Ўзбекистонга 9 декабрдан Урал ва Ғарбий Қозоғистон орқали Россиянинг Шимолий Европа ҳудудларидан жуда совуқ ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда.

Ўзгидромет агентлигининг Жаҳон прогноз марказларининг дастлабки ҳисоб-китобларига таяниб хабар беришича, совуқ ҳаво массаси 9−10 декабрь кунлари шимолий ҳудудларга, 11−12 декабрда эса бутун республика ҳудудига тарқалади.

10−11 декабрь кунлари республика бўйлаб ёғингарчилик бўлади (ёмғир қорга айланиши мумкин).

Ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди ва 11−12 декабрда кечаси −7…−10 даражагача, кундузи 0…-3 даражагача пасаяди. Шимолда кечаси −12…−17 даража, кундузи −5…−10 даража совуқ бўлиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳрида 10−11 декабрда вақти-вақти билан ёғингарчилик бўлади (ёмғир қорга айланиши мумкин). 11−12 декабрда ҳаво ҳарорати кечаси −7…−10 даража, кундузи 0…-3 даражагача пасаяди.

«9−12 декабрь кунлари учун об-ҳаво маълумоти маслаҳатомуз ҳисобланади. Агар кескин совуқ янги маълумотлар билан тасдиқланса, Ўзгидромет махсус хабари билан эълон қилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ агентлик Ўзбекистонда декабрь ойи қиш учун хос бўлмаган илиқ об-ҳаво билан бошланиши ҳақида хабар берганди. Ой охиригача ҳарорат кечаси −6…+8 даража, кундузи +2…+18 даража атрофида бўлиши айтилганди.