Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги «Чилонзор Оқтепа» археологик ёдгорлиги яқинидаги ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Туман ҳокимлиги барча ишлар келишилган ҳолда олиб борилаётганини маълум қилди. Маданий мерос агентлиги эса, ўз навбатида, ёдгорликни ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, унинг атрофи 3D панжара билан ўралаётгани ҳақида хабар берди. «Газета.uz» вазиятни таҳлил қилишга уриниб кўрди.

Ижтимоий тармоқларда нима деб ёзишди?

«Чилонзор Оқтепа» яқинида олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳақида илк хабар 14 ноябрь куни «Голос Джельсомино» Telegram каналида пайдо бўлди. «Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган „Чилонзор Оқтепа“ археологик ёдгорлиги бутунлай вайрон бўлиш ва маиший чиқиндиларга тўлиш хавфи остида! Ёдгорлик ёнида тушунарсиз қурилиш кетмоқда — қурилаётган объектнинг паспорти йўқ! Қимматли тупроқ қурилиш майдонидан номаълум йўналишга қараб олиб кетилди», — деб ёзди блог муаллифи.

Муаллиф ўз постига қурилиш ишларининг фотосуратларини ҳам илова қилган, уларда девор билан ўраб олинган майдонда пойдевор учун асос тайёрланаётганини кўриш мумкин.

Кейинроқ архитектор Тимур Нурулин Facebook`даги саҳифасида ёдгорлик ёнидаги ер участкаси қурилиш учун берилгани ҳақида хабар берди.

«Афсуски, бугун биз ушбу ҳудуд ёдгорлик яқинидаги қурилиш учун берилганини кўрдик. Бундай объектлар учун темир қалқон вазифасини ўташи ва тегишли тузилмалар томонидан ҳимояланиши керак бўлган қўриқланувчи зоналар бузилди, — деб ёзди у. — Тошкентнинг археологик ёдгорликларини асраб-авайлаш масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолмоқда, чунки шаҳарда фаол қурилиши ишлари бўлмоқда. Лекин ернинг ҳар бир бўлагини ўйламасдан сотавериш мумкин эмас, бу аукцион эмас. Бу тарих, тарих эса бебаҳодир».

Ижтимоий тармоқларда, шунингдек, Шайхонтоҳур туманидаги «Катта Оқтепа» маҳалласи аҳолисининг шаҳар ҳокимиятига ёдгорлик яқинидаги ҳудудда қурилишни тўхтатиб, бунинг ўрнига дам олиш учун «яшил ҳудуд» ташкил этишни сўраб қилган мурожаати ҳам тарқалди.

«0,3 гектар майдондаги бу ҳудудни бизга беришингизни сўраймиз, биз уни ўз кучимиз билан катталар ва болалар дам оладиган гўзал яшил масканга айлантирамиз. Шу билан бир вақтда, сайёҳлар ва шаҳар меҳмонлари зиёрат қиладиган археологик обида олдида яшил бурчак яратиб, шаҳар магистралининг бир қисми ободонлаштирилади», — дейилади мурожаатда.

Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигининг жавоби

Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг 16 ноябрь куни берган хабарига кўра, Тошкент шаҳри Қурилиш бош бошқармаси 2021 йил 5 октябрда Darvoza Savdo компаниясига бу ҳудудда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш биноси қуришга рухсатнома берган.

Хабарда айтилишича, бош бошқарма Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги (200-сонли) қарорига асосан архитектура-режалаштириш топшириғини (АРТ, қурилишдан олдин олиниши керак бўлган норматив ҳужжатлардан бири — таҳр.) ишлаб чиққан ҳамда Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2023 йил 21 сентябрдаги хулосаси билан эскиз лойиҳа хужжатлари келишилган.

