13 ноябрь куни «Док-1 Макс» иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир нафар гувоҳ ва тўққиз нафар жабрланувчи кўрсатма берди. «Газета.uz» жабрланувчиларнинг кўрсатмаларини матнга туширди.

Судья Мусо Юсупов ва ҳар бир адвокат жабрланувчилар билан мулоқотга киришишдан аввал, ҳар доимгимдек, уларга ҳамдардлик билдирди ва Худодан сабр сўради. Суд жараёнида саволларга имкон қадар оғир-вазмин жавоб бериш илтимос қилинди. Эшитув давомида жабрланувчилардан бири судланувчилар курсисида ўтирган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ директори Сардор Кариев билан муҳокамага киришди. Кариев суд жараёнлари ОАВ томонидан тўлиқ ёритилмаганини таъкидлаб, вазият юзасидан ўз нуқтаи назарини маълум қилди.

Жараён давомида жабрланувчиларнинг жавобларидан келиб чиқиб, судланаётган Quramax Medical компанияси директорининг адвокати Даврон Аҳмадов раислик қилувчи судья Мусо Юсуповдан беморларни ожиз аҳволда қолдириб, ўз ишига совуққонлик билан қараган ва шу туфайли болаларнинг ўлимига сабаб бўлган тиббиёт ходимлари бўйича тергов органига маълумот беришни ва бу бўйича алоҳида ажрим чиқаришни сўради. Адвокатнинг бу илтимосига қўшимча сифатида судланувчилардан бири «ҳар бир шифохонани керакли воситалар билан таъминламаган Соғлиқни сақлаш вазирлигини ҳам шу ишда кўриб чиқиш керак»лигини таъкидлади.

Жабрланувчи Маҳбуба Усмонованинг кўрсатмаси

Жабрланувчи Маҳбуба Усмонова 1981 йил Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. Ҳозирда шу тумандаги 5-мактабда ўқитувчилик қилади. Унинг 2020 йил 27 июнда туғилган қизи — Эъзоза Фозилова 2022 йил ноябрь ойида шамоллашдан даволаниш учун дори ичгач, аҳволи оғирлашиб, вафот этган.

Кўрсатмадан олдинги шахсга оид қисқа савол-жавобдан:

Судья: Оилангиз бор-а?

Жабрланувчи: Ҳа.

Судья: Нечта фарзандингиз бор?

Жабрланувчи: Учта эди (йиғламсираб гапирди — таҳр.)

Судья: Судланувчиларни танийсизми?

Жабрланувчи: Йўқ. Бугун кўргани келдим.

Қизим Эъзоза Фозилова 2020 йил 27 июнда туғилган. У менинг 12 йил кутгач дунёга келган фарзандим эди (шундай деб йиғлаб юборди — таҳр.). Эъзозада 1 ноябрь куни шамоллаш белгилари пайдо бўлди: иситмаси чиқиб, томоғи оғрий бошлади. 2 ноябрь куни Китоб туман кўп тармоқли болалар шифохонасига мурожаат қилдим. Навбатчи врачга учрадим, текширди. «Томоғида қизариш бор экан, шунинг ҳисобига иситма қиляпти» деб, иккита дори ёзди. Биринчиси «Док-1 Макс», иккинчиси (номи айтилмади — таҳр.). «Агар [ҳарорати] 38 дан юқори бўлса, иккинчисидан фойдаланасиз», деди. Мен асосан «Док-1 Макс»дан фойдаландим. Рецептда ёзилган дориларни [шифохона] ташқарисидаги дорихонадан сотиб олиб, фарзандим билан уйга қайтдик.

["Док-1 Макс"] беришни 2 ноябрдан бошладим. Аввало шифокор кўрсатмасидаги миқдорга эътибор бердим, кейин сиропнинг ичидан чиққан йўриқномани ҳам ўқиб чиқдим. Фарзандим 2,5 ёш эди. Адашмасам, икки ва уч ёш оралиғидаги болаларга бериладиган миқдори «2,5 миллиграммдан, кунига уч маҳалгача» деб ёзилганди. Фарзандим боғчага боргани учун дорини, одатда, икки маҳал, кўрсатилган миқдорда берганман.

Ҳеч қачон дўхтирнинг кўрсатмасисиз болаларга [дори] ичирмайман. Албатта, йўриқномага ҳам қарайман, белгиланган миқдори, ёшига эътибор бераман. Айниқса, ёш болаларникига. Мен бу боламни осонликча олмаганман. Соғлиғига жудаям эътибор берардим. У карантин вақтида туғилганди. Фарзандларимнинг иммунитети паст деб уларни шунчалик ҳимоя қилдимки, икки йиллик карантиндан ҳеч бирини касал қилмасдан олиб чиқдим.

Одатда дори ичирганимдан кейин кузатаман. Баъзиларининг [ижобий таъсири] сезилишни бошлайди. Лекин ["Док-1 Макс"]ни ичиришни бошлаганимдан 3−4 кун ўтар-ўтмас боламда иштаҳасизлик, ҳолсизлик бошланди, инжиқланаверди. Яхши томонга ўзгариш кўрмадим, бола шамоллашдан тузалавермади. Йўтал, иситма безовта қилмаяптию бора-бора аввал яхши кўриб ейдиган нарсасини ҳам хоҳламай, емасдан, инжиқланиб боряпти.

Бир ёки икки ҳафта ўтганидан кейинмикан, боғча опалари телефон қилиб: «Болангиз еганини қайт қилиб ташлади, олиб кетасизми?», деди. Ўша куннинг ўзидаёқ олиб келиб, яна Китоб туман шифохонага мурожаат қилдим. Шифокор дори ёзиб: «Яна бир-икки кун уйда қаранг-чи, болангиз кўп ҳам ёмон эмас, яхши-ку» деб, битта антибиотик қилиб жўнатди. Уйга олиб кетдим. Йўқ, икки кунда ҳам ҳеч қандай ўзгариш кўринмади. Аксинча, орқага кетяпти: умуман кўзини очмаяпти, ҳолсиз, овқат емаяпти, еган-ичганини ўша заҳоти қайт қиляпти.

Яна шифокорга боришдан олдин ҳатто белгиларидан гумонсираб, қонини гепатитга ҳам текширтирдим. Бир соатларда гепатит йўқлиги ҳақида жавоб чиқди. Яна шифокорга, пульмонология бўлимига олиб бордим. «Дўхтир, ҳеч қандай ўзгариш сезмаяпман, олиб қолмасангиз бўлмайди», дедим. 21 ёки 22 ноябрь куни шифохонага тушдик. Биринчи кундан боламда сиймаслик ҳолатини кузатдим. Дўхтирга: «Болам, сиймаяпти-ку. Эрталаб таққан памперсим қуп-қуруқ турибди. Юзлари, аста-секинлик билан оёқларида шиш пайдо бўляпти», десам, «Балки ҳеч нарса еб-ичмаётгани учун сувсизлангандир, иккинчи кун ҳам кутайлик-чи», деди. Шифокор назоратида қолдирдик.

Иккинчи кун ҳам худди шу ҳолат кузатилди. Осма уколлар қилишди, ўзгариш йўқ. Учинчи кун ҳам сиймади, яна шифокорга айтдим. Ультратовуш текширув (УЗИ)лар ўтказишини айтди. УЗИ натижаларидан сўнг уч-тўрт дўхтир кўрди-да: «Буйрагида ўзгариш бор. Бизда уни даволайдиган аппаратлар йўқ, Қаршига олиб бормасангиз бўлмайди», дейишди. Кейин билсам, диализ аппарати ҳақида гап кетган экан.

Қаршига йўлланма беришди. Эрталаб 10:00 ларда борсак, Саидов деган врач қабул қилди. Адашмасам, реанимация бўлимига тушдик. Таҳлиллар ўтказишни бошлашди. Болада «креатин» моддаси миқдори ошиб кетгани аниқланди. 16:00 ларда: «Бизда фақат катталарнинг диализ аппарати бор. Болаларники Самарқандда, ўша ерга олиб бормасангиз, бўлмайди. Қанча тез ҳаракат қилсангиз, шунча яхши, боланинг буйраги ишламаяпти», деб йўлланма беришди. Адашмасам, 23 ноябрь эди. Ўша куннинг ўзида, шифокорлар айтган заҳоти Самарқандга йўл олдик.

Самарқанд кўп тармоқли болалар шифохонасининг реанимация бўлимига қабул қилишди. Қайта таҳлиллар ўтказилди. Жавоб олдинги билан хил: «Буйраги ишламаяпти, „креатин“ миқдори ошиб кетган. Бир-икки муолажа қиламиз. Агар шундан кейин ҳам сиймаса, диализ аппаратига улаймиз», дейишди. Натижа бўлмагач, диализга улашди.

Билмадим, ёш болаларда буйрак етишмовчилиги кам учрарканми, кичик ёшдаги болаларга улайдиган катетер аппаратини ҳатто Самарқанддан тополмай, Тошкентдан олиб бордик. Биз уч киши эдик — биттамизга бир кун олдин, икки кишига бир кундан кейин келди.

Диализнинг учинчи кунида шифокор: «Аҳволи оғирлашиб, „креатин“ миқдори [янада] ошиб кетяпти. Ҳамма нарсага тайёр туринг», деб огоҳлантирди.

Шу ўринда Самарқанд шифокорларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Кундузи олиш керак бўлган диализни кечқурун олишимизга тўғри келганда, гемодиализ бўлимидаги мутахассис кечки соат бир бўлишига қарамасдан келиб кетди. Олдин буйрак ишламади, [заҳарли модда] аста-секинлик билан ўпкасига ўтишни бошлади. Диализдан чиқди, лекин аҳволи оғирлашиб қолди. Аппаратларни улаб ташлашди. Кечқурун аҳволи оғирлашди, 2:00 да жуда оғирлашди, тонгги 6:00 га бориб жон берди.

Ўша пайт сўрашганда қандай касал бўлганидан тортиб, нима ичирганимгача, ҳаммасини айтиб бердим. Қарши, Китобдаги [дўхтирлар ёзган] қоғозларни бердим. «Сиз буйрак етишмовчилиги билан келган 15-беморсиз», дейишди.

Боламда шундан олдин ҳеч қандай жиддий касаллик кузатилмаган, оддий касалликлар ҳам оғир ўтмаган. Бунақа муаммони шу дори ["Док-1 Макс"]дан кейин кузатдим. Шуни ичгач, иккита буйраги бир хил вақтда ишламай қолди, ноль. Дўхтир: «Сийса, ўша заҳар чиқиб кетади», деб айтганди. Сийишини кутдик. Ҳаттоки диализ аппаратидан кейин ҳам граммларда сийди. Ваҳоланки, у бир ҳафта давомида сийдик чиқаролмай қийналган эди. Аслида диализдан кейин кўпинча буйраклар ишлаб кетиши керак экан (яна йиғлаб юборади — таҳр.).

Судья: «Док-1 Макс»ни неча кун, неча маҳал ичиргансиз?

Жабрланувчи: Ўзи ҳар қандай дорини узоғи билан беш кун ичираман, ундан оширмайман. Уч маҳал дейилганди, мен икки маҳаллаб ичирдим. Шамоллаш белгилари энди кузатилган пайтда ўйнаб юрганди, ўтириб, ётиб қоладиган даражада эмас эди. Тўғри, иситмаси бор эди, иситмаси тушгандан кейин ўйнаб кетарди.

Судья: Неча граммдан бердингиз?

Жабрланувчи: Адашмасам, йўриқномада кўрсатилгандек ўзининг қопқоқчасида икки ярим миллиграмдан бергандим. Ҳамма, айниқса, оналар эътибор беринглар, ҳеч қачон болангизга дори бераётган пайтда кўр-кўрона, қошиқ билан, ичмаса ҳам тиқиб [берманглар]. [Дориларни нотўғри] ичиргансизлар дейишса, мен қийналаман-да (яна йиғлаб юборади — таҳр.), «мен ичирмовдим-ку, дўхтирнинг айтганини қилгандим-ку, нимага бунақа бўлди?» [дейман].

Шунчалик эътибор берардимки, яқинларим: «Сен шунчалик эътибор берардинг-ку, нимага сенинг болангга шунақа бўлди?», деб ҳайратда қолди. Айтяпманку, дорини дўхтирнинг қоғози бўйича оламан, яна йўриқномасини ҳам очиб ўқийман. Куни, вақт-соати, миқдори, ҳамма нарсасига қарайман. Мен бу нарсага қўшилмайман. Қошиқ-қошиқ тиқилмайди, болага литр-литр дори ичирилмайди (яна йиғлаб юборади — таҳр.). Айниқса, ёш болаларга. ХХI асрда яшаяпмиз. Уқувсиз, ўқимаган одамлар йўқ-ку бу ерда?

Судья: Дорининг қолгани нима бўлди?

Жабрланувчи: Самарқанддалигимизда [шу ҳолатга дори сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини] билганимдан кейин, қизимни олиб келибоқ ҳамма дориларни отиб юборгандим. [Йўл бўйи]: «Балки мен кўп ичириб юборгандирман, нимага бундай бўлди?», деб кўп ўйладим. Уйга келиб қарасам, ҳеч қанча ҳам ичирмаган эканман, анчаси қолиб кетган экан. Айтяпман-ку ҳеч қанақа дорини беш кундан ортиқ ишлатмайман. Тузалиб бўлгач ҳам кейинги сафар шамолласа, ичирарман деб олиб қўйиш хаёлимнинг кўчасига ҳам кирмайди. Бир марта ичираман, ташлаб юбораман. Бўлди, қанчаси қолса, қолиб кетавермайдими?

Судья: Демак, дорини ташлаб юборгансиз?

Жабрланувчи: Ҳа. «Док-1 Макс»ни тўкиб юбориб, унинг идиши ва фарзандимга ичирган ҳар қандай таблеткаларни ташлаб юбордим. Терговчилар телефон қилгандан кейин болаларимга отиб юборган жойимни айтгандим, идишини топиб келишди, топширдик.

Судья: Маҳбуба опа, учинчи фарзандингиз билан олдингисининг орасида 12 ёш фарқ бор экан. Катта фарзандларининг ўғилми, қизми?

