Бу йилги декабрь ойи совуқ бўлмайди, ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан юқори, баъзи ҳудудларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет хизмати агентлиги матбуот хизмати.

Декабрь ойи қиш учун хос бўлмаган илиқ об-ҳаво билан бошланади. Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати +15…+18 даражагача, жанубда +20…+22 даражагача кўтарилади.

Ҳаво ҳарорати кечаси −1…−6 даражагача, шимолда −8…−13 даражагача пасайиши кузатилади. Синоптикларнинг қайд этишича, декабрь ойи учун бу нормал ҳолат ҳисобаланади.

Ойнинг биринчи ҳафтасида Ўзбекистон бўйлаб ҳавонинг ёғингарчиликсиз бўлиши, ҳаво ҳарорати кечаси +2…+7, кундузи +13…+18 даража бўлиши кутилмоқда. Бундай қуруқ ва илиқ бошланиш Ўзбекистонда жуда кам учрайди, дейилади хабарда.

Кейинчалик — ойнинг охиригача ҳаво ҳарорати кечаси +5…+8 даражадан −3…−6 даражагача, кундузи +15…+18 даражадан +2…+5 даражагача бўлиши кутилмоқда. Ой давомида вақти-вақти билан ёғингарчиликлар кузатилади.

Ўтган йиллардаги декабрь ойи

Сўнгги 50 йилдаги энг совуқ декабрь 1984 йилда бўлган. Кечаси ҳаво ҳарорати совуқнинг энг юқори чўққисида −18…−23 даражагача, баъзи жойларда −25…−27 даражагача пасайган.

2022 йилнинг декабрь ойи биринчи кунлариданоқ қор ёғиши ва ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши билан ўзининг қишки характерини кўрсатган. Жуда совуқ ҳаво деярли ойнинг ўрталарига қадар давом этган. Кечаси бу даврда ҳаво ҳарорати кўпчилик ҳудудларда −10…−15 даражагача, шимолий ва чўл ҳудудларда −19…−24 даражагача пасайган.

Фақатгина республика жанубида ва Фарғона водийсида ҳаво унчалик совуқ бўлмаган, минимал ҳарорат −1…−6 даража атрофида бўлган.

Ўтган йили қор кўринишидаги ёғингарчилик республиканинг марказий туманлари текисликлари бўйлаб қор қопламининг шаклланишига олиб келган ва бу қарийб 10 кун давом этган. Максимал қор баландлиги 7−12 см, баъзи жойларда 13−17 см гача бўлган.Тоғли ҳудудларда қор қопламининг баландлиги 40−90 см га етган.

2021 йил декабрь ойи эса сўнгги 50 йилдаги энг иссиғи бўлган. Республика бўйича ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 2−4 даража юқори бўлган. Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати кундузи +20…+25 даражагача, жанубда +26…+28 даражагача кўтарилган. Республиканинг айрим ҳудудларида ҳавонинг максимал ҳарорати бутун метеорологик кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичларни тақдим этган.

Тошкентда декабрь ойи учун мутлақ максимал ҳаво ҳарорати 1915 йилда кузатилган, у +27,3 даража иссиқни ташкил этган. Декабрь ойи учун мутлақ минимал ҳаво ҳарорати, яъни -29,5 даража совуқ 1930 йилда қайд этилган.