2023 йилнинг октябрь ойи Ердаги ўртача ҳарорат бўйича рекорд даражадаги энг иссиқ ой бўлди, дея хабар бермоқда Европа Иттифоқининг иқлим ўзгариши бўйича Copernicus хизмати.

Ўтган ойда ўртача ҳарорат 15,3 даражани ташкил этди, бу 2019 йилда қайд этилган аввалги рекорддан 0,4 даражага юқори. Ҳисоботда қайд этилишича, ҳарорат аномалияси ҳам 1991−2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 0,85 даражага юқори бўлган.

Метеорологларнинг таъкидлашича, 1850 йилдан 1900 йилгача саноатдан олдинги даврда ойнинг ўртача октябрь ҳароратидан 1,7 даража иссиқроқ бўлган. Денгиз юзаси ҳарорати ҳам октябрь ойидаги рекорд кўрсаткич — 20,79 даражага етган.

«Октябрь 2023 йилда рекорд даражадаги ҳароратнинг тўртинчи ойи бўлди. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, 2023 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўлади», — дея қайд этди Copernicus директори ўринбосари Саманта Бургесс.

2023 йилнинг сентябри ҳам энг иссиқ деб тан олинган. Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, унинг ўртача ҳарорати 16,38 даражани ташкил этган.

Аввалроқ Copernicus 2023 йилнинг ёзини сайёрада «катта фарқ билан» кузатувлар тарихидаги энг иссиқ бўлганини ёзган эди. БМТ раҳбари Антониу Гутерриш ўшанда сайёра қайноқ мавсумни бошдан кечиргани ва иқлим инқирози бошланганини таъкидлаган.