Uzbekistan Airways Фарғона халқаро аэропортида реконструкция ишлари олиб борилиши муносабати билан 7 декабрдан 31 январга қадар ушбу шаҳарга келиб-кетувчи барча рейсларни бекор қилади, деб хабар қилди авиакомпания матбуот хизмати.

Унга кўра, баъзи рейслар қуйидаги йўналишларда ўзгартирилади:

  • Фарғона — Жидда — Фарғона — Наманган халқаро аэропорти орқали;
  • Россияга учувчи барча рейслар — Тошкент халқаро аэропорти орқали.

Батафсил маълумот учун www.uzairways.com веб-сайтига ташриф буюриш ёки авиакомпаниянинг +998 78 140 02 00 алоқа марказига мурожаат қилиш мумкин.

Uzbekistan Airports компанияси Фарғона аэропортида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Ўзаэронавигация» ДУК томонидан замонавий ускуналар — узоқ масофали DME/NL2700 радиомаёқ ва SP-200 радионавигация ускунаси ўрнатилаётгани ҳақида хабар берди.

«Ушбу ишлар аэропорт фаолиятини тўхтатиш ва уни вақтинча ёпиш учун асос бўлмайди. Фарғона халқаро аэропорти одатий режимда ишламоқда», — дейилади хабарда.

Фарғонага миллий авиаташувчидан ташқари Turkish Airlines, «Аэрофлот», «Азимут», Qanot Sharq, Centrum Air, Utair, Ural Airlines, S7, Silk Avia каби авиакомпаниялар ҳам парвозларни амалга оширмоқда. Ушбу авиакомпаниялар рейсларни кўчириш ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Йўловчилар рейслар ҳақидаги долзарб маълумотларни uzairports.com расмий сайти, Telegram боти, шунингдек, +99855 501 45 55 телефон рақами орқали алоқа марказидан олишлари мумкин.