22 ноябрь куни Пекинда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И икки давлат ташқи ишлар вазирларининг биринчи стратегик мулоқотини ўтказди.

«Тадбир кун тартиби сиёсатдан иқтисодиётгача қатор соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини қамради. Олий даражада эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш, иқтисодий дипломатияни сезиларли натижалар билан бойитишга алоҳида эътибор қаратдик. Барча йўналишларда алоқаларимизни янада чуқурлаштириш учун зарур саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёрмиз», — деди Бахтиёр Саидов.

Ван И Хитой ва Ўзбекистон «муштарак тақдирга эга дўст қўшнилар» эканини таъкидлади, дея хабар бермоқда «Синьхуа». У ХХР Ўзбекистон билан биргаликда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги янги стратегик мулоқот платформасидан тўлиқ фойдаланишга тайёрлигини таъкидлади.

Иккала томон ҳам БМТ, ШҲТ ва бошқа тузилмалар доирасида мувофиқликни кучайтиришга, шунингдек, Хитой-Марказий Осиё механизмини қуришга кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

Бундан ташқари, вазирлар Фаластин-Исроил можаросини муҳокама қилди, дея қайд этади «Синьхуа».