Ижтимоий тармоқларда тарбиячининг ўз тарбияланувчисини уриб «тартибга чақираётганлиги» акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳолат Когон шаҳридаги «Қуёшжон» оилавий нодавлат таълим ташкилотида рўй берган. Мазкур маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида Когон шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганиш олиб борилган.

Жараёнда ушбу ҳолат 2023 йилнинг 20 ноябрь куни соат 9:30 ларда Когон шаҳридаги «Қуёшжон» оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлгани аниқланди. Тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Айни пайтда унинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Болалар омбудсмани ҳам воқеага муносабат билдирди. Унда қайд этилишича, ҳолат ўрганилмоқда. Вояга етмаган Ў.Қ.га нисбатан судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Когон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.