7,5 йилга қамалган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев муддатидан олдин озодликка чиқди. Бу ҳақда 6-декабрь куни биринчи бўлиб Ўзбекистон «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, блогер Навоий вилоятидаги колониядан «шартли равишда» озод қилинган.

Маълумотни «Газета.uz»га Орифхўжаевнинг яқинлари тасдиқлади. Унинг 7,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси маошининг бир қисми давлат фойдасига ушлаб қолинган ҳолда шартли жазо билан алмаштирилди. У пробация хизмати ходимлари назоратида бўлади, яъни ҳар қандай қоидабузарлик учун у яна колонияга қайтарилиши мумкин, дея таъкидлади унинг қариндошлари.

Фозилхўжа Орифхўжаев иши

41 ёшли Фозилходжа Орифходжаев давлат хизматчилари, дин соҳасида ҳокимият вакилларининг сиёсатини, шунингдек, айрим масжидларнинг имомларини бир неча маротаба ва кескин танқид қилган.

2021 йилнинг 26 июнь куни Орифходжаев Олмазор туманида жойлашган «Тўхтабой» жоме масжидига бориб, диний блогер Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий номи билан танилган) маъруза қилаётган вақтда уни «мунофиқ» деб атаганди. Таъкидлаш жоиз, уларнинг ўртасидаги можаро бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Ижтимоий тармоқларда улар бир-бирининг номига қарата мурожаатлар, шу жумладан ҳақоратли сўзлар билан чиқишган.

Масжиддаги ҳодисадан сўнг, Фозилхўжа Орифхўжаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (майда безорилик) кўра, 15 суткага қамалганди.

Бироқ, муддат тугаши билан у озодликка чиқарилмаган. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, текширув жараёнида «ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга Фозилходжа Орифходжаевнинг телефонида шубҳали диний мазмундаги материаллар мавжудлиги ва уларни бошқа фуқароларга намойиш этганлиги» ҳақида хабар келиб тушган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига кўра, унинг Facebook ижтимоий тармоғидаги «Фозилхўжа Орифходжаев» номли профилига жойлаштирилган «айрим материаллар диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар сирасига киришлиги аниқланган». Уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.

Тошкент ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ЖКнинг 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатганди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани суди 2022-йил 26-январь куни Фозилхўжа Орифхўжаевни ушбу айбловда айбдор деб топиб, 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилди.

Айбланувчининг адвокати Сергей Майоровнинг айтишича, Орифхўжаевга нисбатан 2021-йил 6-мартдаги постни қайта (репост) жойлаштиргани учун жиноий иш қўзғатилган. Пост «Мусулмоннинг мусулмон бўлмаганларни байрамлари, хусусан, Халқаро хотин-қизлар куни (8-март) билан табриклаши тўғрими?» мазмунида бўлган.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Орифхўжаевнинг ҳибсга олиниши «ўзбошимчалик ва халқаро қонунларга зид» эканини айтди.

«Facebook'да эълон қилинган мусулмон бошқа эътиқод вакилларини уларнинг диний байрамлари билан табриклаши мумкин ёки йўқлиги ҳақидаги пост айримлар учун баҳсли бўлиши мумкин, лекин бу сўзсиз жиноят ҳисобланмайди. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқи соҳасида сўз [эркинлиги] халқаро нормалар билан ҳимояланган», — дейилади инсон ҳуқуқлари ташкилоти баёнотида.

Адвокат Сергей Майоров апелляция шикояти берганди ва материаллар диншунослик экспертизаси қонунбузарликлар билан ўтказилганини таъкидлаганди, бироқ биринчи инстанция судининг қарори ўзгаришсиз қолган.