Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ислоҳоти бўйича баҳс ва тортишувларни тўхтатиб, айрим ўзгаришларни жорий этиш зарурлигини айтди. У бу ҳақда 11−12 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилаётган жадидчилик ҳаракати ва ғояларига бағишланган конференцияда гапирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Саида Мирзиёева тадбир аввалида нутқ сўзларкан, залда ўтирганларга тақдимотда кўрсатилган «Ўзбекистон» номларидан қайси бири тўғри ёзилгани ҳақидаги савол билан юзланди. У бутун бошли давлат ва миллатнинг номи турли жойларда ҳар хил ва нотўғри ёзилишини, шунинг учун ҳам буни тузатиш зарур эканини таъкидлади.

алифбо ислоҳоти, саида мирзиёева
Фото: Telegram / @AsanovEldar.

«Чунки гап бизнинг миллатимиз, ғуруримиз, юртимиз номи ҳақида кетяпти. Тўғри, алифбо ислоҳоти янги баҳслар, тортишувлар, кўзда тутилмаган молиявий харажатларни келтириб чиқариши мумкин. Лекин яна бир бор таъкидлайман, гап ватан ва миллат номини тўғри ёзиш ҳақида кетар экан, бундай баҳс ва тортишувларни бас қилишимиз, алифбодаги айрим ўзгаришларни жорий этишимиз ва шу билан алифбо масаласига қатъий нуқта қўйишимиз зарур, деб ҳисоблайман», — деди давлат раҳбари ёрдамчиси.

У нутқи давомида тарихда йўл қўйилган бу хатоларни тузатиш учун сиёсий ирода, имконият ва шароит борлигини ва бир мушт бўлиб ҳаракат қилиш кераклигини қайд этди.

«Биз ўтмишда жуда кўп хатолар қилдик, юрт равнақи, миллат тараққиёти йўлида хизмат қилганларни хор қилдик, зиёлиларни, жадидларни қириб, ўқитувчиларни қулга айлантирдик. Тарихда йўл қўйилган бу хатолар ҳали узоқ вақт ўз таъсирини кўрсатса керак, менимча. Лекин бир нарса аниқ: ушбу хатоларни тузатиш учун бугун сиёсий ирода, имконият ва шароит бор. Агар биз бу имкониятни қўлдан бой берсак, умумий ғоялар атрофида бирлашмасак, оддийгина қилиб айтганда, бир куч, бир мушт бўлиб ҳаракат қилмасак, келажак бизни кечирмайди», — деди Саида Мирзиёева.

Маълумот учун, ушбу конференция Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, ЎзФА ва Туркий давлатлар ташкилоти ҳамкорлигида ўтмоқда. Унда АҚШ, Япония, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларидан тадқиқотчи ва олимлар иштирок этиши кутиляпти.

Эслатиб ўтамиз, бундан 2 йил муқаддам лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчиликка эълон қилинганди. Таклифда бир неча ҳарфларни ўзгартириш, алифбони қулайлаштириш масаласи илгари сурилган.

Бош вазир Абдулла Арипов барча вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар, шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Тошкент ва вилоятлар ҳокимликларига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтишни тезлаштириш бўйича топшириқ берган. Олдинроқ ушбу вазифани 2022 йил декабрига қадар бажариш кўзланган эди.