Жабрланувчи: Қизига ҳамроҳ қилишни, ўғлига шерик қилишни ким хоҳламайди? Ўзбекмиз, иккита фарзанд билан чекланиб қолишни хоҳламаймиз, лекин ҳаёт — шунча йил кутдим, бўлмади. 12 йил деганда дунёга келганди.

Прокурор: Кимга қандай даъвойингиз бор? Моддий, маънавий, жазо масаласида.

Жабрланувчи: Биринчидан, моддий-маънавий зарарини қоплаб беришларини хоҳлайман. Соғлиғимдан айрилдим, қон босими орттириб олдим, юрагим оғрийди (яна йиғлаб юборади — таҳр.). Энди ёш эмасман, соғлиғим кўтармайди, фарзанд кўролмайман. Буларни эса сизга, судга ҳавола қиламан. Ким бўлишидан қатъий назар, қонун доирасида жазосини олсин.

Жабрланувчи — судьяга: Фарзандим 28 ноябрда вафот этган бўлса, яқинда бир йил бўладида. Мени фақат бир савол қийнайди. Судланувчиларга савол бериш мумкинми? Сардор Кариев (Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ директори)га савол бермоқчиман.

Судья: Мумкин.

Жабрланувчи — Сардор Кариевга: Менинг ичимни кемиради. Ҳалигача бир кун [ҳам] ухламайман, (яна йиғлаб юборади — таҳр.) ўзимни қийнайманки, «мен қаерга хато қилдим, тилсиз, ҳали тили яхши чиқмаган боламни шу аҳволга солиб қўйди, шунчалик қийналди?», деб ўзимга савол бераман. Унинг азоб тортганини кўриш… ишонасизми, шунчалар қийналди, шунчалар қийналди, ҳаттоки «Илтимос, Художон, шунинг жонини оғритмайгина олгин», деб Худодан сўрадим (баттар йиғлаб юборади — таҳр.). Булар ичимда қолиб кетишини хоҳламайман.

Ўзи менинг келадиган ҳолатим йўқ. Операция бўлган бир оёғимни ликкилатиб мошинга миниб, Қашқадарёдан 6 соат йўл босиб келишга мени қийнаган савол етаклади абрланувчи суд залига ҳасса таяниб келганди — таҳр.). Саволим шуки: ўтказган дориларингизни ўзларингнинг фарзандларингизга ичирган бўлармидингиз? Шунақа кўр-кўрона. Мен суд жараёнини кузатиб боряпман, гарчи сизлар йўл қўймасангиз ҳам қисқа-қисқа монтажлардан кўриб боряпман. Шунақа кўр-кўрона, текширилмаган дориларни шахсан ўзингиз фарзандларингизга ичирармидингиз?

Судланувчи Сардор Кариев: Ҳурматли жабрланувчи, авваламбор (жабрланувчи гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Жабрланувчи: Йўқ, мендан кечирим сўраманг. Мен кечиримингизни қабул қилмайман. Инсон сифатида ҳам, она сифатида ҳам ҳеч кимни кечирмайман.

Судланувчи Сардор Кариев: Авваламбор ўзимнинг ҳамдардлигимни билдирмоқчи эдим (овози титраб кетади — таҳр.).

Жабрланувчи: Билдирманг.

Судланувчи Сардор Кариев: Авваламбор, сифатсиз дорини бошқаларга ҳам раво кўрмасдим, ўзимнинг фарзандларимга ҳам ичирмасдим. Лекин бир нарсани сизга айтишим керакки, ҳозир оммавий ахборот воситаларида бутун суд жараёнини тўлиқ беришмаяпти, деб ҳисоблайман. Фақатгина… (жабрланувчи гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Жабрланувчи: Сизларнинг шарофатларингиз билан, биламан буни. Чиқишини хоҳламадингиз. Адвокатлар ўша чиқиб борадиган хабарларни ҳам камайтиришга, қисқартиришга, кўрсатмаслик учун эътироз билдиришди. Майли, биз ота-она сифатида кўндик.

Судланувчи Сардор Кариев: Йўқ, судланувчилар томонидан унақа масала қўйилмади.

Жабрланувчи: Шахсан адвокатлар сўровидан кейин бериб бориладиган маълумотлар тўхтатилди, қисқартирилди, ҳаттоки охирига бориб чиқмай қолди. Ҳар қанақанги Телеграм-каналларига таъқиқ қўйилди, шуни биламан.

Судланувчи Сардор Кариев: Унақа бўлгани йўқ (икки марта такрорлайди — таҳр.).

Жабрланувчи: Хуллас, саволимга жавоб беринг.

Судланувчи Сардор Кариев: Саволингизга жавоб беришга ҳаракат қиламан. ОАВдан илтимос қилинган нарса — суд жараёнига объектив баҳо бериш ва судланаётганларни видеога олмаслик. Уларга бошқа нарсалар ҳақида гапирилмади (жабрланувчи гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Жабрланувчи: Йўқ, менинг саволимга жавоб беринг. Текширилмаган дориларни фарзандингизга ичирармидингиз? Биз ишонамиз-да: Ўзбекистонга кириб келаётган ҳамма нарса, озиқ-овқат воситалари ҳам, дори воситалари ҳам текширилади, кейин берилади. Биз ишонамиз. Ўйламанглар, «ота-оналар кўр-кўрона рецептсиз дорилар олади», деб. Улар: «Давлат буни назорат қиляпти, [шу ишнинг] устида турган одамларнинг назорати остида кириб келяпти», деб ишонади. Мен қўрқмай ичираман, чунки давлатга ишонаман, солиқ тўлайман. Фуқаро сифатида ўзининг, фарзандларимнинг келажагини хавф остига қўйишни ҳеч ким хоҳламайди. Сиз ичирган бўлармидингиз?

Биласизми, энг алам қиладиган нарса, нима? [Дори] болаларимиз ўлиб бўлгандан кейин лабораторияларда текширилиб, сичқонларга берилгани! «Менинг болам булар учун нечта сичқоннинг ўрнини босди экан-а?», деган савол қийнайди мени. Нима учун менинг болам тажриба қуёни бўлди экан? (яна йиғлаб юборади — таҳр.). Тириги-ку бўлганди, кейинчалик ўлганини ҳам [тажриба қуёнчаси] қилишга ҳаракат қиляпсизлар! Нима учун менинг болам, халқнинг боласи қуён бўлиши керак? Бизнинг айбимиз нима?

Судланувчи Сардор Кариев (яна овозлари титраб): Яна бир марта, нима бўлишидан қатъий назар ҳамдардлигимни билдираман. Сизнинг саволингизга жавоб берадиган бўлсам, агар суднинг бошидан ҳозиргача бўлган жараёнларида кузатганингизда… (жабрланувчи гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Жабрланувчи: Менда кузатишнинг имкони йўқ.

Судланувчи Сардор Кариев: Жавоб бериб олай. [Агар суднинг бошидан ҳозиргача бўлган жараёнларида кузатганингизда], ҳозир мана шу ерда [судланувчи сифатида] эълон қилинганларнинг [бу ишларга] қасди бўлган, бу нарсани атайдан қилган ёки бу нарсага совуққонлик билан қараб, бозорга киритиб юборган деган фикрдан йироқ бўлардингиз. Чунки ҳар бир жараён бўйича суд давомида сўроқлар қилинди. Ҳар бир алоқаси бўлган [судланувчи] нима учун Ўзбекистон бозорига сифатсиз дори воситаси кириб кетганига ўзининг вазифаси бўйича фикрини билдирди. Ҳозир шуларни сизга умумий тушунтиришга ҳаракат қиламан. Лекин буларнинг ичига кирмаган одам тушуниши қийин бўлади-да. Халқаро фарм-стандартлар бор… (жабрланувчи уни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Жабрланувчи: Майли, ким бўлса ҳам.

Судланувчи Сардор Кариев: Рухсат беринг, жавоб бериб олай. [Халқаро фарм] стандартлар бор. Ўша стандартларда ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқараётган пайтда танлаб олинади. Мисол учун, Marion Biotech компанияси Британия фармакопеяси асосида пропиленгликол моддасини ишлаб чиқарувчига буюртма берган. Британия фармакопеяси асосида пропиленгликолни ўзининг заводига олиб кирган ва Британия фармакопеяси асосида сифат назоратини ўтказган деб ҳисоблайман.

Ҳужжатини кўрмаганман, лекин ўзим ишлаб чиқарувчилардан бўлганим учун бу жараённи тўлиқ тасаввур қиламан. Британия фармакопеясида этиленгликоль билан дециленгликолнинг текшириш параметри кўрсатилмаган. Шунинг учун уларнинг лабораториясидаги ходимлари ҳам фақатгина пропиленгликолни тегишли бўлган параметр доирасида текширган. Тергов жараёнида тушунишим бўйича, Ҳиндистондаги ишлаб чиқарувчи ҳам олган хомашёсининг ичида этилингликол ва децилингликол мавжудлигини билмаган.

Ишлаб чиқариш жараёнида ишлаб чиқарган, қўшган, аралаштирган, сиропини қўшган ва тасдиқланган норматив ҳужжатлар асосида сифат назоратидан ўтказган. Ўша стандарт асосида ҳаммаси сифатли чиққан. Этиленгликоль билан дециленгликолни текширмаган. Чунки у нарса кўрсатилмаган.

Худди шу сироп бизга, Ўзбекистонга келган. Биздаги мутахассислар ҳам, мана бу ерда ўтирган ҳамма айбдор, залда ўтирганлар ҳам бор. Айбдор демайлик — мен уларнинг раҳбари сифатида уларни айбдор деб ҳисобламайман. Ҳаммаси ўзининг йўналиши бўйича ўзининг ишини қилган. Яъни, фармакопея ходими ҳам халқаро стандартлар асосида ўша норматив ҳужжатларни тасдиқлаб берган. Ундан беш йил олдин ишлаган, ундан тажрибалироқ [компания] ҳам ўша 2017 йилдаги [норматив ҳужжатлар асосида ишлаган]. [2017 йилда нормативни тасдиқлаганларга] ҳам: «Сен нимага 2017 йилда тасдиқлагансан?», деган саволни [бердим]. У ҳам халқаро стандартлар асосида тасдиқлаганман, [деб жавоб беряпти]. 2011−2012 йилларда ҳам ўша стандартлар асосида тасдиқланган.

Агар ҳозир бу ерда ўтирганларнинг ҳаммаси айбдор деб фикрлайдиган бўлсак, унда беш йил олдин тасдиқлаганларни ҳам, 2012 йилда тасдиқлаганларни ҳам олиб келиб, қамашимиз керак-да. Демак, 2012 йилда ўша стандарт тасдиқланяпти, худди ўша параметр бўйича ўтяпти. 2017 йилда тасдиқланяпти, яна худди шунақа параметр бўйича ўтяпти. 2012 йилда бошқа раҳбар, бошқа мутахассис, бошқа бўлим бошлиғи бўлган. 2017 йилда ҳам бошқа раҳбар, бошқа мутахассис, бошқа бўлим бошлиғи бўлган. Бу ерда ҳам [2022 йил] худди шунақа бўлган. Мен раҳбар бўляпман, бошқа бўлим бошлиғи, бошқа мутахассис бўляпти. Худди шу стандартлар бўйича тасдиқланиб келяпти.

Яна бир марта айтаман, уларни нотўғри қилган, деёлмайман. Тергов нима дейишидан қатъий назар, мен шу соҳада 20 йил ишлаган одам сифатида улар нотўғри қилган демайман. Балки чуқурроқ ўрганиш мумкин бўлгандир, балки бошқаси бўлгандир, лекин у нарсани ўша пайтда ўтириб олиб совуққонлик қилиб, кимнингдир боласини сичқонга ўхшатиб синовдан ўтказамиз деган нуқтаи назаридан қилмаган (овози титраб кетади — таҳр.). Қилмаган. Биттасида ҳам унақа [бўлмаган]. Ҳаммасининг фарзанди бор, бу ишлар бўлган пайтда ҳамма… (жабрланувчи уни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Жабрланувчи: Лекин нимага ишларингда бунчалик лоқайд ва бефарқликка йўл қўйдинглар? Мана, [кейин] текширганда чиқди-ку. Шу нарсани олдинроқ қилиш мумкин эди-ку.

Судланувчи Сардор Кариев: Сизга шу нарсани яна бир марта тушунтиришга ҳаракат қиламан. Ўзбекистонда ҳар йили мингдан зиёд, дунёда 100 минглаб дори воситалари рўйхатдан ўтади. Шунинг учун ҳам мана шу дорини мана бу стандарт бўйича текширасан, деган халқаро стандартлар белгиланади. Ўша фармакопея халқаро стандартини бизникилар ҳам қабул қилган. Энди у ёқдаги хатоликни оладиган бўлсак, бошидан 1990 йилларга қайтиб, ўшани тасдиқлаган, Британияда ўтирган қанақадир одамни ҳам бу ёққа олиб келиб қўйишимиз керак-да (яна овози титрайди — таҳр.). Нима учун ўша пайтда сен битта фармакопея бўйича бошқача… (жабрланувчи уни яна гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Жабрланувчи: Энди кўза кунда эмас, кунида синади-да. Сизга шунақа тўғри келди. Демак, сиз жавоб беришингиз керак.

Судья: Жабрланувчи, бунга суд баҳо беради. Яна саволингиз борми?

Судланувчи Сардор Кариев: Булардан бошқалар ҳам шу саволни беради-да. Рухсат беринг, охиригача гапириб олай.

Судья: Марҳамат.

Судланувчи Сардор Кариев: Энди ҳаммаси мана шу жойлардан ўтиб келди. Экспертлар кенгаши ишлади, ҳаммаси шу нарсани кўрди, ўрганди, фикрини билдирди, шу дори қабул қилинди, бозорга киритилди. Киргандан кейин бизда қонун бўйича ҳар беш йилда бир марта давлат рўйхатидан ўтказилади, ундан кейин сертификатлашга боради. Сертификатлашдагиларни ҳам айбдор деб ҳисобламайман. Майли, камчилиги бўлгандир, бошқа нарса қилгандир, лекин уларни ҳам айбдор деб ҳисобламайман. Улар ҳам ўша тасдиқланган ҳужжат бўйича сифат назоратидан ўтказган, бозорга киритган.

