Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Йиғилишда депутатлар йўл инфратузилмаси масаласига эътибор қаратди. Уларнинг фикрича, бугунги кунда Ўзбекистонда 14 863 та кўприк бор, шундан 32 фоизи, яъни 4834 таси қониқарсиз, 5−6 фоизи эса яроқсиз ҳолатда.

2023 йилда давлат раҳбари томонидан авария ҳолатидаги кўприкларни тиклаш бўйича алоҳида қарор қабул қилинган ва унда 2024 ва келгуси йилларда давлат бюджетидан зарур маблағларни ажратиш белгиланган. Бу бўйича алоҳида дастур қабул қилинган ва унда келгуси йилда 226 та кўприкни тиклаш кўрсатилган.

Қайд этилишича, 2024 йилги бюджетда 27 та эски кўприкни таъмирлашга пул ажратилиши белгиланган холос. Фракция аъзолари қолган кўприклар қайси маблағ ҳисобидан таъмирланади, деган савол билан мутасаддиларга мурожаат қилган.

Якунда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган.