Андижон вилоятида 2,4 миллиард сўмдан зиёд зарар келтирган майнинг ферма аниқланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Назорат тадбири давомида «Э.» МЧЖга тегишли ишлаб чиқариш цехида 33 дона майнинг қурилмаси электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланган ҳолда, ноқонуний фойдаланиб келган.

Дастлабки қайта ҳисоб-китобларга кўра, ушбу корхона томонидан тизимга 2,4 млрд сўмликдан зиёд зарар етказилган.

Истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йилнинг ўтган даврида 58,2 млрд сўмлик электрни ўғирлаш орқали майнинг фаолияти билан шуғулланиш бўйича 26 та ҳолат аниқлангани хабар қилинганди. Бунинг учун 29 киши ўғриликда айбланиб, процессуал тартибда ушланган.