга Янгийўл тумани ҳудудида жойлашган хотира майдончасини замонавий шаҳарсозлик талаблари даражасида таъмирлаш учун шартнома асосида маҳаллий бюджет ҳисобидан 329 млн 300 минг сўм миқдордаги пул маблағлари ажратиб берилган.

«Кейинчалик мазкур шартнома ижроси юзасидан ўтказилган аудиторлик текширувида пудратчи МЧЖ раҳбари, 47 ёшли Лемара Мирзааҳмедова (ижтимоий тармоқларда Эмина Караманова тахаллуси билан танилган) ва бошқалар томонидан аслида бажарилмаган 227 млн 135 минг сўмлик ишларни қўшиб ёзиш орқали расман бажарилган ишлар ҳисобига киритиб, кўп миқдорда бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган», — дейилади вилоят ИИББ ахборотида.

Таъкидланишича, бошқа яна бир ҳолатда ушбу МЧЖ мансабдорлари томонидан халқ таълими бўлими тасарруфидаги 7-сонли мактабнинг қўшимча хўжалик биносини қуриб бериш учун шартнома асосида 157 млн сўм бюджет маблағлари ажратилган. Иш ҳажмини қўшиб ёзиш орқали ҳақиқатда бажарилмаган ишлар учун яна 13 млн 441 минг сўм маблағлар талон-торож қилингани айтилмоқда.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми ҳамда 228-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш ва қалбакилаштириш, сотиш ёки фойдаланиш)нинг 2 ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

«Шуни алоҳида қайт этиш жоизки, мазкур жараёнлар фуқаронинг ОАВдаги блогерлик фаолиятига алоқадор эмас», — дейилади ахборотда.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда пудратчи Тex Kredo МЖЧ раҳбари Л.Мирзааҳмедова адвокат билан таъминланган ҳолда жиноят ишига жалб этилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ блогер Абдуқодир Мўминов Жиноят кодексининг икки моддаси билан айбланиб, процессуал тартибда ушлангани, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги) матбуот котиби Мавжуда Мирзаева ҳибсга олингани, 27 январь куни Human.uz нашри директори Хуршид Далиев (шунингдек Muxbir Daliyev блоги муаллифи) ва бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ўзини «орган ходимлари» деб таништирган шахслар томонидан олиб кетилгани ҳақида хабар берилганди.