Андижон, Бухоро ва Тошкент вилоятларида «Долзарб 40 кунлик» махсус профилактик тадбирлари доирасида бир қатор жиноят олами вакиллари ва «ижтимоий муҳитга салбий таъсирини ўтказишга уринган» шахслар ушланди.

Хусусан, Андижонда 5 декабрь куни ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлар давомида қуйидагиларга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди:

  • Андижон шаҳрида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 104, 277-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этгани учун судланган, 1988 йилда туғилган Киселов Андрей Ходжамқулович;
  • Андижон шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқаро Шодибоев Фаррух Патидин ўғли;
  • Хўжаобод туманида яшовчи 1973 йилда туғилган Эргашев Бахтиёр Тўхтасинович;
  • Хўжаобод туманида яшовчи 1985 йилда туғилган Парпиев Алишер Адхамович.

андижон, жиноий гуруҳларга қарши рейдлар, кўча тўдалари, тошкент вилояти
Фото: Анджион вилояти ИИБ.

Бошқарма хабарига кўра, улар ўзидан «етакчи» ясаб олган ҳамда вилоят ҳудудида оилавий зўравонлик, майда безорилик, валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этганликлари аниқланган.

Ҳозирда уларнинг содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларга алоқадорликлари ўрганилмоқда.

Фуқаролардан ушбу шахслардан жабр кўрганлар бўлса ёки уларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари тўғрисида маълумотларга эгалар бўлса, вилоят ИИБнинг 102 рақами ёки 97−432−10−20 телефон рақамига мурожаат қилишлари сўралди. Мурожаат қилган фуқаро шахсининг сир сақланиши кафолатланади, дейилади хабарда.

Тошкент вилояти ИИББ хабарига кўра, рейд тадбирлари давомида 34 нафар жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олиниб, уларнинг 11 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, 23 нафари маъмурий тартибда қамоққа олинди. Гиёҳвандликка қарши кураш йўналишида, 50 дан ортиқ ҳолатлар фош этилди.

Тадбир давомида, улар ва бошқа шахслардан ноқонуний равишда сақлаб келинган қуйидагилар олинди:

  • 13 дона пневматик ва ов қуроллари, ўқ-дори ва электрошокер;
  • турли ҳажм ва кўринишдаги пичоқ, кастет ва биталар;
  • 11 кг гиёҳвандлик моддалари ва 8 минг 703 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари.

Таъкидланишича, тезкор қидирув тадбирларида жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яширинган 64 нафар қидирувдаги шахслар ушланди, 2 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилиб оиласига қайтарилди.

Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабар қилишича, тезкор тадбирларда аниқланмасдан қолган 22 та жиноят иссиқ изидан фош этилди ҳамда қидирувда бўлган 31 нафар шахслар ушланди.

Бундан ташқари, 1 та одам ўғирлаш ва босқинчилик, 8 та гиёҳвандлик ҳамда кучли таъсир қилувчи психотроп дори воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, 2 та ноқонуний ов қуроли сақлаш ҳамда 9 та бошқа турдаги жиноятлар аниқланди. Мазкур жиноятларда гумон қилинувчи шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, 5 нафарига қамоққа олиш ҳамда 15 тасига бошқа турдаги эҳтиёт чоралари қўлланилди.

андижон, жиноий гуруҳларга қарши рейдлар, кўча тўдалари, тошкент вилояти
Фото: Бухоро вилояти ИИБ.

Шунингдек, рейд тадбирлари давомида 98 нафар шахслар билан манзилли профилактик ишлар олиб борилиб, криминоген вазиятга таъсир қилувчи 38 нафар шахслар маъмурий қамоққа олинди.

Эслатиб ўтамиз, бундай тадбирлар бошқа ҳудудларда ҳам ўтказилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар ва безориликда гумонланиб 19 нафар шахс қўлга олинган. Фарғона вилоятида ҳам жиноий гуруҳга аъзо сифатида кўрилаётган 22 киши қўлга олинган. Улар орасида ММА жангчиси ҳам бор.