Мана шу ерда ўтирган (судланувчилардан бирини кўрсатиб — таҳр.) С.Р.Пни ҳам айбдор деб ҳисобламайман. Бу ҳам Ҳиндистондаги заводнинг Ўзбекистондаги вакили. Нима, у тайёрланишида ўтирибдими, хомашёсини бирга сотиб олибдими? Айби бўлса, бошқа нарсада бордир, лекин мана шу сиропда йўқ деб ҳисоблайман (яна овози титраб кетади — таҳр.).

Тўғри, ҳозир: «[Унда] бу ерда ким айбдор, сен раҳбар бўлиб қарамагансан?», дейишингиз мумкин. Билмайман, «кўза кунда эмас, кунида синади», деганингиздек (яна овози титрайди — таҳр.) шу нарса бўлди, менинг давримга тўғри келди. [Бунақа нарса содир бўлиши] менинг ҳам тушимга киргани йўқ. Бир йил олдин кимдир: «Шунақа сиропдан 60 дан ортиқ бола вафот этаркан (яна овози титрайди — таҳр.), сен қамаларкансан» деганида, «Жинни бўлиб қолибсан», дердим.

Раҳбар сифатида нимани нотўғри қиляпман — лабораториядаги барча ходимларнинг ойлигини ошириб беряпман, ходимларнинг керакли штатларини тўғрилаб беряпман, лабораторияда керак бўладиган ҳамма нарсани олиб беряпман (яна овози титрайди — таҳр.), миллион-миллион долларлик аппаратларни олиб беряпман, бундан ташқари Ўзбекистонда дориларнинг сифати бундан ҳам юқори бўлсин деб, давлат раҳбарига кириб: «Ҳурматли президент, [биздаги] давлат корхоналарига мана шу инспекцияни мажбурий қилдиртирайлик», деб мендан олдингилар қилмаган инспекцияни мажбурий қилдиртирдим. Шу ерда коррупция ҳолатлари бўлмасин деб давлат раҳбарига чиқиб: «Чет элникига ишонмайлик, ўзимизда қилайлик», деб клиник синовларни президентнинг қарорларига қўштирдим.

Ўзимни совуққонлик қилдим демайман, ниманидир [кўролмай/қилолмай] қолгандирман балки, лекин совуққонлик эмас. Мана шу ташкилотнинг раҳбари сифатида жабрланувчиларга, оммавий ахборот воситаларига, ҳаммага айтмоқчиман — шу ерда ўтирган ходимларнинг бирортасининг ҳам қасддан қилган қандайдир айби йўқ, деб ҳисоблайман (овози яна титраб кетади — таҳр.). Шу фикрда қоламан.

Жабрланувчи: Кимнидир айбдор дейишдан йироқман. Буни суд ҳукмига топшираман, ўзи қонуний жазосини қўллайди. Майли, ким айбдор бўлса, жазосини олсин. Бефарқлик, лоқайдлик — бу жуда қийин нарса.

Судланувчи Сардор Кариев: Қийин нарса. Фожиа бўлган. Мисол учун, сиз бизни 10 ойдан бери энди кўряпсиз. Ўша фожиалар бошланган пайтда мен ўзимнинг ўтирар жойимни тополмаганман.

Жабрланувчи: Ўша пайт мен ҳам бунақа гапиролмасдим. Ўзимни босиб, руҳан тайёрлаб келганман.

Судланувчи Сардор Кариев: Мен ҳам бошида шунақа фикрда бўлганман: «Нима хато қилдимки, ходимларим нима хато қилдики, мана шу воқеалар содир бўлди?», деб ўзимни қайта-қайта сўроққа тутганман, [ходимларимнинг] ҳаммаси билан гаплашиб чиққанман.

Жабрланувчи: Мен ҳам ҳозиргача шу нарсани айтаман: «Қаерда, нима хато қилдим? Мен шу нарсани…» (судья уни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Судья: Маҳбуба, яна саволингиз борми?

Жабрланувчи: Йўқ, қонунга топшираман. Булар учун одил ҳукмни ўқинг. Маънавий зарарни қоплаб беришади. Чунки бунинг ортидан мен соғлиғимни йўқотдим. Ҳаммасини Худога солдим! У ерда жавоб бера олсаларинг бўлди. Мен биламан, ким айбдор бўлса, у ерда юзма-юз бўлади. Бу ерда-ку майли — ҳаммангиз у ерда жавоб берасиз.

Судья: Маҳбуба опа, сиз моддий-маънавий зарар сўраяпсиз. Шунинг қийматини айта оласизми? Неча пул сўрайсиз?

Жабрланувчи: Ҳаммага қанча лозим топилса, шунча. Бунча деган нарсани мен сўзда ишлатмайман.

Судья: Тушунарли. Саволлар борми?

Адвокатлардан бири: Биринчи марта 1 ноябрда фарзандимнинг мазаси бўлмай қолди, дедингиз.

Жабрланувчи: 2 ноябрь куни дўхтирга олиб борганимни биламан.

Адвокат: Шунда узоғи беш кун, икки маҳалдан, икки ярим миллиграмм [дори] берганман деяпсизда.

Жабрланувчи: Йўриқномага амал қилганман.

Адвокат: Кейинги марта шифокорга борган санангизни эслай оласизми?

Жабрланувчи: (Жимлик — таҳр.).

Адвокат: Агар эслолмаётган бўлсангиз, дастлабки терговда «17 ноябрь куни тана ҳарорати кескин кўтарилди, ҳолсиз, иштаҳасиз бўлиб қолди. 18 ноябрда Китоб туман болалар шифохонасига олиб бордим», деяпсиз.

Жабрланувчи: 18-санада бордим. Кўрдилар ва «Жуда ваҳима қиладиган нарса эмас. Касал жуда кўп. Ҳозир сизни олиб қололмайман, антибиотик ёзиб бераман, ўзимнинг назоратимда қолади», дедилар. Ўша куни шамоллашга қарши антибиотик қилганларидан кейин мен фарзандимни яна уйга олиб кетдим. 18-куни кетяпман. Адашмасам, ўртада шанба-якшанба бўлиб қоляпти, шунинг учун мен боролмаяпман. Душанба куни ҳам болам яхши тарафга ўзгармаяпти. Аксинча, яна баттарлашди, умуман кўзини ҳам очмай қўйди. Қайтиб бориб, «Энди олиб қолмасангиз бўлмайди. Мен шифохонага ётаман», деб туриб олдим.

Адвокат: Антибиотикни касалхонада қилдирдингиз-а?

Жабрланувчи: Иккита қилиниши керак экан. «Биттасини ўзимнинг назоратим остида ўтказамиз, биттасини уйда фалон соатда оласиз», деб яна қанақадир антибиотик ёзди.

Адвокат: Мана шу антибиотик олишидан олдин, «Док-1 Макс» ичиб юрган вақтда яна бошқа дориларни ичиртирганмисиз, йўқми?

Жабрланувчи: Йўқ. Агар иссиғи чиқса, «свеча»дан фойдаланган бўлишим мумкин. Лекин ҳеч қанақа сироп сотиб олмаганман.

Адвокат: «Док-1 Макс» қабул қилишни бошлаганда, 2-санадан 18-санагача иссиғи чиққанмиди?

Жабрланувчи: Бундай ҳолат кузатиляпти: ўйнаб юрган бола ўйнамаяпти, овқат еб юрганди — емаяпти. Кейин охирларида, 17-сана кечқурун иссиғи чиқяпти, ўшанда «свеча»дан фойдаланиб, тез ёрдам чақирдим. Қўшимча ҳеч қанақанги сироп ичирмаганман.

Адвокат: Кейин фарзандингиз шамоллаш пайтлари боғчага ҳам бориб турди-а?

Жабрланувчи: Бошида, 2-санада дори ичирганимда ўйнаб ҳам кетарди-да. Шунда ўртадаги бир-икки кундан кейин бир ҳафтами, беш-олти кунми боғчага ҳам қўйдим.

Адвокат: Охиригача, 17−18-гача [боғчага] боряпти-да, шундайми?

Жабрланувчи: Шу «қайт қиляпти» деганда олиб кетдим-да.

Адвокат: Қайт қилгандан кейин шифохонага олиб борганмисиз?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: 17−18-санагача қайт қилмади-а лекин?

Жабрланувчи: Боғчадан олиб келганимдан кейин ўзим ичирган нарсамни ҳам қайт қилди. Бундоқ олиб қарасак, доридан бир ҳафта ўтиб болада яна [янги] симптомлар пайдо бўляпти, бола тузалиб кетмаяпти. Энг муҳим жиҳатига эътибор берадиган бўлсам, ҳар кун ейдиган энг яхши кўрган нарсасини ҳам емайдиган бўлди, охирги кунлар тана ҳарорати ҳам кўтарилишни бошлади.

Адвокат: Демак, «Док-1 Макс» ичаётган пайтда қайт қилмаган. Ичиб бўлгандан кейинги 1−2 кунда ҳам қайт қилмаган.

Жабрланувчи: Айтяпман-ку, «Док-1 Макс»ни мен жуда кам миқдорда берганман.

Адвокат: Идишини ташлаб юбордим дедиз-а?

Судья: Савол қайтариляпти. «Ташлаб юбордим», деди.

Адвокат: Аниқлаштиряпман.

Жабрланувчи: Лекин мен аниқ биламан, Самарқанддан келгандан кейин ичидагини тўкиб, идишини отдим. Қолган таблеткаларни шундоқлигича отдим.

Адвокат: Қаерга отдингиз?

Жабрланувчи: Уйимизнинг орқа тарафида ортиқча ер бор. Ўзи бир ташлаб юбориш ҳам хаёлимга келди. Лекин негадир ҳаммасини отиб юбордим-да. Тергов ўтгач, «шуни топсангиз, яхши бўларди», дейишгандан кейин болаларимга: «Отган жойимга қаранглар-чи, ҳеч бўлмаса идиши тургандир», дегандим. Ҳақиқатдан, расво бўлиб ётган экан, дориси йўқ эди.

Адвокат: Сизга ювиб олиб келиб беришди, шундайми?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: [Вазият шунақаки], ўша идиш сизникими, сизники эмасми аниқ айтолмайсиз.

Жабрланувчи: Аниқ [меники].

Адвокат: Энди сиз назоратсиз жойга отдим деяпсиз-ку.

Жабрланувчи: Йўқ-йўқ. Қаранг, уйнинг орқасида ўзимга тегишли ер бўлади-ку, 2−3 метр қўшимча ерим. У менинг ҳудудим. Биз [қўшнилар] билан бир-биримизнинг чегарамизга умуман аралашмаймиз. Бир-биримизга нарса ташламаймиз.

Бошқа адвокат: Қарши шаҳридаги дўхтирларга бирор эътирозингиз борми? Чунки сиз борганда «болангиз яхши» деб антибиотик ёзиб беряпти.

Жабрланувчи: Йўқ, «яхши» демаяпти. «Жой йўқ. Уйда шу антибиотикни олиб туринг», деб жўнатган.

Адвокат: «Док-1 Макс»ни ёзиб беришдан олдин УЗИ қилмаган, бошқа текширувлардан ўтказмаган. «Агар вақтида, тўғри даволаниш бошланса, балки бошқача бўлармиди?» деган саволингиз бўлмаганми?

Жабрланувчи: Балки ўша вақтда шифокорларни айблагандирман. «Назорат қилмадиларинг. Вақтида Самарқандга борганимизда, диализлар тезроқ олинганда шунақа бўлмасмиди?», деган фикр ўтди. Лекин ўйлаб қарасам, шифокорлар боланинг даражасидан келиб чиқиб имкон қадар ёрдам қилишга ҳаракат қилди. Қанақа аҳволда олиб борган бўлсам, ўша ҳолатни яхшилашга ҳаракат қилди.

Адвокат: [Менинг ҳам] Самарқанд дўхтирларига ҳеч қандай саволим йўқ. Қаршидагиларни назарда тутдим. Аввал уйингизга жўнатяпти, УЗИни учинчи кунда қиляпти-да, кейин Самарқандга жўнатяпти. Нормал қарамаяпти.

Жабрланувчи: Мен фарзандни қандай катта қилишни биламан, Эъзозамдан олдин ҳам икки болам бор. Дорининг таркибида ножўя таъсир қиладиган элемент бўлмаса, ичгандан кейин орқага кетишга эмас, шифога хизмат қиларди. Лекин бунда акси бўлди. Тўғри, шифокор хато қилгандир, лекин улар имкон даражасида қўлидан келган ҳаракатни қилди. Уларни ҳам айблашга ҳаққим йўқ. «Балки, балки» билан бошланадиган саволларим кўп.

Судья: Саволлар йўқми? (Маълум жимликдан сўнг, жабрланувчига): Опа, раҳмат сизга.

Адвокатлардан бири — судьяга: Прокурор жабрланувчилардан моддий-маънавий даъвоси [бор-йўқлигини] сўраяпти. Қонунчиликка кўра, давлат томонидан иштирок этадиган прокурорда моддий ва маънавий зарар ундириш масаласи турган бўлса, даъво аризаси киритилиши керак. Ҳозир [эса] қанча моддий, қанча маънавий зарар тўланишини ҳеч ким билмайди. Судланувчиларнинг қариндошлари бир марта ўзидан билиб берса, у ҳам ўзининг бошига калтак бўлиб тушди. [Ҳозирги вазиятда] ёрдам берса ҳам, ёрдам бермаса нотўғри [бўляпти/ҳисобланяпти].

Ҳурматли суд, шунинг учун моддий зарарнинг қонунчиликда мавжуд ҳисобланишини жабрланувчиларга тушунтириш [керак]. Масалан, турли тадбирлар ўтказган, терговга келиб кетган, умуман, нима харажатлар қилган, шуларни ҳисоблаб, ариза билан мурожаат қилсин. Маънавий зарарга келсак, ҳаммамизга маълумки, бунда аниқ бир сумма йўқ. Лекин бу бўйича ҳам сўрашса, даъво аризаси киритишсин. Кейин биз муҳокама қилайлик-да, агар тўлайдиган бўлса, қариндошлари тўласин. У ҳам енгиллаштирувчи [бўлиши] ҳамда жабрланувчиларнинг фойдаси учун [бўлиши мумкин].