«Эскиз лойиҳа ҳужжатлари келишиш жараёнида Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳри маданий мерос бошқармасининг ҳулосаси ва Миллий археология марказининг кўрсатма хатида белгилаб ўтилган „Чилонзор Оқтепа“ археология объектининг муҳофаза ҳудуди инобатга олинган», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Маданий мерос агентлиги муносабати

Маданий мерос агентлиги ижтимоий тармоқлардаги хабарларга жавобан мазкур объектда агентликнинг ўз мутасаддилари, шаҳар Маданий мерос бошқармаси ва ОАВ вакиллари иштирокида «ўрганиш ишлари» олиб борилганини маълум қилди.

«Натижада археологик ёдгорлик атрофини 3D панжара билан ўраш ишлари олиб борилаётгани аниқланди ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан объектда ободонлаштириш ишлари ташкил этилиб, ҳудуд чиқиндилардан тозаланди», — дейилади хабарда. Баёнотда ёдгорлик яқинидаги ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Октябрь ойида «Газета.uz» «Чилонзор Оқтепа» ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги яна тўртта археологик ёдгорликда очиқ осмон остидаги музейлар ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилаётгани ҳақида ёзганди. Бунинг учун давлат бюджетидан 500 млн сўм маблағ ажратилган. Агентлик матбуот хизмати ишлар 2024 йил охиригача давом этишини маълум қилди.

«Ҳудуд ахлатхонага айланган»

«Газета.uz» мухбири Тошкент шаҳри Маданий мерос бошқармасига «Чилонзор Оқтепа» яқинида бўлаётган қурилиш масаласига ойдинлик киритишни сўраб мурожаат қилди. Бошқарманинг маълум қилишича, 2023 йил 20 апрель куни Makro савдо тармоғига эгалик қилувчи Darvoza Savdo компанияси агентлик ҳузуридаги илмий-экспертлик кенгашига савдо нуқтаси ва автотураргоҳ учун енгил конструкция қуриш бўйича таклиф лойиҳасини киритган.

Қурилиш бошланишидан аввал — 2023 йилнинг июнь-июль ойларида Фанлар академияси Миллий археология маркази мутахассислари The Tower FMG МЧЖ билан тузилган шартнома асосида (Нурафшон ва Чиғатой кўчалари чорраҳасида жойлашган Shahar Outlet савдо маркази лойиҳасини олиб боради) «Чилонзор Оқтепа» ёдгорлиги ҳудудида унинг муҳофаза зонасини аниқлаш мақсадида рекогносцировка археологик ишларини олиб борган.

Ҳудудда олиб борилган ишлар давомида VII-Х асрларга оид сопол идишларнинг бир нечта парчаси ва 10−13 метр масофада ёдгорликнинг қадимий маданий қатлами топилди, дейилади МАМ ҳисоботида (ҳужжат таҳририятда мавжуд). Буни инобатга олган ҳолда, ёдгорликнинг муҳофаза зонаси кенглиги 15 метрга атрофида қилиб белгиланган.

Ҳужжатда, шунингдек, ёдгорлик «ўзининг асл қиёфасини йўқотгани» ва унинг ҳудуди сўнгги 30 йил ичида «маҳалла аҳолиси учун чиқиндихонага айлангани» қайд этилган. Қурилиш ва маиший чиқиндилардан ташкил топган тупроқ қалинлиги 2−3 метр ҳисобланади.

Фото: Ҳисоботдан скринФото: Ҳисоботдан скрин

«Чилонзор Оқтепа» ёдгорлиги ҳақида нималар маълум?

«Чилонзор Оқтепа» манзилгоҳи — эрамизнинг VI—XII вв.а X-XI асрларига оид археологик объект. Ёдгорлик умумий майдони 60×75 квадрат метр бўлган қўшни аҳоли пункти қолдиқларини ҳам ўз ичига олувчи, тахминан 15 метр баландликдаги тепалик ҳисобланади. Муҳофаза қилинадиган ҳудуднинг умумий майдони 2850 квадрат метрни ташкил қилади.

Объект тўғрисидаги маълумотлар давлат кадастрларининг ягона тизимига киритилган бўлиб, у давлат мулки ҳисобланади. Ёдгорлик Тошкент шаҳри Маданий мерос бошқармаси балансида.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Чилонзор Оқтепа» маданий мерос объекти сифатида моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг миллий рўйхатига киритилган.