8 декабрь куни соат 12:00 дан Тошкент халқаро аэропортидаги йўл ўтказгичга (эстакада) чиқиш чекланади, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Компания бунга аэропортда кенг кўламли реконструкция ишлари бошлангани сабаб бўлганини қайд этди.

Шу муносабат билан автотранспорт воситалари ва туристик автобусларнинг кириши учун халқаро терминал автотураргоҳи ёнида алоҳида йўловчи тушириш йўлаги ташкил этилади.

Шу билан бирга, терминалда реконструкция ишлари олиб борилиши муносабати билан Тошкент халқаро аэропортининг учиб кетиш залига кузатувчиларнинг кириши вақтинча чекланади, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент халқаро аэропорти эстакадаси орқали автотранспорт воситалари ҳаракати 2021 йил 10 июлда синов режимида бошланган.