Судья: Ҳурматли жабрланувчилар, даъвойингизни суд кўриб чиқади. Фақат моддий даъво кўрилган реал зарарни тасдиқловчи ҳужжат асосида бўлади. Адвокатимиз шуни тақдим қилиб кейин ўша масалани кўтарсин, деган маънода айтяпти.

Жабрланувчи: Болалар-чи? Келиб-кетиш харажатларидан ташқари — болалар-чи?

Судья: Маҳбуба опа, инсонини йўқотиб қўйиш — оғир нарса. Сиз моддий ёки маънавий даво деб фикрингизни билдирсангиз, суд уни кўриб чиқади.

Жабрланувчи Озоджон Нуруллаев кўрсатмаси

Жабрланувчи Озоджон Нуруллаев 1986 йил Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Ҳозирда Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшайди. Унинг 2020 йил 28 март куни туғилган қизи — Нигина Одилова 2022 йил октябри охирларида шамоллашдан даволаниш учун дори ичгач, аҳволи оғирлашиб, 2022 йилнинг 14 ноябрь куни вафот этган.

Жабрланувчи: 2022 йил октябрь ойининг охирларида, ҳаво салқинлаб қолганиданми, қизим Нигина Одилованинг томоғи қизариб, тана ҳарорати бироз кўтарилди. Ишда эдим, аёлим телефон қилиб қизимнинг ҳолатини билдириб, «дорихонадан дори олиб келайми?», деди. «Майли», дедим. Ундан олдинги икки ўғлим каттароқ бўлгани учун, бунақа шамоллашларда ҳамширадан кўра аёлимнинг ўзи болага яхшироқ қарарди. Дорихонадан «Док-1 Макс», «парацетамол-свеча»лардан олиб келган.

Аёлим доимий одатига кўра, дорини, хусусан, сиропни ҳам йўриқномасини ўқиб, кўрсатилгани бўйича ичирган. Эрталабларда қизимнинг «температура»си тушган. Ўйнаб, аҳволи сал яхшиланган бўлгану кечга бориб томоғи яна қизара бошлаган. Иккинчи кун ҳам шундай юриб, учинчи кундан сийдик ажралиши камайиб, қайтариб, ҳолсизланишни бошлаган. Аввалида «иссиғига қарши «свеча»дан фойдаланганимиз учун терлаяпти, танасидаги сув шу йўсиндан чиқиб кетяпти, шунинг учун сийдик ажратмаяпти», деб кўп ҳам эътибор бермадик. Иккинчи кун яна шу ҳол такрорланган — сийдик чиқмаган. Кечқурун ишдан келганимда аёлим: «Борган сари олдинга эмас, орқага кетяпти, икки кундан бери сиймаяпти», деди.

Аёлим 4 ноябрь тонгида болани Зарафшон шаҳридаги ўзимиз бириктирилган поликлиникага олиб чиққан. У ерда «отангга бор, онангга бор» қилиб, соат 11:00 гача бирор дўхтир қарамаган. Эшикма-эшик юравериб, тасодифан Навоийдан бир ойлик командировкага келган врачнинг қабулига кириб қолган. 15 кун олдин бизники каби ҳолат Зарафшон шаҳридаги бошқа беморда ҳам кузатилган, бундан эса ўша врач хабардор бўлган экан. У тезда УЗИга тушириб, ўша заҳоти Навоий вилояти кўп тармоқли болалар марказига йўлланма берган.

Мен ишдан жавоб олдим-да, йўлга чиқдик. Йўлланма бўйича бизни қабул қилган шифокор УЗИ текширувларидан ўтказиш ва реанимация бўлимига ўтказишни буюрди. Жума куни кечқурунги ҳолат эди. Шу билан иш вақти тугаб асосий врачлар кетди. Биз эса навбатчиларга қолдик.

Тунда реанимация бўлими бошлиғи билан шифохона бош врач ўринбосари ўзаро маслаҳатлашиб нима бўлгани ва биз нима қилганимизни бошидан сўраб чиқди. «Док-1 Макс» ҳақида эшитгач, ўша вақтда яна тўрт-беш беморлар ҳам шу дорини қабул қилиб, аҳволи ёмонлашгани, диализ олиб жонлантириш бўлимига даволанаётганлигини билдирди.

Шанба тонгида боланинг икки буйраги ишламаётгани, сийдик ажратмаётгани, зудлик билан диализ қилиш кераклигини айтишди. «Навоийда болаларнинг диализ аппарати мавжуд эмас, фақат катталарники бор. Ўзингиз Бухорода туғилган экансиз. Зудлик билан ё Бухоро, ёки Самарқандга олиб кетишингиз керак», дейишди. Мен врачга: «Бухорода туғилган бўлсам ҳам пропискам Навоийда. Қаерга бориш керак бўлса ҳам йўлланма беринглар», десам, бирдан: «Диализни ўтказамиз, фильтр йўқ, фильтр топиб келинглар», деб қолди.

Шанба куни соат 16:00 эди. Бола анчайин ҳолсизлашиб қолган. Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар шифохонасидан Баҳодир ака Ғаниев орқали таниш-билиш қилиб, икки дона фильтр олдирдик. Навоийдаги дўхтирлар: «Бу шанба-якшанбани ўтказишга. Душанба куни олиб кетасизлар», дейишди. 22:00 лар атрофида фильтр келди. Диализ бўлимининг бошлиғига олиб борсак, «Фильтр ўзимизда бор-ку, нега олиб келдингиз», деди. Биз қайси бўлимга ишонишни билмай қолдик. Ўртада бола сарсон. Фильтрни олиб кириб кетди. Ўша фильтрдан фойдаландими, бошқасиданми, буёғи бизга қоронғи. Нима бўлганда ҳам ўша тунда биринчи марта диализ қилишди.

Якшанбада ҳам кечки пайт диализни ўтказди-ю, душанба — 7 ноябрь куни Самарқанд вилояти врачлари билан гаплашиб, ўша ерга йўлланма берди. Биз Навоийдан чиқиб Самарқандга келгунча соат 16:00 лар бўлиб қолган, унгача аксар врачлар кетиб бўлган экан. Яхшиям Баҳодир ака Ғаниев ҳали кетмаган экан. Болани кўрдилару реанимация бўлимига жойлаштирдилар. «Кейинги кун, сешанбада диализга оламиз», деб бир шогирдларига айтдилар. У уддалай олмади. Хуллас, сешанба куни ҳам диализ ўхшамай, чоршанба кечқурунга қолдирилди.

Сешанба кечқурун муолажасини қилиб турибдию, лекин бола шишган, оғир аҳволда, аллақачон комага тушиб бўлган эди. Чоршанба куни диализ қилишдан олдин бизга: «Катетер йўқ, катетер топиб келинглар», дейишди. Ўша пайт Самарқандда саммит бўлаётганди, шекилли, йўллар ёпиқ экан. Тунги соат 2:00 да, Тошкентдан, Сергелининг қайсидир дорихонасидан икки дона катетер топдим. Келгунимча пайшанба куни эрталаб бўлди. Пайшанбада диализ ўтказилди. Лекин айтгандек ўхшамади. Болам оғирлашиб, шишиб, сўнгги кунларига яқинлашган эди. Укол-дори, аппаратлар билан 14 ноябргача ушлаб туришди. Шу куни жони узилди.

Судья: «Док-1 Макс» дори воситасини неча марта ва қанча миқдорда берилганини биласизми?

Жабрланувчи: Аёлим уч-тўрт кун давомида йўриқнома асосида эрталаб ва кечқурун «температура» қилган вақтда берганини айтган.

Судья: Аниқ [уч-тўрт кунлигини] биласизми?

Жабрланувчи: Ҳа. Чунки шамоллашдан кўп ўтмай, болада қайт қилиш ва сийдик ажратмаслик кузатилди.

Судья: Дори воситасининг қолгани нима бўлди?

Жабрланувчи: Ҳаммаси чиқариб ташланган.

Судья: Топилмадими?

Жабрланувчи: Йўқ. Қизим вафот этган 14 ноябрь санасида шу доридан деган тахмин бор эди-ю, лекин аниқ айтилмагани учун бизда шубҳа бўлмаган. Боргунимизча ҳамма нарса йиғиштириб бўлинган экан.

Прокурор: Кимга қандай даъвойингиз бор?

Жабрланувчи: Судлов ҳайъатига қолдираман.

Прокурор: Жазо масаласида-чи?

Жабрланувчи: Жазо масаласида ҳам.

Судья: Адвокатларимиз, судланувчиларимизда саволлар бўлса, марҳамат.

Адвокатлардан бири: Катетер йўқ, фильтр йўқ деган врачлар устидан Навоий, [Самарқанд] вилоят прокуратураларига ариза билан мурожаат қилганмисиз?

Жабрланувчи: Йўқ.

Адвокат: Фарзандингизни суд-тиббий экспертизасидан ўтказмабсизлар.

Жабрланувчи: Ҳа, рухсат бермадим. Ўзи бир ҳафта, 10 кун азоб егани етади.

Шундан сўнг «Док-1 Макс» сиропининг ишлаб чиқарувчи хорижий ширкатнинг Ўзбекистондаги дилери, Quramax Medical МЧЖ директори, судланувчи С.Р.П.нинг адвокати Даврон Аҳмадов беморларни ожиз аҳволда қолдириб, ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашиши оқибатида уларнинг ўлимига сабаб бўлган тиббиёт ходимлари масаласига эътибор қаратишни сўраб судьяга мурожаат қилди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли раислик қилувчи, кўп жабрланувчиларда эшитганларим асосида бир илтимос қилмоқчи эдим. Айнан тиббиёт ходимларининг ҳаракатсизлиги, беморларни ожиз аҳволга қолдириши, мансабни суиистеъмол қилиши ва совуққонлик билан ёндашиши болаларнинг ўлимига сабаб бўлгани тўғрисида тергов органига маълумот беришингизни ва хусусий ажрим чиқаришингизни сўрайман.

Судья: Томонларга тушунарли бўлиши учун [қайтараман]. Болаларнинг ўлимида шифокорларнинг ҳам айби борлиги айтилиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш бўйича тергов органларига хабарнома юбориш сўраляпти. Марҳамат, прокурор, фикрингиз.

Прокурор: Алоҳида иш юритиш ҳақидаги жиноят ишида қарор мавжуд. Тергов ҳаракатлари олиб бориляпти. Қўшимча хабарнома юбориш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайман. Қолаверса, адвокатда ўзи томонидан тергов органига мурожаат қилиш ҳуқуқи бор. Рад қилишингизни сўрайман.

Шундан сўнг судья барча адвокатлар, судланувчилар, жабрланувчиларнинг қонуний вакилларидан адвокат Даврон Аҳмадовнинг илтимосномасини маъқуллаш ёки рад этиш ҳақидаги фикрини сўради. Уларнинг бир қанчаси илтимосномани маъқуллашини, яна бир қисми эса суд ҳукмига ҳавола қилишини билдирди.

Судланувчилардан бири: Илтимосномани тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда қўшимча қилмоқчиман. Адашмасам, бу ишда фақат ногирон бўлиб қолган болалар бўйича дейилди. Мен айнан вафот этган болаларга лоқайд ёндашган деб нафақат поликлиника ва касалхонадаги бир-икки врачларни, балки ҳар бир шифохонани керакли воситалар билан таъминламаган Соғлиқни сақлаш вазирлигини ҳам шу ишда кўриб чиқиш керак деб ўйлайман.

Судья: Суд иши кўрилиши жараёнида бошқа шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломати борлиги аниқланган тақдирда, суд бу масалани иш бўйича якуний қарор қабул қилиш жараёнида маслаҳат уйида ҳал қилади, деб белгиланган. Шунинг учун ҳозир илтимосномани қабул қилиб, жиноят иши ҳужжатларига қўшдик. Ва суд якуний қарор қабул қилаётган вақтда илтимоснома важларини муҳокама қилишини маълум қиламиз.

Биз жабрланувчилардан беморлар билан боғлиқ турли ҳолатлар, ҳатто исм-фамилиясини алмаштириб қўйиб, бошқа бўлимларга ётқизиш ҳолатларигача эшитдик. Фақат ҳозирдан қарор қабул қилиб, олдиндан хулоса чиқаришга қонун йўл қўймайди, тўғри қабул қиласиз. Бунга ваколатимиз йўқ. Шу сабаб илтимосномани иш ҳужжатларига қўшиб қўйдик.

Жабрланувчи Садоқат Абдуқундузова кўрсатмаси

Жабрланувчи Садоқат Абдуқундузова 1993 йил Наманган вилояти Чуст туманида туғилган. Унинг 2019 йил 3 октябрда туғилган фарзанди — Мадинабону Ўктамалиева 2022 йил 13 декабрга шамоллашдан тузалиш учун дори воситасини қабул қилгач, аҳволи оғирлашиб, 2023 йилнинг 19 январида вафот этган. Марҳума жабрланувчи Садоқат Абдуқундузованинг 2022 йил августида вафот этган турмуш ўртоғидан қолган ягона ёдгори бўлган.

Кўрсатмадан олдинги шахсга оид қисқа савол-жавобдан:

Судья: Оилангиз бор-а?

Жабрланувчи: Йўқ.

Судья: Билишим бўйича [қизингиз] [марҳум] турмуш ўртоғингиздан қолган ягона фарзандингиз эди-а?

Жабрланувчи: Ҳа.

Судья: Тушунарли, сабрли бўлинг. Оила қурдингизми, йўқми?

Жабрланувчи: Йўқ.

Судья: Ота-онанинг билан яшайсизми?

Жабрланувчи: Йўқ, ўзим ёлғиз яшайман.

Судья: Ота-онангиз борми?

Жабрланувчи: Ҳа.

