2023 йил кузи Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг иссиқ бўлди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги матбуот хизмати.

Синоптикларнинг таъкидлашича, нобярь Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг иссиқ ноябрь ойи рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Ҳавонинг ўртача статистик ҳарорати кескин ўзгариб туриши ноябрь ойи учун хосдир. Бундай ўзгариб туришлар ушбу йилда ҳам кузатилди.

«Аммо бошқа йиллардан фарқи — бу ўзгариб туришлар юқори ҳарорат фонида содир бўлди. Ойнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматларга нисбатан юқори бўлди ва фақат совуқ даврда иқлимий меъёргача пасайди. Барча ҳудудларда ҳарорат ўртача иқлимий меъёрдан 3−6 даражага кўп бўлди», — дейилади агентлик ҳисоботида.

куз, ноябрь, ўзгидромет
Инфографика: Ўзгидромет.

Энг иссиқ кунларда максимал ҳаво ҳарорати +23…+28 даражага етди. Минимал ҳарорат фақат республиканинг шимолида салбий қийматларгача пасайди.

«Ноябрь ойининг ўзига хос иқлимий хусусияти — бу ойнинг бошидан унинг охиригача ҳароратнинг тез пасайиши, чунки ноябрь ойининг охири қиш мавсумига ўтишдир. Республика ҳудудининг катта қисмида ойнинг биринчи ярмида кундузги ҳарорат одатда +15…+20 даража, иккинчи ярмида эса +10…+15 даража атрофида бўлди», — дейилади хабарда.

2023 йилнинг ноябрида бундай тенденциялар кузатилмади, ойнинг бошида ҳам, охирида ҳам ҳароратнинг юқори қийматлари кузатилди. Республика бўйича нисбатан қуруқ ҳаво бўлди, ёғингарчилик кам ва меъёр атрофида бўлди.

куз, ноябрь, ўзгидромет
Инфографика: Ўзгидромет.

Таъкидланишича, меъёрга нисбатан ноябрь ойи 2023 йилнинг куз мавсумидаги энг иссиқ ой (меъёрдан 3−6 даража илиқ) бўлди. Октябрь ойида ойнинг ўртача ҳарорати меъёрдан 1,5−2,5 даражага юқори, сентябрь эса ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлди.

Об-ҳаво шароитига кўра, бу йилги куз ҳақиқатан ҳам бахмал (бархат) мавсуми бўлди.

Аввалроқ ўтган октябрь ойи ҳам рекорд даражадаги энг иссиқ ой бўлганди. Олимларнинг таъкидлашича, 2023 йилнинг ўзи тарихдаги энг иссиқ йил бўлиши кутилмоқда.