Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг инспекторлари томонидан ўтказилган назорат тадбирида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолати аниқланди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Хусусан, Тошкент шаҳри Бектемир туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси қирғоғидаги муҳофаза минтақасида (дамба) 1 дона экскаватор ва 2 та юк ташувчи транспорт воситалари ёрдамида қум-шағал маҳсулотлари қазиб олингани ва ушбу ҳудудда жойлашган тош майдалаш ва қайта ишлаш цехига ташиб олиб кетилаётгани маълум бўлди.

Вазирлик ҳузуридаги «Яшил лойиҳа» лойиҳалаш институти мутахассислари қум-шағал маҳсулотлари қазилган жойда ўлчов ишлари олиб борган. Натижада жами 57,8 минг метр куб маҳсулот ноқонуний қазиб олингани, бу билан табиатга 34, 7 миллиард сўм зарар етказилган.

Бу билан Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни 18-моддаси ҳамда «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонуни 18-моддаси талаблари бузилган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.

«Етказилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича судга оид товаршунослик экспертизаси тайинланган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган», — дейилади хабарда.