Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги суд мамлакат фуқаросини «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) таркибида Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун 6 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум қилди, дея хабар бермоқда Tengrinews.

Эркак Қозоғистон Жиноят кодексининг 170-моддаси 3-қисми (Конституциявий тузумни ағдариш ва бузишга ёки давлатнинг ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган қуролли можарода, ҳарбий ва бошқа зўравонлик ҳаракатларида иштирок этиш) бўйича айбдор деб топилди. Ушбу модда бўйича энг оғир жазо мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 10 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳисобланади.

Суднинг аниқлашича, 2023 йилнинг март ойида Қарағанда вилоятида туғилган фуқаро «В Контакте» ижтимоий тармоғида «Вагнер» ХҲКга ёлланиш ҳақидаги эълонни кўрган ва кейинчалик рағбатлантириш эвазига Украинадаги урушда қатнашишга рози бўлган. Эркак Россия ҳудудига бориб, у ерда ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва апрель ойининг охирида Бахмутга юборилган. У ерда «Украинанинг конституциявий тузумига путур етказиш ва ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган жанговар ҳаракатларда қатнашган, бу жараёнда яраланган ва сафдан четлатилган», — дейилади суд матбуот хизмати хабарида.

«Судланувчи айбини тан олди ва пушаймон эканини билдирди», дейилади хабарда. Суд, шунингдек, эркакнинг «Вагнер» ХҲКга ёлланиш орқали топган пулларини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди.

2023 йил май ойида Россиядаги «Вагнер» ХҲК сафига қўшилган яна бир Қозоғистон фуқароси Украинада 9 йилга озодликдан маҳрум қилинганди, дея қўшимча қилган Tengrinews.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Reuters Украинадаги уруш авж олиши фонида Россия Қозоғистонда рус армияси учун кўнгиллиларни қидира бошлагани ҳақида ёзганди. Агентликка кўра, интернетдаги реклама «аниқ мамлакат аҳолисига қаратилган» ва шартнома имзоланган тақдирда 5000 доллардан ортиқ тўлов амалга оширилишини таклиф қилган.