Ўзбекистон Бош прокуратураси «Антиструмин» препаратини қабул қилганидан кейин болалар оммавий заҳарланиши ҳолати бўйича уч нафар шифокор аёл қўлга олинганига муносабат билдирди.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари — бош шифокори, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эндокринологи, бош мутахассиси Феруза Ҳайдарова ва ушбу марказ лаборатория мудири, катта илмий ходим ходим, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Болалар бош эндокринологи, бош мутахассиси Насиба Алимова 7 ноябрь куни Яшнобод туман суди қарори билан ҳибсга олиниб, тергов изоляторига жойлаштирилган.

16 ноябрь куни эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва мурувват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Ҳилола Ғаниева қамоққа олинган.

Бош прокуратура «Антиструмин» препарати билан боғлиқ жиноят иши бўйича жиноят-процессуал қонунчилиги асосида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берди.

«Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунига етмаган бўлса-да, жиноят иши доирасида 3 нафар аёл қамоққа олингани ҳақидаги маълумотлар ҳар хил талқин қилинган ҳолда оммавий ахборот воситаларида тарқатиб келинмоқда. Ушбу маълумотлар терговнинг объектив ва холисона олиб борилишига халақит қилмоқда», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Жиноят-процессуал кодекси талабларидан келиб чиқиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган вақтда шахсга доир маълумотларни тарқатиш ва терговга аралашиш қонун билан тақиқланади.

«Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, тергов тугагунига қадар ижтимоий тармоқларда ушбу жиноят ишига оид маълумотларни тарқатмасликка чақирамиз», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Эслатиб ўтамиз, ҳолат юзасидан Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Шавкат Мирзиёевга хат йўллаб, қамоққа олинганларга нисбатан енгилроқ эҳтиёт чораси танланган ҳолда тергов ҳаракатлари олиб борилишини сўраган.