Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни фармацевтика ва электротехника саноатида ишлаб чиқаришни янада қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, охирги олти йилда фармацевтика соҳасида ишлаб чиқариш 3 баробар, экспорт 6 баробар кўпайган. 525 миллион долларлик 177 та лойиҳа ишга тушиб, жами 50 мингта иш ўрни яратилган.

«Лекин бу ҳали мавжуд имконият ва талаб даражасида эмас. Масалан, юртимизда йилига 1,6 миллиард долларлик дори-дармон истеъмол қилинади. Бунда маҳаллий маҳсулотларимизнинг улуши бор-йўғи 18 фоиз, қолгани импорт ҳисобидан қопланяпти», — дейилади хабарда.

Президент сўнгги йилларда бу соҳага катта кўмак ва маблағ берилгани, фармацевтика зоналари ташкил этилганини таъкидлади. «Лекин бундан тўла фойдаланилмаяпти. Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, тадбиркорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулотлари харидоргирлигини таъминлаш керак. Бунинг замирида қанча иш ўрни, қанча одамларнинг розилиги бор», — деди у.

Шавкат Мирзиёев хориж тажрибани ўрганиш, машҳур брендларни мамлакатга жалб этиш муҳимлигини қайд этди. Хусусан, энг кўп истеъмол қилинадиган 50 турдаги дорини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш орқали маҳаллийлаштириш улушини 35 фоизга етказиш топшириғини берди.

Давлат раҳбари Tashkent Pharma Park кластери қурилишини жадаллаштириш, унга хусусий шерикни жалб этиш вазифасини қўйди.

Фармацевтика корхоналарига GMP халқаро стандартига ўтиш ва маркировкалаш тизимини йўлга қўйишда кўмаклашилади. Соҳада 1,5 млрд долларлик 173 та лойиҳа шакллантирилган. Уларни молиялаштириш учун 600 млн доллар йўналтирилади.

Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 2024 йилда 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, 160 млн доллар экспорт таъминланиши маълум қилинди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг янги директори Абдулла Азизов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида бугунги кунда Ўзбекистондан фармацевтика маҳсулотлари экспорти 120 млн долларни ташкил этаётгани, келгусида эса бу кўрсаткични 600−700 млн долларга ошириш режалаштирилганини таъкидлади.

«Бунинг учун бизда етарлича кадрлар мавжуд. Уларнинг малакасини ошириш устида ишлашимиз, олимлар билан ишлашимиз ва оригинал дориларни яратишни ҳам бошлашимиз керак. Ҳозирги кунда соҳада жуда ривожланган АҚШ ва Хитой мутахассисларини жалб этган ҳолда биотехнология йўналишида биринчи босқчида фундамент яратиш, кейинчалик янги ва оригинал дорилар яратиш вазифаси ҳам белгилаб ўтилди, — деди у.

Унга кўра, президент ишлаб чиқарувчилар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш, рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ муаммолари мавжуд бўлса, зудлик билан ҳал этиш, олиб кираётган жиҳозлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берган.

Бу борада агентлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда иш олиб боради.

Бундан ташқари, президент Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорига 16 та фармацевтика кластер шароитини яхшилаш ва уларнинг сонини кўпайтириш, шунингдек, доривор ўсимликлардан фойдаланиш даражасини кескин ошириш (ҳозирги кунда 750 та ўсимлик турининг 75 фоизидан фойдаланилмоқда) бўйича чора-тадбирлар кўриш каби топшириқларни берди.

«Бизда яшириниб ётган потенциалимиз жуда кўп. Бунинг учун Хитой ва Ҳиндистондан кучли мутахассисларни жалб қилган ҳолда янги дорилар яратиш, кластерларнинг ишлаш фаолиятини мукаммаллаштириш вазифаси юкланди», — деди у.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фаррух Шариповнинг айтишича, президент маҳаллий дори воситалари бўйича давлат харидининг очиқ ва шаффоф тизимини ташкил қилиш ҳамда 2024 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзбекистон бозоридаги улушини 10−20 фоиздан 40 фоизга ошириш бўйича топшириқ берган.