Фарзандим Мадинабону Ўктамалиева 2019 йилнинг 3 октябрида туғилган. 2022 йил 10 декабрда овози ўзгариб, томоғи оғриганидан шикоят қилди. 13 декабрь куни дорихонага чиқиб, «АЦЦ» таблеткасини сўрасам, у таблетка қолмаганини айтишди. Ўрнига бирорта дори тавсия қилишларини сўрагандим, «Док-1 Макс»ни беришди. Уйга олиб келиб йўриқномасида ёзилгандек икки маҳалдан, 2,5 миллиграммдан ичирдим.

Янги уйга кўчган пайтларимиз бўлгани учун ўша кунлари боламни боғчага бергандим. Биринчи кун ҳеч нарса бўлмади. Иккинчи кун сийдигида қизариш пайдо бўлди. Боғчасига телефон қилсам, «Болангиз овқат емай, фақат қизилча салат еди», дейишди. Сийдик қизаришини шу салатдан бўлса керак деб, педиатр бўлиб ишлайдиган қайнонамга телефон қилиб вазиятни айтсам, «бўлиши мумкин», дедилар. Учинчи куни соат 12:00 ларда боғчадан телефон қилиб: «Болангиз қайт қилиб, фақат ётяпти. Ҳеч ким билан ўйнамаяпти», дейишди.

Боғчадан олиб чиқиб, «Эҳтимол, ошқозони бузилгандир», деб 16:00 ларда Чуст туман тез тиббий ёрдамига олиб бориб ошқозонини ювдириб келдим. Лекин қайт қилиши тўхтамади. Сув берсам ҳам қайт қилиб ташлайверди. Орада шанба-якшанбага тўғри келиб қолди. Қайнонамни чақирдим. «Сувсизланиб қолган, шунинг учун кам сийяпти», дедилар. Болада шиш пайдо бўлди. Болам уч ёшдан ўтиб қолганига, бемалол гапира оларди. Якшанба куни: «Ойижон, сийишни билмаяпман», деди.

19 декабрь, душанбада хусусий клиникадаги УЗИга олиб бордим. Буйрагининг ранги ўзгаргани, очармаётгани, қон айланмаётганини айтишди. Кейин қайнонам билан Наманган шошилинч тез тиббий ёрдамга олиб бордик. Неча кундан бери сиймаётганини сўрашди. Ҳисоблашим бўйича иккинчи кун сиймаётган эди. Ўша куни болалар реанимациясига олиб, ҳамма таҳлилларни қилишди. Мочевина даражаси жуда кўтарилиб кетган экан. Биз соат 14:30 ларда етиб борган бўлсак, 15:30 ларда боламни гемодиализга олишди.

Шу билан болам 22 декабргача фақат қайт қилди, ўзгариш бўлмади. Ўша куни «Док-1 Макс»дан заҳарланиш ҳолатлари бўлгани ҳақида хабар чиқди. 24 декабрда оғирлашди, «Кўзим оғрияпти», деб шикоятни қилди. Шу куни 16:00 ларда комага тушди. Шу аҳволида 29 кун диализ олдик. Ўртада бир кун мочевинамиз яхши чиққанига олмаган эдик. 17 январь куни боламнинг терисининг тагида тошмалар пайдо бўлиб, майда томирлари, яъни тромбоцитлари ёрилганини аниқлашди. 18 январь куни охирги диализимизни олган эканмиз.

Шунча ҳаракат бўлганига қарамай, 19 январь кечки соат бирларда боламнинг жони узилди.

Судья: Дорини неча кун ичирдингиз?

Жабрланувчи: Учинчи кун эрталаб ҳам ичирганман. Кейин қайт қилаётганини эшитиб тўхтатганман. Жами беш марта ичирганман.

Судья: Дорининг қолганини нима қилдингиз?

Жабрланувчи: 24−25 декабрь кунлари прокуратурадан келишган экан, биз касалхонадан эдик, уйдагилар бериб юборишган.

Судья: Турмуш ўртоғингиз қачон оламдан ўтганлар?

Жабрланувчи: 2021 йил 11 августида, коронавирус сабаб.

Прокурор: Судланувчиларга даъвойингиз борми?

Жабрланувчи: Судга ҳавола қиламан. Ўша доридан заҳарланганини билдик (йиғлаб юборади — таҳр.). Боламнинг касалхонада бир ой чеккан азоблари, бир қулоғидан оққан қонли йирингларини кўрганим, комага кетаётган кунида «Болам, қаеринг оғрияпти», деб сўраганимда «Ойижон, ҳеч қаерим оғримаяпти. Фақат бағрингизга босинг», деб жавоблари ҳамон эсимда. Ҳаммасини [жабрланувчиларнинг] виждони, судга ҳавола қиламану, лекин у (яна йиғлаб юборади — таҳр.) менинг эримдан қолган ягона ёдгорим эди. Майли, ҳамманинг боласи ўзига азизу, мен қизимни осонликча катта қилаётганим йўқ эди.

Прокурор: Моддий даъвойингиз борми?

Жабрланувчи: Моддий эмас, маънавий тарафдан сўрайман. Ҳеч қандай моддий нарса маънавий зарарни қоплай олмайди. Уни ўзим ёлғиз катта қилиб, у билан ёлғиз яшаган эдим. Ўша руҳий тушкунликдан ҳалигача чиқа олганим йўқ.

Прокурор: Миқдорини ҳам айтолмайсиз-а?

Жабрланувчи: Йўқ.

Адвокатлардан бири: Дорини қаердан олгандингиз?

Жабрланувчи: Чуст туманидаги «555» дорихонасидан.

Адвокат: Қолгани ҳозир қаерда?

Жабрланувчи: 24-куни болам комага тушган бўлса, 25-куни соат тўққизларда прокуратурадан келиб олиб кетишган.

Адвокат: Терговга бергансиз-а?

Жабрланувчи: Берганман.

Адвокат: Сиз дорини олган дорихонани прокуратура ходимлари текширганидан хабарингиз борми?

Жабрланувчи: Ҳа. Тергов вақтида қайси дорихона эканлиги эсимдан чиқиб қолиб, «777» деб юборганман. 19 апрель куни қайта терговга чақиришганда «555» эканлигини айтганимда ўзим билан бирга бориб текшириб, улар билан суҳбат ўтказиб келишган.

Адвокат: Терговга топширганингизда [сироп идишининг] ичида дори қолган эдими ёки йўқми?

Жабрланувчи: Қолган. «Ўзи юз грамм бўлса, йигирма грамм ичиргансиз, саксон грамми қолган бўлиши керак», дейишган.

Жабрланувчи судга даъво аризасини тақдим этди.

Судья: [Ариза] ҳаммага ўқиб эшиттирилиши керак. Маънавий зарар учун 1 миллиард сўм сўралмоқда.

Жабрланувчи Мадина Тўлабоева кўрсатмаси

Жабрланувчи Мадина Тўлабоева 1991 йил Қарши шаҳрида туғилган. Мактабда ўқитувчилик қилади. Икки фарзандининг кенжаси — 2020 йил 26 апрелида туғилган Солиҳа Маҳманазарова 2022 йил ноябрь ойида шамоллашдан тузалиш учун дори ичиб, аҳволи оғирлашган ва вафот этган.

Жабрланувчи: Солиҳа овқатлардан бош тортадиган қиз эмас, сурункали касали ҳам йўқ, соғлом, касалликларни енгадиган қизалоқ эди. 2022 йилнинг ноябрь ойида грипп бўлгани учун ўзимизнинг поликлиникадан уч марта антибиотик олиб соғайтириб олгандим. Ўзим ишлаганим учун уни хусусий боғчага берганман. Ноябрнинг бошида боғчадан бир ҳафта қолдириб, гриппдан тузатдим-да яна чиқариб юбордим.

Боғчада йўтали яна қайталаниб қолди. Бу гал ҳам антибиотик олдирмай, сироп билан яхши қилиб олай деб, дорихонага бориб «Линкас» сиропини сўрадим. Авваллари иккала қизимга ҳам шу сиропдан ичирардим-да. Дорихоначи «Линкас» йўқлигини, ўрнига «Док-1 Макс» беришини айтди. Уни узоқдан таниганим учун маслаҳатига қулоқ солдим. «Яхшими?» десам, «яхши», дедим. «Ёш болага тўғри келадими?» десам, ёшини сўради. 2,5 ёш десам, «Бўлади», деди. Ўзимнинг ҳам йўталим бор эди, «Боламга қўшилиб ичсам ҳеч нарса қилмайдими?», деб сўрадим. «Йўқ», деди.

Уйга бориб, кичкина қизчамга 2,5 миллиграмдан уч маҳал берганман. Ўзим ҳам кечқурун бир маҳал, 1 қопқоқча ичганман. Биласиз, болалар шўх бўлгани учун бир-бирининг нарсаларига қизиқади. Катта қизим: «Бу ичяпти, мен ичмайманми?», деганига унининг ҳам тилига номигагина ялатганман.

Дори ичгандан кейин иссиғи тушди, уйда ўйнаб юрди (йиғлаб юборади — таҳр.). Бир «флакон»ни икки ярим кунда тугатдик. Кейин турмуш ўртоғимга: «Дадаси, шу яхши экан, дорихоначи Тамара опадан яна битта олиб келинг», дедим. Олиб келдилар. Ундан ҳам икки ярим миллиграмм, бир маҳалдан ичгандим. [Телеграмда] курсдошлар гуруҳимиз бор эди. Шу гуруҳга дугоналарим ["Док-1 Макс"]нинг расмини ташлаб: «Шу дорини берманглар, шунақа [хабар], биз шунақа кўриб қолдик», деб ёзишган экан. Ўзимизникини расмга туширдимда: «Мен бераётгандим-ку», деб ёзиб юбордим (яна йиғлаб юборади — таҳр.). Қизлар «ташла, ташла», дейишди.

Қизимни кўтардимда, ўзимизнинг поликлиникага бордим. Поликлиникадаги врач ҳам қариндошимиз бўлган. «Дўхтир, қизимнинг иссиғи чиқяпти деб „Док-1 Макс“ ичиргандим». У «Сен хато ўйлаяпсан. унақа нарсани хаёлингга келтирма. Шунчаки грипп болаларда шунақа ўтяпти. Антибиотик олса, тузалиб қолади», деди. Уч кун «цефтриакцион» ёзиб берди.

Қизим уйга келиб қусишни бошлади. Сув ичса ҳам, мева-чева еса ҳам қайтарарди. Бора-бора ҳеч нарса емай қўйди, пешоби камайиб кетди. Икки кун антибиотик олгандан кейин ҳолсизланиб, ўрнидан туролмайдиган, фақат ухлайдиган бўлиб қолди. Ётади, иссиғи чиқиб кетади.

Кейин яна бордим. «Дўхтир, бу ўзгармади, баттар бўляпти», десам, «Осма укол» оласан деди. Коронавирус пайтлари осма укол боланинг ўпкасига сув йиғади [деган гаплар чиққанди]. Шундан қўрқиб олдирмадим. «Бўлмаса, туман шифохонасига борасан», деди. Бордим, лекин болам билан овора бўлганим учун у ердаги дўхтирга «Док-1 Макс»ни ичирганимни айтиш эсимдан чиққан. Уч кунлик осма ёзиб беришди. Қизим биттасини олиб, иккинчисида йиғлагани учун кейингиларини ҳамшира ҳам қўёлмади.

Оёғи шишганини сезиб қолдим. Сийишдан ҳам тўхтаганди. Хўжайиним билан Қаршидаги хусусий касалхонага олиб бордик. Врачга «Док-1 Макс» ичирганимни айтсам, «Бу доридан ҳозир [заҳарли моддалар аниқланган, билмайсизми?]», деб қолди. «Йўқ», дедим. «Мен қабул қилмайман, болалар касалхонасига олиб боринг», деди.

Болалар касалхонасига бордик. Ўша ҳолат ҳали ҳам ёдимда: қўлимда бола турибди, болалар врачи:"Мен қабул қилмайман, буни тез ёрдамга олиб борасан", деди (яна йиғлаб юборади — таҳр.). Тез ёрдам эшигидан киришим билан «„Док-1 Макс“ ичирганман, ёрдам беринглар», деб бақирганимни биламан, бирдан УЗИга олиб кириб кетишди.

«Иккала буйраги ҳам ишламаяпти», деган хулоса берилди. Битта дўхтир «Даволайман», деса, биттаси «Бизда катталар учун диализ бор, кичкиналарга йўқ. Буни ё Самарқанд, ёки Тошкент олиб кетасиз», деди. «Мен бола кўтариб у эшикдан бу эшикка юрмайман. Машина билан врач берасиз, ўзлари жойлаштиришади», дедим. Кундузи 14:00 ларда «детский»га борган бўлсам, кечки 19:00 дан ўтиб, «Тўлов қилсанг, олиб бориб қўяди», деб тез ёрдам машинаси беришди, битта врач ҳам бор эди.

Бизни Тошкентдаги 16-касалхонага жойлаштириб кетишди. Бирданига катетер қўйди, бошқа бўлди, бола беш кунда комага тушди. Врачлардан «яхшими?», деб сўрасам (яна йиғлаб юборади — таҳр.), «Қизинг яхши бўлса, реанимацияда ётмайсан», дейишди. Шу билан 29 ноябрда қизим ҳалок бўлди, олиб кетдик.

Менинг нима айбим бор? (йиғлайди — таҳр.). Менинг фарзандимни ҳам бошқа болалар каби ўйнашга, юришга ҳаққи бор эди-ку. Агар бирор касал бўлиб ёки тузалмайдиган сурункали касал бўлса, одам таслим бўларди. «Яна шуни антибиотик олдириб қийнамай», деб бир сироп олган куним шу бўлдими? Кимга қандай билмайман, лекин мен ҳам шу қизим қатори гўрга кирган оналардан биттасиман. Уйимдаги қизим учун яшаб юрибман (яна йиғлашда давом этади — таҳр.).

Судья: Мадинахон, сабрли бўлинг. Бошқа ичганларга, ўзингизга ножўя таъсири бўлмадими?

Жабрланувчи: Ўзим 29-куни кечқурун иккиларда уйга келганман. Ўзимга нима бўлган, билмайман, мазам қочди. Уч кун антибиотик олиб ётдим.

Судья: Ўзингизга қанча, қизингизга қанча [миқдор]дан бўляпти шунда?

