Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Чилонзор туманини Хитой тажрибаси асосида, шу жумладан, янги ёндашувлар, инновацион ва «яшил технологиялар» ҳамда бошқарувда замонавий усулларни қўллаган ҳолда камбағалликдан чиқариш тўғрисидаги қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.

Ҳужжатга кўра, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш ва уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Chilonzor City замонавий турар жой мажмуасини қуриш режалаштирилган. Лойиҳани 2023−2024 йиллар давомида амалга ошириш учун ер участкаларининг чегараларига аниқлик киритиш, аниқ ҳисоб-китоблар асосида лойиҳа ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш таклиф этилмоқда.

Қурилишни молиялаштириш республика бюджети, ташаббускор маблағлар ва банк кредитлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

«Бунёдкор» стадионининг 5,5 гектар майдондаги автотураргоҳида эса яна бир Smart siti (номи ҳужжатга мувофиқ берилган) лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Ташаббус президент қарори билан тасдиқланган лойиҳалар рўйхатига ҳам киритилган.

Қиймати 2 триллион 304 миллиард сўм ёки қарийб 200 миллион долларга тенг бўлган мажмуа савдо маркази, меҳмонхона, бизнес маркази, IT марказ, кўп қаватли автотураргоҳ ва турар жой мажмуасини ўз ичига олади. Кўрсатилган молиялаштириш манбалари 400 млрд сўм ташаббускорларнинг ўз маблағлари ва 160 млн доллар хорижий инвестициялар ва кредитлардир. Белгиланган ишга тушириш санаси — 2025 йил 30 декабрь.

Лойиҳа ташаббускори 2019 йил 16 июлда рўйхатдан ўтган World Miral компаниялар гуруҳи ҳисобланади. Устав капитали — 8,15 млрд сўм. У бир вақтнинг ўзида бир нечта бизнес йўналишлари — ишлаб чиқариш (маиший кимё, антисептиклар, дезинфекциялаш воситалари), консалтинг, қайта ишлаш, ташқи реклама, экспорт ва импортни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, истиқболли IT лойиҳалар билан шуғулланади.

Таъсисчиси — Мираббос Фарходович Асланов. Компания сайтида унинг давлат идораларида ва йирик корхоналарни бошқариш тизимида тажрибаси борлиги қайд этилган. Orginfo.uz сайти маълумотларига кўра, у бир қатор компаниялар — Ali-Baraka-Fayz (сабзавот етиштириш), Diganokim Solutions (совун ва ювиш воситалари ишлаб чиқариш, тозалаш ва сайқаллаш воситалари), All4U-Tourism (туроператорлик фаолияти) ва бошқаларга эгалик қилади.

Умуман олганда, хизмат кўрсатиш соҳасида тақдим этилган 40 та лойиҳанинг 19 таси турар жой ва бизнес марказлари қурилишига тааллуқлидир. Улар Future Growth (устав капитали 380 млрд сўм), Greens Residences (238 млрд сўм), NRG Park (119 млрд сўм), Kinorica (107,1 млрд сўм), Long-Lived Buildings (60 млрд сўм), Shaxtaquruvchi (50 млрд сўм), Eriell Service (202,3 млрд сўм) компаниялари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган.