Telegram`даги Kurbanoff.net каналида Самарқанд вилоятида эпидемиологик вазият бўйича пост қолдирилди. Унда 12 декабрдан Самарқанд халқаро аэропортига кутиб олиш ва кузатиш мақсадида кириш чеклангани ҳақида хабарлар пайдо бўлгани айтилган.

«Бироз хавотирдамиз, чунки Тошкентда таъмирлаш ишлари туфайли чеклов киритилди, аммо бу ерда (Самарқандда — таҳр.) эпидемиологик нимадир бор», — деб ёзилган хабарда.

Самарқанд халқаро аэропорти ўзининг Instagram саҳифасида чеклов бўйича хабар қолдирган, бироқ бир муддат ўтиб, пост олиб ташланган. Унда Ўзбекистон ва хориждаги эпидемиологик вазият туфайли 12 декабрдан аэропорт терминалига кириш кутиб олувчилар ва кузатиб қўювчилар учун чеклангани, ҳудудга фақат учиб кетувчилар кира олиши кўрсатилган.

Instagram: samarkand.airportsInstagram: samarkand.airports

«Газета.uz» ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати ҳамда Самарқанд халқаро аэропортини бошқарувчи Air Marakanda компанияси билан боғланди.

«Самарқанд халқаро аэропорти расмий саҳифасида нотўғри маълумот чиқариб юборилган. Бу ҳолатда ҳеч қандай эпидемиологик чеклов йўқ. Улар (аэропорт вакиллари — таҳр.) бу маълумот хато эканини тан олиб, эълонни ўчиришди. Эпидемиологик вазият барқарор. Бундай вазиятлар бўйича хабар бериш ваколати бизнинг қўмитамизда», — деди қўмита ахборот хизмати бошлиғи Мафтуна Саидова.

Air Marakanda компанияси вакилларининг аниқлик киритишича, терминалга кириш чекланмаган, очиқ.

«Хавфсизлик чоралари ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Биз мавсумий грипп кузатилаётгани учун бундай чеклов ҳақида эълон қилмоқчи эдик, лекин вазият унчалик хавотирли бўлмагани учун чеклов қўйилмади. Аэропорт одатдаги тартибда ишлаяпти», — дея маълум қилинди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда H3N2 (Гонконг) гриппи билан касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Санитария-эпидемиология қўмита раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков сўнгги ҳафтада республика аҳолиси ўртасида ЎРВИ билан касалланиш ўтган ҳафтага нисбатан 25,5 фоизга, Тошкент шаҳрида 25,4 фоизга камайганини билдирди.