Тошкентдаги Humo Arena мажмуасида қозоғистонлик қўшиқчи Jah Khalib концертига кираверишда тартибсизликлар юзага келгани хақида видеолар тарқалди. Айрим Telegram каналларда ушбу тартибсизликлар вақти фуқаролар вафот этгани айтилди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси «Газета.uz»га ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг 25 ноябрь куни Humo Arena мажмуасига концертга келган фуқаролар концертга киришда тартибсизлик юзага қилган, ҳолат Миллий гвардия ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан назоратга олиниб, оғир оқибатдан содир бўлишининг олди олинган.

«Лекин айрим ижтимоий тармоқ фаоллари ушбу тартибсизлик жараёнида гўёки бир нечта фуқаролар жароҳат олгани ва вафот этганлиги ҳақида асосланмаган ва текширилмаган хабарларни тарқатмоқда. Ўтказилган текширув жараёнида ушбу ҳолатда бирорта фуқаро жароҳат олганлиги ва вафот этгани ҳақида хабар келиб тушмаган», — дейилади бошқарма хабарида.

Шунингдек, ИИББ ижтимоий тармоқ фаолларидан асосланмаган ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўради.

Аввалроқ Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ҳам тартибсизликларда тан жароҳати олганлар йўқлигини маълум қилганди.

Кейинроқ бошқарма фуқаролар томонидан концерт дастури учун чиқарилган 10 мингдан ортиқ электрон чипталар сотиб олинганини билдирди. Ташриф буюрган фуқароларнинг чипталари iTicket ходимлари томонидан махсус сканер қурилмасининг QR коди орқали текширилиб киритилган.

«[Саройдаги] ўриндиқлар тўлган бўлса-да, ташқарида мингдан ортиқ фуқаро қолиб кетиб, кириш истагини билдирган ва ушбу ҳаракатлари билан сунъий тирбандликни содир этган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу фуқароларнинг электрон чипталари кириш жойида такроран тақдим этилганлик ҳолати аниқланган. Ўз-ўзидан маълумки, бундай чипталарга эга бўлган фуқаролар назорат ўтиш жойидан ичкарига қўйилмаган», — дейилади хабарда.

Бошқарманинг қўшимча қилишича, мазкур фуқаролар тақдим этган электрон чипталар танишлари ёки бошқа жисмоний шахслардан совға сифатида ҳамда пул эвазига қўлга киритганликлари маълум бўлган. ИИО ходимлари томонидан айрим фуқаролар электрон чипталарни ўз манфаати йўлида такроран сотганликлари аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Бу каби ноқонуний ишга қўл урган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилади, дея қайд этди Миллий гвардия бошқармаси.