Жабрланувчи: Мен қопқоқчани деярли тўлдириб бир маҳал ичганман, қизимга эса ўша қопқоқчанинг тўртдан бирини икки маҳалдан берганман. Қизимни [мактабда] дарсим кўп пайтлар боғчага берардим, қолган вақт ёнимда ўтирарди.

Судья: Сиз 10 грамм ичган бўлсангиз, яна 90 грами қоляпти. Шу 90 грамни фарзандингиз ичганми?

Жабрланувчи: Ичган. Иккинчи «флакон»да бир мартагина бердим. Қизимнинг вафотидан кейин қутининг ичида қолганини тўкиб, ўчоқ-тандирда ёқиб юбордим. Биринчисининг идишини тугаган маҳалда ёқиб юборгандим.

Прокурор: Биринчи [идишдаги сиропни] бериш давомида қизингизда ҳолсизланиш, қусиш ҳолатлари кузатилмаган-а?

Жабрланувчи: Биринчисини тугатганимдан кейин бошланди. Иссиғи тушгани учун мен [шу дори] иссиғини туширяпти деб хурсанд бўлгандим.

Прокурор: Кимга нисбатан қанақа даъвойингиз бор?

Жабрланувчи: Жиноятчиларга оғирроқ эмас, оғир жазо беришларингизни хоҳлайман (яна йиғлаб юборади — таҳр.). Бизнинг мана бу еримиздаги яра тузалмайди, ўзимиз билан кетади. Уларда ҳам фарзанд бор-ку.

Судья: Сабрли бўлинг, синглим. Моддий даъво сўраляпти, моддий даъво айтасизми?

Жабрланувчи: Моддий даъвом қанақа? Шунча [вақт] бўляпти-да, шуларнинг фарзандлари шунақа бўлса, улардан ҳам шунақа сўраладими? Ҳамма нарсам бор, шукур.

Суд: Демак, даъвойингиз йўқ, оғир жазо берилишини хоҳлайсиз.

Жабрланувчи: Оғир эмас, оғирроқ жазо берилишини хоҳлайман. Бошидан ўтмаган, тушунмайди. Ҳис қилишларини хоҳлайман.

Адвокатлардан бири: Шунда биринчи идишни неча кун беряпсиз?

Жабрланувчи: 19, 20, 21 ноябрда ичган.

Адвокат: Агар 10 миллиграмини ўзингиз ичган бўлсангиз, фарзандингизга уч кунда 90 миллиграмни беряпсизда. Тўқсонни икки яримга бўлсак, 36 чиқяпти. Уни учга бўлсак, 12 чиқяпти. Битта болага 12 кунда етадиган дозани сиз уч кунда бергансиз-да.

Жабрланувчи: Катта қизим ҳам синглиси билан бирга оз-оздан бўлса ҳам ичган. Ўзим кичкинаси билан юрганда, онамга уни ҳам текширтиришларини айтганман. Кейин ҳам уни рўйхатга олиб, ўзимизда текшириб туришди. Ҳозир яхши. Асоратлари сезилмади. 7 ёш, яқинда биринчи синфга чиқди.

Жабрланувчи Ситора Бекмирзаева кўрсатмаси

Жабрланувчи Ситора Бекмирзаева 1995 йил Тошкент вилояти Оҳангарон туманида туғилган. Ҳозирда Олмалиқ шаҳрида яшайди. Унинг 2021 йил 18 октябрда туғилган ўғли — Одилбек Бекмирзаев 2022 йил ноябрининг охирларида шамоллашдан тузалиш учун дорилар қабул қилиб, аҳволи оғирлашади ва 23 декабрда вафот этади.

Жабрланувчи бутун кўрсатмасини кўзда ёш билан берди.

Жабрланувчи: Ўғлим Одилбек Бекмирзаев 2022 йилнинг 18 октябрида бир ёшга тўлганди. Ноябрнинг охирларида шамоллаш аломатлари сезилади. Катта тишлари чиқаётган маҳали эди, шундан деб ўйладим. Ҳали кичкина бўлгани учун ўзим [бирор муолажа] қилишга қўрқиб, Олмалиқ шаҳар болалар шифохонасига олиб чиқдим. 38−39 даражада иссиғи чиқаётганини билган дўхтирлар касалхонага ётишимизни айтди.

Душанба куни ётқизган бўлсак, пайшанбагача осма уколлар қўйди. Пайшанбада томоғини ЛОРга кўрсатишимизни айтишди. Касалхонанинг ичидаги ЛОРга олиб чиқдим. Томоғини кўрдида, «Йиринглаш бор, ювиб қўямиз. Ювгандан кейин дориларни ёзиб бераман шуларни ичирасиз», деди. «Док-1 Макс», чаканда (облепиха) ёғи, «Имудон» дориларини ёзиб берди. Бу вақт давомида ҳали ҳам касалхонада ётган эдик. Чиқиб, касалхонада тўғрисидаги дорихонадан олиб келдим. Бизга қараётган дўхтирга кириб, «ЛОР шуларни ёзиб берди», десам, «Беришни бошлайверинг», деди.

Орада осмалар, уколлар ҳам олаётган эди. Ўғлимиз аввал бунақа касал бўлмагани учун дорию сироплар ичмаганди-да, ичишни хоҳламади. Бу ёқдан «Уколлар ҳам оляпти-ку, бермасам ҳам бўлар», деган фикр хаёлимдан ўтдида, кейин «Йўқ, ЛОР томоғини ювгандан кейин даволашга деб айтди-ку» дедимда, шприцимга ўлчаб 1,5 миллиграмни оғзига қуйдим. Пайшанба куни эди. Икки маҳал бердиму, шу билан бошқа бермадим. Жума куни ҳам бермадим. Болам хоҳламади, сироп ютгиси келмади. «Шунча укол оляпти, яхши бўлиб кетар», дедим.

Жума куни уколларини олиб бўлгандан кейин ҳамширалар: «Касалхонани ҳашаротларга қарши дорилаймиз. Шанба-якшанбада уйларингизга бориб туринглар, ҳиди кетсин. Муолажалар вақтида келиб, уколларингизни олиб турасизлар, дориларини ҳам давом эттириб туринглар», дейишди. Кўчада қаттиқ қор. Дадасига телефон қилдим-да, «Совуқда баттар бўлмасин, олиб кетинг», дедим. Шу билан шанба-якшанба ҳам муолажаларини олиш учун касалхонага қатнадик. Сиропни 2 миллиграмга етар-етмас миқдорда яна бера бошладим.

Уйга келганимиздан ҳолсизланиб, аранг эмаклаб юрганди. Кейин гапирмай қўйди. Ҳолсизланганидан туролмай, ётиб қолди. У битта жойда ўтирадиган бола эмас эди-да. Қаерга ўтирғизсам, қаерда ётқизсам, қимирламайди. Ҳали сутдан чиқармагандим, иштаҳаси ҳам йўқолиб қолди. Кичкина бўлгани билан ҳожат учун тувакка ўтирарди, тувакни ҳам хоҳламай қолди. Одатда памперс ишлатмасам ҳам памперс тақиб қўйдим. Қарасам, сийдик билинар-билинмас, озгина чиққан.

Дадаси ишдан келганда: «Жуда ҳолсизланиб қолди. Яна дўхтирга олиб бормасак, бўлмайди», дедим. Душанба куни ўзимизнинг касалхонага олиб бордик. Кечки пайт реанимациядаги врач кўрди-да, дарров таҳлиллар олиб, турмуш ўртоғимни ўша таҳлилларни текширтиришга жўнатди. Натижалар чиққач, «Тошкентга, 16-шаҳар касалхонасига олиб боринглар. Болада буйрак етишмовчилиги бор», деди.

Ҳали доридан заҳарланиш ҳақида гап бўлмаган, декабрнинг бошларида эди. 11 декабрь тунида 16-касалхонага етиб келдик. Дўхтирлар кўрдида, ўша заҳоти реанимацияга олди. «Буйраги ишламаяпти, диализ қиламиз», дейишди. Кечки уч ярим-тўртлар чамаси биринчи диализини олди.

Уч-тўрт диализдан сўнг оз-оздан пешоб ажрала бошлади. Сийиб бошласа, яшаб кетади деган умид бор эди-да. Хурсанд бўлдик, умид пайдо бўлди. Тўртинчи-бешинчи диализлардан кейин ўсал бўлиб қолди! Дўхтирлар «Диализни кўтаролмаяпти», деди. Оз-оздан сийиб турганди, бешинчи диализдан кейин «Аппаратга олмасак, бўлмайди», дейишди. Аппаратга олди, комага тушди.

22 декабрь кечқурун «Энди бўлмайди, дадасини чақиринг», деди. 23 декабрь тунги соат иккигача болам ҳаёт учун курашди. Иккиларда жони узилди. Лекин кўзлари очиқ кетди. Шишиб кетганди, бир-икки кун допамин билан қон босимини ушлаб туришганди.

Судья: Неча маҳал ичиргансиз?

Жабрланувчи: Пайшанба куни икки марта ичирганман. Шу билан уйга келгандан кейин шанба, якшанба кунлари ҳам икки маҳалдан, 2 миллиграмга етар-етмас, шприцда ўлчаб берганман.

Судья: Дорининг қолгани нима бўлди?

Жабрланувчи: 11 декабрда келган бўлсак, биздан кейин ҳам кетма-кет шунақа беморлар кела бошлади. «Док-1 Макс»дан заҳарланиш бошланибди, деган хабарлар тарқади. Уйда олти ёшли қизим бор. Қўрққанимдан унинг ҳам томоғи оғриса, бериб қўйишмасин деб уйга ҳам телефон қилиб, «Уйдаги ҳамма дориларни ташлаб юборинг, бирорта доридан бўлиши мумкин экан», дедим. Дорилар шу вақт мобайнида ташлаб юборилган.

Прокурор: Судланувчиларга нисбатан даъвойингиз борми?

Жабрланувчи: Виждонига ҳавола. Ҳеч ким фарзандим демасин! Айбдорлар топилса, бундан кейин ҳам шунақа бўлмаслиги, биздан кейин ҳам ота-оналар фарзандини йўқотмаслиги учун ҳам энг олий жазони беринг, энг оғирини! Инсон учун энг оғир нарса — фарзандининг бир соат йўқлигини тасаввур қилиб яшаш. Айбдорлар ҳам шу нарсани ҳис қилсин (қаттиқроқ йиғлаб юборади — таҳр.).

Прокурор: Моддий-чи, моддий даъвойингиз борми?

Жабрланувчи: Қанча миқдорда бўлмасин, уларнинг берган пули фарзандимнинг бир кунлик қувончини, бир кунлик менинг ёнимдалигини қайтармайди. Фақат энг олий жазони сўрайман.

Адвокатлардан бири: Сизга бу дори ["Док-1 Макс"]ни ЛОР ёзиб берган-а?

Жабрланувчи: Ҳа. Аброр Исломов исмли ЛОР.

Адвокат: Ёзиб бераётганда фарзандингиз 1 ёш эканлигини билганми?

Жабрланувчи: Билган. Журналига рўйхатдан ўтказади, шунда ёши ҳам ёзилади.

Адвокат: Мабодо, ўзингиз йўриқномасини очиб кўрмаганмисиз?

Жабрланувчи: Йўқ. Чунки ЛОР ёзган, ундан кейин [бизни қабул қилган] шифокор, Фахриддин Бўрибоевичга олиб кирганимда, «Шу қоғоз бўйича беринг», деган. Врач ҳам тасдиқлаб бергандан кейин дорини беришни бошлаганман.

Судья: Кимда саволлар бор? (Жимлик — таҳр.). Ўтиришингиз мумкин. Худо сизга сабр берсин.

Жабрланувчи Муштарий Абдураҳмонова кўрсатмаси

Жабрланувчи Муштарий Абдураҳмонова 1997 йил Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилган. Ҳозирда Тошкент вилоятининг Бекобод туманида яшайди. Унинг 2019 йил 6 июнда туғилган ёлғиз фарзанди — Мирафзал Шералиев 2022 йил декабри бошларида шамоллашдан тузалиш учун дори ичиб, аҳволи оғирлашган ва вафот этган.

Кўрсатмадан олдинги шахсга оид қисқа савол-жавобдан:

Судья: Оилангиз борми?

Жабрланувчи: Йўқ.

Судья: Турмуш ўртоғингиз?

Жабрланувчи: Йўқ.

Судья: Ажрашганмисиз?

Жабрланувчи: Ҳа.

Судья: Фарзандингиз [вафотидан] олдинми, кейинми?

Жабрланувчи: Олдин.

Судья: Нечта фарзандингиз бор?

Жабрланувчи: Битта ўғлим бор эди.

Жабрланувчи: Ўғлим 2019 йил 6 июнда туғилган эди. 2022 йилнинг 3−4 декабрь кунлари шамоллаб қолди. Шу пайтда жиянимда ҳам шамоллаш аломатлари сезилди. Биргаликда поликлиникага олиб чиқдик. Шифокор иккисига ҳам бошқа-бошқа рецепт ёзиб берди. Дорихонага бордик. Рецептда ёзилган «Цинепар»нинг ўрнига «Док-1 Макс» беришди.

Бир кунгина бергандим. «Ичмайман, аччиқ», деганини биламан. Йўриқномада 3−5 ёш бўлса, икки миллиграмм бериш ҳақида ёзилган эди. Фарзандимга ҳар қандай дорини шприцда берардим. Ҳатто таблетка берсам ҳам эзиб, қайнаган сувга солиб, шприцда берардим. Ҳеч қачон ўлчамасдан дори бермаганман.

Доридан кейин қусди, ичи кетди, овқат ейишни тўхтатди, ҳолсизланиб ётиб қолди. Яна қайтиб поликлиникага бордик. Бизни олиб қолишди. Аввал юқумли касалликлар шифохонасига борасизлар дейишди. Қор, совуқлиги, қолаверса, у ернинг шароит яхшимаслигини билганим учун боришни хоҳламаслигимни, ўша ерда ўзлари қарашларини айтдим. Зафар шаҳарчасидаги асосий шифохонамиз шу эди-да.

