29 ноябрь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши томонидан гул кўчатлари харид қилишни молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу бўйича ҳужжат E-Qaror порталига жойлаштирилди.

19 сентабрь куни депутатлар томонидан 2023 йилда пойтахтда мавсумий гуллар экиш билан боғлиқ харажатлар учун 6,2 миллиард сўм, гул кўчатлари экиш учун туман ободонлаштириш бўлимларига яна 5,8 миллиард сўм миқдорида (жами 12 млрд сўм) маблағ ажратилиши маъқулланган.

Сентябрдаги қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ободонлаштириш бош бошқармасининг ихтисослаштирилган бўлинмалари ва туман бўлимларига гул кўчатлари харид қилиш билан боғлиқ харажатлар учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиб, жорий йилнинг учинчи чорагида республика бюджети даромадларининг ортиғи билан бажарилган қисмидан қопланади.

Шундан 1,4 миллиард сўми Ирригация хўжалиги ва кўкаламзорлаштириш объектларини таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармасига, 550 миллион сўми Марказий майдонларни ободонлаштириш ихтисослаштирилган бошқармасига, 250 миллион сўми Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш ихтисослаштирилган бошқармасига, 70 миллион сўми Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасига йўналтирилади (жами 2,27 млрд сўм).

гуллар, тошкент, халқ депутатлари кенгаши

Ободонлаштириш бош бошқармасининг 12 та туман бўлими учун 2,73 миллиард сўм ажратилди: энг катта маблағ Мирзо Улуғбек (500 миллион сўм) ва Чилонзор туманларига (400 миллион сўм), энг ками Бектемир (100 миллион сўм) ва Янгиҳаёт (130 миллион сўм) туманларига ажратилди.

«Аввалроқ шаҳар кенгаши томонидан 12 миллиард сўм ажратилиши тасдиқланган. Энди пул зарурат туғилганда ажратилади. Ҳозир 5 миллиард сўм ажратилган. Шундан сўнг ушбу маблағни тақсимлаш тўғрисида ҳокимнинг қарори бўлиши керак ва шундан кейингина маблағ ажратилади. Бунда ҳоким биринчи навбатда 1 миллиард сўм, кейин эса 3 миллиард сўм ва ҳоказолар ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин», — дея изоҳ берди Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати.