Кузга бориб Тошкент кўчалардаги транспорт қатнови билан боғлиқ вазият «2022 йил сентябрига қараганда янада оғирлашади, деди Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Пойтахт транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа бошқармаси директори Мурод Обидов «Газета.uz»га.

У келтирган маълумотларга кўра, Тошкентда ҳар куни 300 га яқин янги автомобиль рўйхатга олинади. Бугунги кунда пойтахтда рўйхатга олинган автотранспорт воситаларининг умумий сони аллақачон 700 мингдан ошган. Шаҳарга кириб келаётган автомашиналарни ҳисобга олинса, Тошкент бўйлаб ҳар куни 800 мингдан ортиқ автомобиль ҳаракатланади.

«Бугунги кунда инфратузилмадаги транспорт юки мумкин бўлган чегара чизиғида. Биз транспорт муаммоларини ҳал қилишимиз, аҳолининг ҳаракатланишга бўлган талабини яқин 5−7 йил давомида қондиришимиз керак», — деди Мурод Обидов.

Кўчалардаги тирбандлик муаммосининг ечимларидан бири жамоат транспортининг устуворлигини таъминлаш ва унинг ишлаши ишончлилигини оширишдан иборат. Қишда марказий кўчаларнинг айрим қисмларида ниҳоят автобуслар ва йўналишли таксилар учун ажратилган алоҳида йўлаклар пайдо бўлди. Улар ҳали ҳамма жойда керакли даражада ишламаяпти, аммо таъсири аллақачон сезилди.

2023 йилда пойтахтдаги мавжуд 34 та асосий кўчаларнинг 13 тасида алоҳида ажратилган йўлакларни жорий этиш, шунингдек, мазкур йўлакларда жойлашган чорраҳаларни мувофиқлаштирилган ҳолда бошқариш учун «ақлли» светофорлар ўрнатиш режалаштирилган. Шаҳарда 190 дан ортиқ шундай чорраҳалар мавжуд.

ажратилган йўлак, жамоат транспорти

150 та чорраҳада (пойтахтда 600 та светофорли чорраҳа мавжуд) светофор объектларининг техник тавсифлари уларни мувофиқлаштирилган бошқарувга улаш имконини беради.

ажратилган йўлак, жамоат транспорти

Ишнинг бажарилиши молиявий сабаблар туфайли кечикиши мумкин, дея огоҳлантирди Мурод Обидов.

2025 йилга бориб жамоат транспортида кунлик йўловчи ташиш ҳажмини 3 миллион йўловчига етказиш режалаштирилган. Бунинг учун автобус паркини тўлдиришдан ташқари, янги метро поездларини харид қилиш керак бўлади.

«Аммо бу ҳам якуний мақсад эмас, чунки бизнинг дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда кунига 6 миллион йўловчини транспортга эҳтиёжи бор. Келгусида талаб контсентрациясидан келиб чиқиб, худди шу автобус тизимини такомиллаштириш ва бошқа жамоат транспорти турларини ҳам кўриб чиқамиз», — деди Мурод Абидов.

«Бошқа транспорт тури» деганда, аввалроқ Мурод Обидов айтганидек, трамвайни ҳам тушуниш керак.

Бир кун аввал транспорт вазири Илҳом Маҳкамов трамвайнинг Тошкентга қайтиши анча вақт талаб қиладиган мураккаб лойиҳа эканини айтган эди. Биринчи йўналиш «Дўстлик» метро бекатидан «Янги Ўзбекистон» боғи бўйлаб қурилиши режалаштирилган Янги Тошкент томон бўлиши мумкин.