Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 1 декабрь куни Дубай шаҳрида ўтаётган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг (COP28) асосий ялпи сессияси ишида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

«Ҳозирги даврда иқлим муаммолари жаҳондаги барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурди. Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари замонамизнинг энг аянчли экологик инқирозларидан бири — Орол фожиаси туфайли Марказий Осиё ва унга ёндош минтақаларда айниқса жиддий сезилмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг таъкидлашича, Марказий Осиёда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп, сўнгги йилларда фавқулодда иссиқ кунлар сони 2 марта ортди, музликлар майдонининг учдан бир қисми эриб йўқолди.

«Тупроқ емирилиши, мунтазам чанг ва қум бўронлари, ичимлик суви тақчиллиги, ҳаво ифласланиши, биохилма-хиллик қисқариши, ҳосилдорликнинг кескин пасайиши ва кўплаб бошқа муаммолар минтақада истиқомат қилаётган миллионлаб одамларнинг турмуши сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда» — деди давлат раҳбари.

Президент «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаси эканини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Париж шартномаси доирасида Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги Глобал ҳадли механизмни тезроқ келишишга чақирди. Шу маънода, Марказий Осиё иқлим мулоқоти платформасида ишлаб чиқилаётган Мослашув стратегияси қайд этилди.

Давлат раҳбари кеча «Йўқотиш ва зарарлар» глобал жамғармасини ташкил этиш бўйича қабул қилинган қарорни юксак баҳолади. Ушбу механизмлар Жаҳон банки ва халқаро молия институтлари томонидан фаол қўллаб-қувватланиши, энг аввало, иқлим ўзгаришидан катта азият чекаётган мамлакатларга салмоқли ёрдам беради.

Глобал миқёсда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши зарурлиги, бунда ривожланаётган давлатларнинг манфаатлари албатта инобатга олиниши жуда муҳимлиги қайд этилди. Бу долзарб муаммони мунтазам равишда, шу жумладан «Катта еттилик» ва «Катта йигирмалик» форматлари кун тартибларида кўриб чиқиб бориш таклиф қилинди

Оролбўйи ҳудудини Инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар минтақасига айлантириш учун давлат раҳбари бу ерда илғор билим, тажриба ва ечимларни қўллаш мақсадида Иқлим технологиялари халқаро экспо-хабини яратишда барчани яқин ҳамкорликка таклиф этди.

Бундан ташқари, президент Тошкентдаги Green University негизида ташкил этилаётган Иқлим илмий форуми доирасида яқин илмий алмашинувни йўлга қўйиш ва қўшма тадқиқотлар ўтказишга чақирди. Ер деградациясининг олдини олиш, сувдан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатли таъминлаш ва бошқа ўткир масалалар форумнинг кун тартибидан жой олади.

Шунингдек, президент Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан 2024 йили Ўзбекистонда «Иқлим миграцияси» мавзусида конференцияни ўтказиш режалаштирилганини маълум қилди.

Давлат раҳбари Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда «Яшил бандлик» дастурини ишлаб чиқиш, Иқлим ўзгаришининг бандликка таъсирини моделлаштириш марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Иқлим муаммоларини самарали ечишга ёшларни фаол жалб қилиш учун мамлакат БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг Ёшлар форумини ташкил этишга тайёр экани қайд этилди.

Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича умумбашарий ғояларга доимо содиқлигини тасдиқлаб, давлат раҳбари келгуси йили Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ва Марказий Осиё мамлакатларининг умумий ёндашувлари ўз ифодасини топган БМТ Бош Ассамблеясининг алоҳида резолюциясини қабул қилишни қўллаб-қувватлашга чақирди.