Боришимиз шанба-якшанбага тўғри келган эди. Душанбагача бизга яхши қарашмади. Болалар бўлимининг каттароқ дўхтири — Суннатилла акани сўрадим. Улар ҳам дам олиш куни бўлгани учун келмади. Иссиғини тушириш учун натрий хлор билан осма қуйишди — ҳарна тушди.

Бош врач Салоҳиддин ака келишини кутдим. Улар ҳам келиб, комиссия билан овора бўлиб, бизни қабул қилмади. Баҳром ака деган врач қабул қилди. Сиймаётгани, овқат ҳам емай, ҳеч нарса қилмаётганини айтиб, «болага қарамаяпсизлар» дедим. «Балки сияётганини билмаётгандирсиз, памперс қўйинг», деди.

Катта болага памперс ишлатмаслигимни айтдим. «Таҳлил олишимиз керак, сийишини билайлик», дедилар. Майли, деб қўйдим. Барибир сиймади. «Пахта қўйиб қўйинг, сийганда памперс шимиб оляпти, сиз ҳис қилмаяпсиз», деди. Уни ҳам қилдим, барибир сиймади. УЗИ қилдиришимни сўради.

Касалхонанинг пастида давлатнинг УЗИси бор экан. У ёққа тушсам, навбат жудаям катта. Кутиб кирсам, «Иш вақтим тугади», деди. Кўчанинг бошидаги хусусий УЗИга олиб бордим. Нодир ака деган дўхтир текшириб, «Болангизнинг буйраги ишламаяпти. Нимага икки кундан бери касалхонада ўтирибсизлар», деди.

Ошқозон, умуман, ҳамма аъзоларини умумий УЗИ қилиб чиқди-да, «Буйраги ишламаётганига 100 фоиз жавоб бераман. Сиз ўзингиз экансиз, уйингиздагиларга телефон қиласизми, нима қилсангиз ҳам, тезда Тошкентга олиб кетинг», деди.

УЗИ хулосасини болалар врачи Салоҳиддин акага олиб бордим. Тушлик пайти эди. У бўлди, бу бўлди, ҳаммаси бир-бири билан маслаҳатлашадими-ей — тез-тез ҳаракат қилмаяпти-да, мен эса шошиб кетяпман. «Тез ёрдам қилиб берамиз, пулини берасиз», дейишди.

«Хўп, нима бўлса ҳам илтимос, асосий, яхши жойга жўнатинг. Боламга яхши қарашсин, нима сўраса, қилиб бераман», дедим (йиғлаб юборади — таҳр.). Кейин йўлланма ёзиб беришди. У ҳам 16-шаҳар касалхонасининг Қўйлиқдаги филиалида экан. Мен ҳам Тошкент шаҳрини юз фоиз билмайман, ҳатто бир ўзим мустақил ҳам юролмайман. Қолаверса, дўхтирга бунчалик кўп ишим тушмаган, диализ деган нарсага умуман тушунмасдим.

«Ўзимизнинг машинамиз бор», десак, «Йўқ бизнинг жавобгарлигимиз бор», деб битта врач ҳам қўшиб беришди. Буйраги ишламаётганини пешинда билган бўлсак, йўлга чиққунча шомдан ҳам ўтиб кетган эди. Биз тез ёрдам машинасида кетдик. Акам орқамиздан ўзларининг машиналарида кетдилар.

Берилган манзилга олиб боришди. Салоҳиддин ака «Сизни шу шифокор қабул қилади», деб телефон рақам ҳам берганди. Борсак, у рақам ўчиқ, бизни кутиб оладиган одамнинг ўзи йўқ. Ўша ердаги врачлар ҳам қабул қилмай, «Болалар миллий тиббиёт марказига боринглар, ўша ерда болалар диализи бор», дейишди. Нима қилишни билмаймиз.

Кейин «Дўхтирнинг вазифаси биринчи тез ёрдам кўрсатиш бўлганлиги учун мажбуран олиб қоламиз, лекин бу ёқда сизларни даволашнинг иложи йўқ, бизда диализ мавжуд эмас», деб киритишди-да, дарров реанимацияга олиб кириб кетишди. У ёқда бир ярим кун қолиб кетдик. «Қатиқ ичиришимиз учун бурнига тиқишга шланка керак», дейишди. Олиб келиб бердик.

[Тошкентдан] Алишер Тошматович деган одам ўша филиални текширишга борган экан. Шу дўхтирнинг олдига бориб, «Менга боламни кўрсатишмаяпти. Бир нима қилайлик», дедим (яна йиғлаб юборади — таҳр.). Улар телефон қилиб, 16-касалхонага жўнатишга рухсат олиб берди. Уёғда бизни реанимациянинг бош врачи Рустам ака қабул қилиб, назоратга олдилар. Бир ойдан кўпроқ ётдик.

Судья: Дорини неча марта ичирганман дедингиз?

Жабрланувчи: Икки мартача. 16-касалхонада кундан-кун болам каби беморлар сони кўпайиб, аппаратлар етмай қола бошлагани учун Эркин ака деган врач ҳамма ота-оналардан касаллик тарихи ва шифохонага келгунча қандай дори ичирганини сўраб чиқди. Доим касалхонага чиқсам, боламнинг картаси ўзим билан юради, дўхтир ёзиб берган қоғозчаларгача йиғиб юраман.

Картасини узатдим. Охирги ичирган дорим «Док-1 Макс» бўлганини айтдим. Эркин ака телефонларидан «Док-1 Макс»нинг расмини кўрсатиб, «Шу доридан берганмисизлар?», деб сўради. Битта палатада уч киши эдик, ҳаммамиз бирдан «ҳа» жавобини бердик. Кейин ҳамма ота-оналарга ичирган дориларини олиб келишлари, лабораторияда текшириб кўришлари ҳақида айтишди.

Акам Бекободга, уйимизга одам жўнатдилар. Олиб келишганда дўхтирларга бердик. Ичирган бўлсам, ҳаммаси бўлиб, беш грамдан сал ошиқроқ сироп ичиргандим. Дўхтир қўлимдан олиб, «Бу ҳали очилмаган, янги дорику», деб айтгани эсимда. «Йўқ, озгина ичирганман. «Коробка»сига эътибор беринг, мана бу еридан очилган. Мен ҳамма нарсамни қаттиқ беркитиб, музлатгичда сақлайман, сиропларга доим эътибор бераман», дедим.

Прокуратура ходимлари касалхонада сўроқ қилганида дўхтир ёзиб берган қоғозларни Қўйлиқдаги филиалда қабул учун рўйхатдан ўтказган ҳамшираларга берганимни айтгандим.

Судья: Сизга дорини қайси дорихона сотди?

Жабрланувчи: «Илғор» маҳалла фуқаролар йиғини 2-совхозда ўзи битта дорихона бор. Муҳаббат опа деган дорихоначи эди.

Прокурор: Кимга нисбатан қандай даъвойингиз бор?

Жабрланувчи: Бу ерда ким айбдор, ким айбдор эмас, билмадим. Лекин ўзидан-ўзи шунча болалар ўлиб кетмайди. Буёқда ўтирган инсонлар ҳам шу ишга ўзидан-ўзи вақтини ажратмайди. Ҳозир доридан эмас, бошқа нарсадан бўлиши мумкин деган фикрлар ҳам бўляпти. Лекин менинг болам ўлиб кетди, қабрда ётибди.

Қабр очилади, деган гаплар ҳам бўлди. Очилиши шартмаслигига ҳамманинг кўзи етиб турибди. Тирик қолган болаларнинг организмидан ҳам экспертиза ўтказиб ҳам билса бўлади-ку, тўғрими? Қабрни очишга қаршилик билдираман. Боламнинг шунча қийналгани етади.

Жони узилгандан кейин ўликхонага, экспертизага олиб киришларига қаршилик қилганман. «Барибир давлат даъвогар бўлади. Эртага бу нарса қабр очилишига олиб келади, қаршилик қилманг», дейишгани учун розилик бергандим. Сиз қонунни билувчи қозикалонсиз, ўзингиз ҳал қилинг.

Судья: Қабр очиш масаласи рад қилинган. Қабр очилмайди. Бошқа бунақа илтимоснома келтирилмади. Сиз даъвойингиз борми-йўқми деган масала бўйича [гапира оласизми?]

Жабрланувчи: Айбдорни топиб, қонунан қарор қабул қилишингизни сўрайман.

Судья: Жазо масаласидаги фикрингиз?

Жабрланувчи: Масалан, оддий диализни олсак. Соғлом одам бир кун диализ олса, бир ҳафта ҳолсизланиб юради. Менинг ўғлим 23 та диализ олди. Энди ўзингиз ўйланг, уларга қандай жазо бериш мумкин? 23 та диализга чидади, комага тушди, «кома-3»га тушган инсоннинг ундан чиқиши оғир. Менинг болам «кома-3»дан ҳам чиқиб берди. Ҳамма оғриқларига чидади. Бир кун чеккан дардини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Сизнинг ҳам фарзандларининг бор, ўзингиз ўйлаб кўринг. Менимча, буларга бир умрлик қамоқ жазоси ҳам етмайди.

Жабрланувчи Аъзамжон Нормуродов кўрсатмаси

Жабрланувчи Аъзамжон Нормуродов 1978 йил Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида туғилган. Қурувчи бўлиб ишлайди. Унинг 2021 йил 8 майда туғилган фарзанди — Шоҳруҳбек Жумаев 2022 йилнинг декабрида шамоллашдан тузалиш учун дорилар ичиб, аҳволи оғирлашган ва вафот этган.

Жабрланувчи: Ўғлим 2021 йил 8 майда туғилган. Томоғи оғриб, иссиғи чиқаётганди, тез ёрдам чақирдик. Биринчи мартада келмади, яна чақирсак, кейин келди. «Бола қизиб турибди, ҳозир укол уролмаймиз», деб ҳеч нарса қилмай кетди. Бола туролмай қолди. Кейин Қизириққа олиб келдик. Осма қўйди. Эртаси куни туман марказидаги дўхтир «Док-1 Макс» сиропини ёзиб берди. Олиб келиб, тўрт кун ичирдик. Инжиқлик қилиб томоғи оғриётгани учун осма укол ҳам олди.

Уч кунларча яхши юрди. Кейин тили куйиб кетгандек, ўйиб ташлагандек ёрилиб-ёрилиб кетди. Кейин дўхтир «сиз мазни суртмагансиз» деб аёлимни уришди. Лекин аёлим суртиб юрган эди. Шу мазни суртиш баробарида бола инжиқланиб, ҳеч нарса емай ҳам қўйганди. Яна тўрт кун шундай юрди. Аёлим: «Ўзгариш бўлмаяпти, яна дўхтирга кўрсатайлик», деди. Бешинчи кун аёлимга [бир дўхтир] келиб, «Шу дорининг ортидан Самарқандда 14−15 бола ўлибди, ичирманг» деб тайинлаб кетибди. Шундан бошлаб ичирмадик.

Дўхтирга олиб бориб, болани текширтирдик. Иккала буйрак тўхтаган, деди. Кейин тез ёрдам машинаси билан Термизга юборди. Реанимацияга олиб кириб кетишди. Дўхтир «Боланг оғир», деди. Укол-пукол, осма-посма қилди. Бола умуман сиймай қўйди. Уч кундан кейин болам вафот этди. Экспертизага олиб кетиб, кечқурун 20:00 ларда қўлимизга беришди. Дорининг ярмини ичирган эканмиз, қолганини топширдик.

Судья: Дори неча маҳал берилганини биласизми?

Жабрланувчи: Аёлим берган. Икки маҳалдан, тўрт кун ичирган, 5-кундан тўхтатган.

Судья: Яна фарзандли бўлдингиз-а?

Жабрланувчи: Ундан кейин бир қизли бўлдим. Тўққиз ойликка ўтди.

Прокурор: Нима даъвойингиз бор?

Жабрланувчи: Ўзларингизга ҳавола. Айби борнинг жазосини беринг.

Судья: Моддий зарар сўрайсизми, йўқми?

Жабрланувчи: Укам Таълим вазирлигида ишлайди. «Нима қиласан, кераги йўқ, фойдаси йўқ», деди.

Адвокатлардан бири: Боя қандайдир мазь суртилгани ҳақида айтдингиз.

Жабрланувчи: Ҳа, тилини яхши қилиш учун.

Адвокат: Шу мазнинг номи эсиздами?

Жабрланувчи: Йўқ, эслолмайман.

Адвокат: Уни ҳам шифокорлар ёзиб беришганми?

Жабрланувчи: Ҳа.

Бошқа адвокат: Аёлингизнинг кўрсатмаси бўйича, шифохонага биринчи марта борганингизда 400 миллиграммдан икки маҳал «Амброксол» уколи, уч маҳал, икки донадан томоққа сепиладиган «Аэрозоль» дориси, бир маҳал «Микрон» осма уколи ҳамда «Док-1 Макс» сиропини ёзиб беришган. Бир ёшару етти ойлик болага шунча дориларни врач ёзиб беряптими? Бола ўзи соғлом туғилганми, туғма касали бўлмаганми?

Жабрланувчи: Ҳа, дўхтир ёзиб берган. Болам муддатидан олдин, етти ойлик туғилган. Совуқ кунлар тез-тез грипп бўларди. Қизириқда бир ҳафта-бир ҳафта даволаниб келарди.

Адвокат: Нотўғри муолажалар ёзиб бергани бўйича шифокорлар устидан Қизириқ туман ёки Сурхондарё вилоят прокуратурасига мурожаат қилганмисиз?

Жабрланувчи: Йўқ. Энди барибир бўлар иш бўлиб бўлди.

Жабрланувчи Русланбек Назаров кўрсатмаси

Жабрланувчи Русланбек Назаров 1994 йил Сурхондарё вилояти Бандихон туманида туғилган. Унинг 2021 йил 23 июнда туғилган фарзанди — Азима Абдуллоева 2022 йилнинг ноябрида шамоллашдан тузалиш учун дори ичиб, аҳволи оғирлашган ва вафот этган.

