30 ноябрдан «Хоразм троллейбус бошқармаси» корхонаси Урганч-Хива-Урганч йўналишида троллейбуслар ҳаракатини тиклади, деб хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳаракат юқори кучланишли электр симлари ва трансформаторларида таъмирлаш ишлари олиб борилгани ҳамда электр энергияси бўйича юзага келган муаммолар сабабли 20 ноябрда тўхтатилганди.

Ҳозирда йўналиш бўйлаб 8 та троллейбус соат 6:45 дан 18:45 гача ҳаракатланмоқда.

Урганч ва Хива ўртасидаги троллейбус линияси мамлакатда инқирозни бошдан кечираётган троллейбус тизимининг ягона линияси ҳисобланади. 1999 йилда Самарқанд, Наманган, Андижон, Бухоро, Фарғона, Нукус, Марғилон, Термиз ва бошқа шаҳарларда троллейбус тармоғининг умумий узунлиги 767,5 км ни ташкил этган. Ўша йили республика бўйича 533 та троллейбус бўлган бўлса, 2005 йилга келиб яна 660 та троллейбус сотиб олиш режалаштирилганди.