Президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни «Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 июлдан бошлаб тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фақат акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилиши ва фаолият кўрсатади.

Бундан ташқари, 1 июлдан бошлаб тўлов тизимлари операторлари учун устав капиталининг энг кам миқдори 50 млрд сўм, тўлов ташкилотлари учун 10 млрд сўм, 2025 йил 1 июлдан бошлаб эса тўлов ташкилотлари учун 20 млрд сўмгача оширилади. Ҳозирда тўлов тизимининг учта оператори (Humo, Uzcard ва Qulay Pul) ва 49 та тўлов ташкилотлари (Payme, Click, Uzum, Oson ва бошқалар) рўйхатдан ўтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ худди шу ҳужжат билан Марказий банкдан Humo тўлов тизимидаги давлат улуши тўлиқ Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.