Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари бош вазир томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Бу ҳақда 21 ноябрь куни Ўзбекистон президенти билан учрашувда маълум бўлди.

Илгари Кадастр агентлиги Давлат солиқ қўмитаси таркибида бўлган даврда Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари, Давлат кадастр палатаси раиси ва унинг ўринбосарлари Кадастр агентлиги директорининг тақдимига биноан Давлат солиқ қўмитаси раисининг қарори билан лавозимга тайинланган ва лавозимидан озод этилган.

Бироқ 2022 йил охирида маъмурий ислоҳот доирасида Кадастр агентлиги Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига ўтказилди ва агентликнинг раҳбарлари вазир томонидан лавозимга тайинланган ва лавозимидан озод этилган.

Йиғилишда кадастр соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳам муҳим вазифалардан бири бўлиб қолаётгани ҳам таъкидланди. Ўзбекистонда 9 мингдан ортиқ мутахассис ишлайди, бироқ ушбу соҳа учун кадрлар тайёрлайдиган 10 та олий ўқув юртида ўқитиш сифати «замондан орқада».

«Уларда факультет ва кафедралар тушуниб-тушунмасдан очилгани, ўқув дастурлари ва таълим методикалари эскиргани айтилди. Шу боис, 10 та олийгоҳ ректорларига Кадастр агентлиги билан биргаликда келгуси йилда замонавий лабораториялар ташкил қилиш, янги ўқув адабиётлари ва хориждан малакали мутахассисларни олиб келишга кўрсатма берилди», — дейилади давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабарида.