Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйлаб қуруқ ва ўта илиқ об-ҳаво сақланиб туради, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги матбуот хизмати.

Синоптикларнинг маълум қилишича, декабрь ойи қуруқ ва жуда илиқ ҳаво билан бошланди. Ойнинг биринчи кунларида ҳаво ҳарорати +15…+18 даражагача, жанубда +20 даражагача илиқ бўлди, бу иқлим нормасидан 5−7 даражага кўп ҳисобланади.

Ушбу ҳафтанинг биринчи ярмида кундузи +15…+20 даража бўлади, иккинчи ярмидан ҳаво ўзгара бошлайди.

Кейинчалик булутлилик кучаяди ва ҳарорат фони пасая бошлайди. 8 декабрь, жума кунида ҳаво ҳарорати кечаси 0…+5 даража, кундузи +7…+12 даражагача, шимолда кечаси −2…−7 даража, кундузи 0…+5 даражагача тушиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳрида 4−8 декабрь кунлари ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 4−6 декабрда кечаси +3…+8 даража, кундузи +15…+20 даража, 7−8 декабрда кечаси 0…+5 даража илиқ, кундузи +7…+12 даража атрофида бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ агентлик Ўзбекистонга 9 декабрдан Россиянинг шимолий ҳудудларидан жуда совуқ ҳаво массаси кириб келишидан огоҳлантирганди. Ҳарорат кечалари −17, кундузи -10 даражагача пасайиши, 10−11 декабрь кунлари республика бўйлаб қор ёғиши мумкин.