Жабрланувчи: 2022 йил 14−15 ноябарларда қизимнинг тана ҳарорати кўтарилиб, мазаси бўлмай қолди. Жарқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимига олиб бордик. Улар антибиотик укол, «парацетамол-свеча», «Амброксол» сиропини ёзиб берди. Уколларни ўша куни сотиб олдим, сиропини кейинги кун олдим. Дорихонадан «Амброксол» сиропини сўраганимда 7 минг сўмга Ўзбекистонники борлигини айтди. Четники яхшироқ таъсир қилади деб, уч-тўрт дорихонадан излаб, Ҳиндистоннинг «Амброксол» сиропини олдим. Шундан бошлаб 4−5 кун, 19 ноябргача ичирдик.

Болада бирор ўзгариш бўлмади. 20 ноябрь куни эрталаб яна «температура» қилди. Педиатрга бордик. Иссиғини тушириш учун муолажа қилишди. Уйга келгунча ҳарорати тушди. Кейин мен кўчага чиқиб кетдим. Кечқурун уйга келсам, яна ҳолсиз ётган экан. Уйдагилардан нима бўлганини сўрасам, «Билмадим, касалхонадан келганидан кейин шундай ётибди», дейишди.

Яна болалар бўлимидаги педиатрга олиб бордик. Ўша куни кечқурун кетмаган экан. У кўриб, реанимациядан дўхтирларни чақирди. Боламни реанимацияга ўтказишди. Ўша жойда таҳлиллар топширишди. 20 ноябрь куни ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилди. Ўша куни уч соат мобайнида туман тез ёрдам бўлимида қолдик. Кейин Термиздаги шошилинч тиббий ёрдамга олиб бордик. У ерда уч кун — 21, 22, 23 ноябрларда даволанди.

Уч марта диализ олди. Сурхондарё вилоятида диализ қиладиган катталар нефрологи бор, болалар нефрологи йўқ экан. Кейин улар даволанишига қониқмай, суриштириб Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт маркази билан гаплашиб, 23 ноябрь куни кечки пайт ўзимнинг шахсий машинамда йўлга чиқдик. 24 ноябрь куни эрталаб келдик.

Бу ерда дўхтилар ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси билан қабул қилишди. Икки ёки уч кунми палатада бўлди. Кейин аҳволи оғирлашди. Умуман сиймади. 25−26 ноябрь кунлари реанимацияга тушди. Бир ойларча реанимацияда бўлди. Бу вақт давомида ҳар куни гемодиализ олди: муолажа кетидан муолажа.

25−26 декабрлардами кўзларини очиб бироз ўзига келди. Лекин барибир карахт, қўл-оёғи қимирламас эди. Палатага олишди. Барибир организм кучсизланиб қолган экан. Ўткир буйрак етишмовчилиги қайталаниб қолди. 3 ё 4 январларда болам қайта реанимацияга тушиб қолди. 9 январь куни жон берди.

Уйга олиб кетмоқчи бўлсам, мажбурий экспертиза тайинлашди. Экспертиза қилдирмайман деб бормаган жойим ҳам қолмади. Экспертиза ўтказилгач, 11 январь куни Тошкентдан уйга чиқиб кетганман.

Судья: Жами неча кун сироп ичган?

Жабрланувчи: Онаси ичирган-да, аниқ эслолмайман. Тўрт ёки беш кун.

Судья: Неча маҳалдан?

Жабрланувчи: Икки маҳал бўлиши керак.

Судья: Тергов жараёнида икки кун, уч маҳалдан ичирилган деган экансиз-да.

Жабрланувчи: Воқеаларга бир йил бўлди. Терговни 11 январь куни бергандим. У пайтда хотиним вилоятда, ҳомиладор эди. 2022 йил 17 декабрь куни фарзандли бўлдик. Бола билан бўлиб кела олгани йўқ. Саволларга у билан гаплашиб жавоб берганман. Ҳозир айтган саналаримда ҳам адашган бўлишим мумкин. Дори рецепт бўйича, йўриқномада кўрсатилгандек берилган.

23 ноябрь куни Термиздан Тошкентга йўлга чиқаётганда интернетдан ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги ҳақида излаб кўргандим. Сентябрь-октябрь ойларида Ҳиндистонда чиқарилган сиропларни ичиш оқибатида Индонезиядаги болалар орасида ҳам шунақа кўп ўлим ҳолати кузатилганини билдим. Уйда опамнинг болалари ҳам бор эди, болалар ичиб қўймасин деб огоҳлантиргандим, ташлаб юборишган.

Прокурор: Нима даъвойингиз бор?

Жабрланувчи: Айбдорларга қонуний жазо кўрилсин.

Прокурор: Зарар масаласида-чи?

Жабрланувчи: Моддий ва маънавий зарарга даъвойим бор. Икки ой мобайнида ишдан қолиб, Тошкентда даволатдик. Миқдорини судга ҳавола қиламан. Чунки фарзанднинг баҳоси йўқ-да.

Адвокатлардан бири: Сиз «Амброксол» дори воситасини ишлатдим дедингиз-а?

Жабрланувчи: Шундай. Ҳиндистонники.

Бошқа адвокат: Нимасига қараб Ҳиндистонники деяпсиз?

Жабрланувчи: Ўзим эслайман-да. Дорихонага кириб «Амброксол» сиропи кераклигини ва нархини сўрасам, 7 минг сўм дейишди. «Қаерники» десам, Ўзбекистонники деди. Ўзбекистонники яхши таъсир қилмайди деб, излаб-излаб…

Адвокат: «Амброксол»ми? Бошқа дори билан адаштирмаяпсизми?

Жабрланувчи: Йўқ, «Амброксол». Аниқ Ҳиндистонники. Эскпертизада «Амбронол» билан иккаласининг ҳам таркиби бир хил дейишганди-да.

Бошқа адвокат: Яна қандай дорилар ичиргансиз?

Жабрланувчи: Бошқа дори ичирмаганмиз. Цефтриакцион антибиотик олган, кейин «свеча», бошқа ҳеч қанақа сироп ичмаганди.

Адвокат: Бундай савол бераётганимнинг боиси, фарзандингизда ўтказилган суд-тиббий экспертизага кўра, унинг қони таркибида, органларида, буйрагида, бошқа аъзолари бирор [ёт модда], ҳатто акселерат тузлари ҳам аниқланмаган-да.

Жабрланувчи: Бир ой мобайнида гемодиализ олган одамнинг танасида ҳеч қандай заҳарли модда қолмаса керак-да.

Адвокат: Заҳарли модда қолмаса, соғайиб кетиши керак-да. Ҳар қанақа заҳарли модда организмда из қолдиради.

Адвокатлардан бири: Раислик қилувчи, жиноят иши материалларида яқин қариндошлари томонидан «Док-1 Макс» сиропи тақдим этилган экан-да. Экспертиза ўтказилган экан.

Жабрланувчи: Уйда нима бўлган билмадим. Терговни 11 январь куни берганман.

Бошқа адвокат: Ҳурматли раислик қилувчи, жабрланувчининг кўрсатмасидан келиб чиқиб, ихтиёрий судланувчи қуйидаги саволимга жавоб берса. «Амброксол» бу дори воситасининг фармацевтик номими ёки маҳсулотнинг номи?

Судланувчилардан бири: Савдо номи. Яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, жабрланувчи Ҳиндистоннинг «Амброксол»ини олдим деб айтяптилар. «Амброксол» Ҳиндистонда ишлаб чиқарилмаган. Балки адашаётгандирлар.

Бошқа судланувчи: «Амброксол» халқаро патентланмаган номи. «Амбронол»нинг таъсир этувчи моддаси, таркиби айнан «Амроксол»да ҳам бор. Врач рецепт ёзганда «Амброксол» деб ёзаверади, лекин бу ўринда шунақа таркибли исталган дорини қўллаш мумкин.

Судья: Демак, «Амбронол» ҳам «Амброксол» ҳисобланади. Шунақа демоқчимисиз?

Судланувчи: Ҳа, шунақа.

Жабрланувчи: Мен дорихонадан шундай олганман. Бу бўйича экспертиза хулосаси ҳам бор. Дорининг кўриниши қанақалигини ҳам эслолмайман.

Судья: Дорихонани-чи?

Жабрланувчи: Уни ҳам эслолмайман. Терговчилар борганда ҳам кўрсатиб беролмагандим. 3−4 та дорихонага бирин-кетиб кириб чиққандим. Қайси биридан олганимни эслолмайман.

Жабрланувчи Аббос Қиличев кўрсатмаси

Жабрланувчи Аббос Қиличов 1992 йил Сурхондарё вилояти Шеробод туманида туғилган. Унинг 2022 йил 14 февралда туғилган фарзанди — Аброр Аралов 2022 йилнинг декабрида шамоллашдан тузалиш учун дори ичиб, аҳволи оғирлашган ва вафот этган.

Кўрсатмадан олдинги шахсга оид қисқа савол-жавобдан:

Судья: Нечта фарзандингиз бор?

Жабрланувчи: Худо хоҳласа, энди яна кутяпмиз. Биринчи фарзандим вафот этди.

Жабрланувчи: 2022 йилнинг 19−28 декабрь кунларида боламда шамоллаш аломати кузатилган. Янгаларимиз аёлимга оддий «Амоксицилин» деган сиропдан олиб ичир дейишган экан. У дорихонага 20 декабрь куни «Амоксицилин» сўраб борган. Дорихоначи: «Ундан ҳам яхшиси бор, «Док-1 Макс»нинг таъсири яхшироқ», деб тавсия қилган. Аёлим ҳам содда, яхши бўлса керак-да, деб олган.

Икки ёки уч кун, уч маҳалдан ичирган. Ичирганининг иккинчи кунидан бошлаб, бола қайт қила бошлаган. Нимаданлигини билмай, тузалар деб яна ичирган. Учинчи кунгача ичирган. Шундан кейин бола дорини қабул қилмаган. Мен ўзим Тошкентда ишлаб юргандим, Шерободдаги хусусий клиникага олиб боришган. Улар болага «сариқ касал» деб ташхис қўйган. Биз эса бунга ишонмадик.

Кейин Термиз кўп тармоқли болалар поликлиникасига олиб боришган. У ерда болани икки кунларча сарсон қилишган. Тушунмаган, текширмаган. Бир дўхтирдан сўраса, «бизнинг касал эмас» деган, яна биридан сўраса, Шерободдаги дўхтирларнинг қоғозига таяниб, сариқ касалига текширтиришга олиб бориш кераклигини айтган. Сариққа олиб борса, «Бизга алоқаси йўқ», деб — шу тарзда икки кунлар сарсон қилган.

Кейин ўзим келишга мажбур бўлдим. Келишим арафаси «Док-1 Макс» ҳақидаги хабарларни эшитиб қолдим. Кейин аёлимдан: «Шунақа сироп ичирмаганмидинг?», деб сўрадим. «Ичиргандим», деди. Етиб бориб, врачлар билан гаплашдим, текширтириб кўрдик. Қонида заҳарли модда миқдори жудаям кўп экан.

Кейин дори-дармон қилишни бошлади, диализга буюрди. [Олдинги жабрланувчи] айтганидек, ёш болалар учун диализ аппарати йўқ экан… Эртаси куни хабарлар тарқагач, аппаратлар ҳам келиб қолди. Бир кун бир маҳал қўйишди. Эртаси соат 10:00 ларда яна олиши керак эди. Болам шунгача ҳам етиб бормай, вафот этди. Ўткир буйрак етишмовчилиги билан ўлим ташхиси қўйишди. Экспертиза ҳам қилишди.

Судья: Кейин тавсия қилган дорихонани топдингизми?

Жабрланувчи: Топдик. Терговчиларга ҳам кўрсатдик. Ўзлари гаплашиб олишган экан.

Прокурор: Судланувчиларга даъвойингиз борми?

Жабрланувчи: Суд ҳукмига ҳавола қиламан.

Прокурор: Моддий-маънавийчи?

Жабрланувчи: Қоплаб беришини сўрайман.

Прокурор: Қанча миқдорда?

Жабрланувчи: Ўзларингиз ҳал қиласизлар.

Адвокатлардан бири: Фарзандингиз дорини қабул қилаётган пайтда 10 ойликдан ўтар пайти бўлган экан-а? 10 ойлик чақалоққа шу дорини беришни врач тавсия қилдими?

Жабрланувчи: Врач тавсия қилмаган. Шунчаки аёлим дорихонага «Амоксициллин» олмоқчи бўлиб борган. Унинг ўрнига дорихоначи «Док-1 Макс»ни тавсия қилган. Аёлим ҳам олган.

Адвокат: Йўриқномасини ўқиб кўрмаганларми, хабарингиз борми?

Жабрланувчи: Йўқ, ўқиб кўрмаган. Айнан шу воқеа бўлгандан кейин ўзим ўқиб кўрдим, қарасам, 2 ёшгача мумкин эмас экан. Кейин терговчилар келганда дорини уларга бериб юбордим.

Бошимдан ўтганда ҳис қилганларимни айтмоқчиман. Дўхтирга деярли ишим тушмаган. Фарзандли бўлганимдан кейин, ўша воқеалар сабаб ишим тушди. Дўхтирлардан беморларни қабул қилиш жараёнида инсоннинг қадрига етишларини сўрайман. Имкони бўлса, шуларни назоратга олиш керак.

Бир ҳафта мобайнида шифохонада юрган бўлсам, булар бирорта болага давлат томонидан ажратилган дориларни бермаётганини кўрдим. Ким бўлса ҳам қоғозга ёзиб бериб, қўлига тутқазади-да, кўчадаги дорихонага чиқариб юборади. Буйракни ишлатиб юборишга мўлжалланган бир ранги сариқ дорини суриштирсам, арзимаган 25−50 минг сўм атрофида тураркан. Дорихоналарда эса 200−250 минг сўм атрофида сотяпти.

Таниш-билиш, пули бор-йўқлигини суриштирмасин-да, аввало оддий инсон сифатида қабул қилсин. Текширсин, ақли етмаса, бошқа жойга тавсия қилсин. Улардан тўғри ташхис қўйишларини сўрайман. Термиздаги болалар маркази, бемалол, ҳеч нарса бўлмагандек, «унга бор», «бунга бор», «у ҳужжатни тўлдир», «бу ҳужжатни тўлдир», дейишди. «Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор?» дейди-ку, худди ўшандай-да. Сал эътиборли бўлинглар.