Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Хитойдан нафас олиш йўллари касалликларининг кўпайиши ва болаларда пневмония авж олиши бўйича қўшимча маълумот сўради. Бу ҳақда ташкилот баёнотида сўз борган.

Хусусан, ЖССТ Хитойдан лаборатория натижалари ва грипп, SARS-CoV-2, респиратор синцитиаль вирус (RSV) ва микоплазма пневмониясининг циркуляция тенденциялари тўғрисида маълумот беришни сўрамоқда.

ЖССТ 13 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси вакиллари мамлакатда респиратор касалликлар билан касалланиш ҳолатлари кўпайганини маълум қилганини эслатди. Хитой ҳукумати буни COVID-19 чекловлари олиб ташланиши ва грипп, микоплазма пневмонияси, RSV ва SARS-CoV-2 каби маълум патогенларнинг циркуляцияси билан изоҳлади.

Кейинроқ The Telegraph газетаси бутун дунё бўйлаб одамлар ва ҳайвонлар касалликларининг тарқалишини кузатувчи ProMed маълумотларига таяниб, Хитой шимолидаги болаларда номаълум пневмония авж олгани ҳақида хабар берди. Нашрнинг таъкидлашича, Хитой касалхоналари «касал болалар билан тўлиб-тошган» ва пневмония билан касалланиш ҳолати бутун мамлакат шаҳарларида, шу жумладан, Пекинда ҳам ёмонлашмоқда.

ЖССТнинг аниқлик киритишича, Хитой шимолидаги болаларда номаълум пневмония эпидемияси респиратор инфекциялар билан боғлиқ ёки йўқ, бу ҳали аниқ эмас.

Тайваннинг FTV News телеканали ҳам Хитойдаги болалар шифохоналари тўла экани ҳақида хабар берди. «Кўпчилик касалхонага ётқизилган. Улар йўталгани йўқ ёки қандайдир аломатлар кузатилмаяпти. Уларда шунчаки юқори ҳарорат кузатилмоқда», — деди Пекин аҳолисидан бири каналга.