23 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Мусулмонлар идораси раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар бермоқда идора матбуот хизмати.

Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Миср Араб Республикасининг Қоҳира давлат университети ва Тошкент давлат шарқшунослик институтини тамомлаган.

У ўз фаолияти давомида Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори, кафедра мудири вазифаларида меҳнат қилган.

Сиёсий фанлар доктори (DSc), профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов 2023 йил январь ойидан ҳозирга қадар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори вазифасида фаолият юритиб келмоқда. Янги лавозимда у эгаллаб турган вазифасидан ажралмаган ҳолда фаолият бошлайди.